Ватан ҳимоячилари кунига ўзига хос туҳфа

“Халқ билан армия – бир тану бир жон” номли янги журнал ташкил этилди

Президентимиз томонидан 2023 йил 14 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида ҳамда давлат раҳбаримизнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида бугунги сертаҳлика замонда юртимиз тинчлигини асраш, фарзандларимизнинг бахтли келажагини таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш борасида долзарб вазифалар белгиланган.    

Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси томонидан “Халқ билан армия – бир тану бир жон” номли янги журнал ташкил этилди ва ушбу нашрнинг биринчи сони босмадан чиқди.  

Журналнинг илк саҳифасида Президентимизнинг: “Барчамиз Ватан, халқ ва армия бир-бирига яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз. Бу борада армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият кўрсатаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда”, деган сўзлари келтирилган. Нашрнинг дастлабки сонида Ўзбекистон Республикаси давлат Мадҳияси матни чоп этилган.  

Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур илмий-амалий ва оммабоп журналда мамлакатимизда Мудофаа ва Қуролли Кучлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ёритилган.  

Журналнинг дастлабки саҳифаларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Миллий армия – маънавий армия” номли мақоласи эълон қилинган. Мақолада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Миллий армиямизни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида яратилаётган асарлар, нашр этилаётган китоблар ва уларнинг ҳарбий қисмларга беғараз ҳадя этилаётгани ҳақида кенг маълумот берилган. Мақола якунида севимли шоиримизнинг “Посбонлар” номли шеъри берилган.  

Журналда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларининг табриклари чоп этилган.  

Турли хил ижтимоий ва бадиий рукнларда берилган долзарб мавзулардаги мақолалар, шеърлар, ҳикматли сўзлар, ҳарбий соҳани ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ҳужжатли маълумотлар журнал мазмун-мундарижасини бойитган. Нашрнинг ўзига хос дизайни диққатга сазовордир.    

“Халқ билан армия – бир тану бир жон” номли янги журналнинг 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида нашр этилгани Ватан ҳимоячилари байрамига муносиб совға бўлди.  

Н. Усмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech