Миллий марказ – 2023 йилда: ахборот эркинлиги, очиқлик ва шаффофлик

“…Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Якунига етган 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини тарғиб этишга қаратилган 5 минг 272 та ахборот Миллий марказ расмий сайтининг “Марказ янгиликлари” рукнига жойлаштирилди. Ушбу ахборотлар Ўзбекистон теле-радио каналлари, газеталар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва веб-сайтларда эълон қилинди.

Бу ахборотларнинг муайян қисми инглиз ва рус тилларига ҳам таржима қилиниб, кенг тарқатилди. Шунингдек, мамлакат оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган инсон ҳуқуқларига тааллуқли материаллар сараланиб, мунтазам равишда Миллий марказ сайтининг “Ўзбекистон янгиликлари” рукнига жойлаштирилди.

Бундан ташқари, Миллий марказ сайтининг “Хориж янгиликлари” рукнига халқаро ташкилотлар расмий сайтлари ва хорижий ОАВнинг инсон ҳуқуқларига доир муҳим материаллари саралаб бериб борилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини 2023 йил давомида ёритишда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар тарғиботи алоҳида ўрин тутади. Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони ижроси доирасида ўтказилди.

Мамлакатимизда 1-10 декабрь – "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" деб эълон қилинди. Бу ташаббус доирасида ташкил этилган барча ҳуқуқий-маърифий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланди.

 Хусусан, 4 декабрь куни ўтказилган бир гуруҳ фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари – 16 нафар совриндорни 2023 йилда «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан таъсис этилган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони соҳадаги масъулиятли ишларга елкадош бўлаётган фидойи юртдошларимиз ва хорижий ҳамкорларни рағбатлантиришда ўзига хос ўрин тутади.

Мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида "Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида" танлови ўтказилди ва 1 декабрда унинг ғолиблари тақдирланди. Бу каби танловлар орқали ёш авлоднинг инсон ҳуқуқлари бўйича тушунча-тасаввурларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўн кунлик доирасида – 4 декабрь куни “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлди. Мазкур тадбирни ўтказишда  Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқилди.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" ҳамда "Янги Конституция ва инсон ҳуқуқлари" мавзуларида турли тадбирлар, жумладан умуммиллий дарслар, маънавият соатлари, очиқ дарслар ва “маҳорат дарслари” ўтказилди. Бундан мақсад ёшларга инсон ҳуқуқлари ва конституциявий ҳуқуқ ҳақида батафсил маълумот беришдир.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар” бурчаклари ташкил қилиниб, уларга зарур адабиётлар беғараз тақдим этилди. Ушбу ҳуқуқий-маърифий кўргазмалар ёрдамида аҳолига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд адабиётлар ва маълумотларни мунтазам етказиш кўзда тутилган.

 “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курсида иштирок этган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўқув курсларини ўтказишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар тақдим этилди. Бу тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини янада ривожлантириш, айни соҳадаги халқаро тажрибани изчил ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

"Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" давомида ўтказилган барча тадбирлар изчил ёритилди. Айни мавзуда ОАВда 47 та ахборот эълон қилинди.

Бу рақам фақат Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматининг айни тадбирларни ёритишга доир фаолиятига тааллуқлидир. Бинобарин, "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" доирасида турли вазирлик ва ташкилотлар, муассаса ва корхоналар томонидан кўплаб тадбирлар ўтказилган ҳамда тегишли тартибда ёритилган.

Бунга биргина мисол: Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва унинг тизимида "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" доирасида жами 498 та тадбир ўтказилган. Шундан 100 таси – кўргазма, 398 таси – турли хил анжуманлар бўлиб, уларнинг барчаси ҳақида ОАВда ахборот бериб борилган.

Бу борадаги бизнинг энг муҳим кўрсаткич: Тошкент шаҳрида 23 октябрда ўтказилган “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусида ўтказилган халқаро форум ОАВда кенг ёритилди. Шу биргина тадбир ҳақида жами 151 та материал эълон қилинди.

Миллий марказда 2023 йил 6-7 сентябрь кунлари “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро ва миллий механизмлар” мавзусида ўтказилган ўқув курси фаолиятини тарғиб этиш борасида Миллий марказ матбуот хизмати томонидан ўзбек, инглиз ва рус тилларида ахборот тайёрланди. Айни ахборотлар ОАВ сҳифаларида, шунингдек, Миллий марказнинг расмий сайти ҳамда Интернетдаги ижтимоий тармоқларида изчил ёритилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасидаги чора-тадбирлар ижроси ва мониторинги доимий эътибор марказида турибди. Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган учта Миллий ҳаракатлар режаси ижроси ҳам мониторинг қилиб борилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда:

  • «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги»;
  • “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида видеоконференция;
  • #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги;
  • “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси;
  • “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови;
  • кўплаб мулоқот ҳамда учрашувлар ўтказилди.

Вилоятларда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари, шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар идораларида жойлашган вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мониторинг тадбирлари ташкил этилди. Турли вазирлик ва идоралардан келган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари экспертизадан ўтказилди.

Миллий марказ вакиллари Нью-Йорк, Женева, Берлин, Пекин, Жидда, Вена, Скопье, Москва, Санкт-Петербург, Луанда Алмати, Остона шаҳарларида инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишлаб ўтказилган турли форумларда қатнашди. Миллий марказда 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу жараёнларнинг барчаси ҳақида жамоатчиликка ўз вақтида ахборот етказиб турилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий веб-саҳифасида янги таҳрирдаги Конституция, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари тарғиботи доирасида интервью, мақола ва шарҳлар мунтазам равишда эълон қилиб борилди.

Миллий марказ матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан турли расмий топшириқ ва кўрсатмалар, медиа-режа ва ҳисоботлар негизида фаол ҳамкорликни йўлга қўйган. Мисол учун, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни  кенг тарғиб қилиш борасида Агентлик Медиа-режасида кўрсатилган чора-тадбирлар ижросига оид ахборотлар, шунингдек, Марказ ходимларининг айни йўналишдаги мақола, интервью ва давра суҳбатлари изчил ёритилмоқда.

Яна бир муҳим далил: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан 2023 йил январь-декабрь ойлари давомида 241 та мақола, интервью ва кўрсатувлар тайёрланган. Шундан хорижий оммавий ахборот воситаларида 123 та материал эълон қилинган. 

Шундай қилиб, 2023 йил давомида Миллий марказ матбуот хизмати материалларини асосан Kun.uz, Gazeta.uz, XS.uz, Dunyo.info, UzA.uz, Yuz.uz, Darakchi.uz, UzDaily.uz, Nuz.uz, Kultura.uz, Newshub.uz, PLOV, Sharq-Press.uz, БРМ, CENTRAL-ASIA.NEWS каби оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатиш таъминланди.

Бундан ташқари “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, "Ишонч", “Халқ сўзи”, “Народное слово”, "Куч – адолатда", "Ҳуррият", "Постда" газеталари ҳамда МТРК телеканаллари ва нодавлат телеканаллар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилди. Миллий марказ фаолияти Ittehad Digital Network, embassylife.ru, Avesta.tj, INFOZAKON, Inform.kz, The Asia Today, SEE, ONENEWS.KZ. сингари бир қатор хорижий манбаларда изчил ёритилди.

 

Ғулом МИРЗАЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот хизмати раҳбари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech