Низомий Ганжавий номидаги “Барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт” тадқиқот марказида амалий мулоқот бўлиб ўтди

Мамлакатимиз делегацияси Боку шаҳрида 2024 йил 24 январь куни очилган “Озарбайжон Республикасида Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари” доирасидаги маданий-маърифий тадбирларда иштирок этмоқда.

Делегация раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 25 январь куни Озарбайжон Давлат иқтисодиёт университетининг Низомий Ганжавий номидаги “Барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт” тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Низомий Ганжавий номидаги “Барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт” тадқиқот маркази 2021 йил 16 июнда ташкил топган. Марказ таркиби Ижрочи директор, Кузатув кенгаши ва тадқиқотчилардан иборат. Кузатув кенгашида давлат оранлари, хусусий сектор, илмий доиралар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари жамланган.

“Барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт” тадқиқот маркази ўз фаолияти доирасида асосан бешта муҳим мақсадга эришишни кўзлайди. Бу ўринда, биринчидан, Озарбайжоннинг барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт соҳалари бўйича инсон капиталини ривожлантириш; иккинчидан, мамлакатнинг айни соҳалардаги илмий тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлаш; учинчидан, “бизнес-илмий тадқиқот-тараққиёт” формуласи асосида тегишли соҳаларга оид кашфиёт ва инновацияларни рағбатлантириш; тўртинчидан, давлат органлари билан хусусий сектор, илмий доиралар ва нодавлат ташкилотлар ўртасида барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш; бешинчидан, жамиятнинг бу борадаги хабардорлигини изчил ошириш масалалари ҳақида сўз бормоқда.

А. Саидов билан “Барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт” тадқиқот маркази раҳбарияти ўртасида самимий ва амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Низомий Ганжавий номидаги “Барқарор тараққиёт ва яшил иқтисодиёт” тадқиқот марказининг ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар келгусида Ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш ҳақида келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech