ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР ҲИМОЯСИ: ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ, МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК ВА АМАЛИЙ ТАЖРИБА

28 январь – Халқаро шахсга доир

маълумотларни ҳимоя қилиш куни

 

Бутун дунёда 2007 йилдан буён ҳар йили 28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни (Data Protection Day) сифатида нишонланади.

Айрим мамлакатларда у «Махфийлик куни» (Data Privacy Day) деган ном билан ҳам байрам қилинади. Мазкур сана Интернет тармоғидан фойдаланувчилар бу борадаги одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишлари виртуал ва реал ҳаёт хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашишини унутмасликлари учун таъсис этилган.

 

Ушбу халқаро сананинг тарихи ва аҳамияти

 

Айни кунни нишонлаш тўғрисидаги қарор Европа Кенгашининг Вазирлар қўмитаси томонидан 2006 йил 26 апрелда қабул қилинган. Бинобарин, у Европа Кенгашининг Шахсларни шахсга доир маълумотларига автоматлаштирилган тарзда ишлов берилиши муносабати билан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинган 1981 йил 28 январь кунига мувофиқ равишда танланган.

Мазкур Конвенция шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида мажбурият юклайдиган биринчи халқаро восита ҳисобланади. Унда, шахсий ҳаёт дахлсизлигини назарда тутган ҳолда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари белгилаб берилган. Шунингдек,  “шахсга доир маълумотлар” тушунчасига аниқлик киритилган.

Шахсга доир маълумотлар – инсон ҳақидаги ҳар қандай маълумотлардан иборат. Шахсга доир маълумотлар уч турга: биринчидан, умумий маълумотлар; иккинчидан, махсус маълумотлар; учинчидан, биометрик маълумотларга бўлинади.

Умумий маълумотлар қаторига инсоннинг исм-фамилияси, паспорти ва бошқа шахсий ҳужжатларидаги қайдлар, туғилган санаси ва жойи, e-mail манзили, яшаш, ўқиш ва ишлаш жойлари, оилавий, ижтимоий ва мулкий ҳолати, қаерда таълим олгани, қайси касб эгаси эканлиги, даромади қанчалиги каби маълумотлар киради.

Телефон рақамлари фақат эгасининг исм-фамилияси билан бирга қайд этилган ҳоллардагина шахсга доир маълумотлар тоифасига мансуб бўлади. Транспорт воситасининг давлат рақами, коммунал-тураржой хўжалигининг ҳисоб рақами кабилар эса шахсга доир маълумот ҳисобланмайди. Чунки улардан биринчиси – бевосита автомобилга тегишли бўлса, иккинчиси – уй-жойга тааллуқлидир.

Махсус маълумотлар деганда, шахснинг ирқий ва миллий мансублиги, сиёсий, диний ва фалсафий қарашлари, соғлигининг ҳолати, интим, яъни маиший ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар тушунилади.

Биометрик маълумотлар – инсоннинг шахсини аниқлаш имконини берадиган физиологик ва биологик хусусиятга эга шахсий маълумотлардир. Масалан, шахснинг ДНКси, овози, кўз қорачиғи, бармоқ излари, юз қиёфаси, бўйи, вазни билан боғлиқ маълумотлар шулар жумласига киради.

 

Шахсга доир маълумотлар: тушунча ва атамалар

 

Миллий қонунчилигимизда, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солишда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

амалий дастурий таъминот — аниқ предмет соҳаси бўйича муайян масалалар синфини ечишга мўлжалланган дастурлар мажмуасидир (Access, Oracle ва ҳоказо);

биометрик маълумотлар — субъектнинг анатомик ва физиологик ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар;

генетик маълумотлар — субъектнинг наслдан-наслга ўтган ёки орттирилган хусусиятларига тааллуқли бўлган, субъектнинг биологик қиёфасини таҳлил қилиш ёки муқобил ахборот олиш имконини берадиган бошқа элементни таҳлил қилиш натижаси бўлган шахсга доир маълумотлар;

махсус маълумотлар — ирқий ёки ижтимоий келиб чиқишга оид маълумотлар, сиёсий, диний ёки дунёқарашга оид эътиқодлар, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларига аъзолик тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек жисмоний ёки руҳий (психик) саломатликка тааллуқли маълумотлар, шахсий ҳаёт ва судланганлик тўғрисидаги маълумотлар шахсга доир махсус маълумотлардир;

тизимли дастурий таъминот — компьютернинг ва компьютер тармоқларининг ишини таъминловчи дастурлар мажмуаси (операцион тизимлар, драйверлар, утилиталар, архиваторлар ва бошқалар);

ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар — субъектнинг розилиги билан эркин фойдаланилиши мумкин бўлган ёки махфийликка риоя этишга доир талаблар татбиқ этилмайдиган маълумотлар.

маълумотларни электрон кўринишда сақлайдиган моддий жисмлар — мослашувчан магнит дисклар, оптик дисклар, қаттиқ (олинмайдиган) магнит дисклар, электрон хотирали дисклар (флэш), аутентификациянинг электрон воситалари (токенлар, планшетлар ва бошқалар);

моддий жисмлар — шахсга доир маълумотларни ташкил этувчи ахборот қайд этилган моддий жисмлар, шу жумладан ҳажмли жисмлар, шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар;

шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;

шахсга доир маълумотлар базаси (маълумотлар базаси) — таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;

шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;

шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;

шахсга доир маълумотларга ишлов бериш — шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш;

шахсга доир маълумотлар субъекти (субъект) — шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс;

қоғоз ёки пластмассадан иборат моддий жисмлар — қоғоз асосида чоп этилган матнли, график ва бошқа маълумотлар, пластик карталар ва бошқалар.

 

“Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш” нима дегани?

 

Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш шахсга доир маълумотларга нисбатан амалга ошириладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзида қамрайди. Шахсга доир маълумотларни: тўплаш; ёзиш; тизимлаштириш; жамғариш; сақлаш; аниқлаштириш – янгилаш ва ўзгартиришлар киритиш; кўчирма олиш; фойдаланиш; узатиш, яъни тарқатиш, тақдим этиш, танишиш имконини яратиш; шунингдек, шахссизлантириш; блоклаш; ўчириб ташлаш; йўқ қилиш шулар жумласидандир.

Мисол учун, иш берувчи ўз ходими билан меҳнат шартномасини тузиши асносида кадрлар бўлимида ўша ходимнинг шахсий ҳужжатларидан нусхалар жамланган “папка” юзага келади. Демак, иш берувчи шахсга доир маълумотларни тўплаш, ёзиш ва сақлаш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.

Иш берувчи ўз ходимининг ташриф қоғозига буюртма бериш учун унинг шахсга доир маълумотларини босмахонага юборди, дейлик. Бунда у шахсга доир маълумотларни узатган бўлади.

Яна бир мисол: сотувчи ўз харидорларига оид маълумотлар жамланган ҳужжатларни ёқиб юборар экан, шахсга доир маълумотларни йўқ қилади.

Ёки бўлмаса, сотувчи ва харидор Интернет орқали маҳсулот савдоси жараёнида сайт эгасига ўзларининг шахсга доир маълумотлари – исм-фамилия, манзил, почта ва телефон рақамларини тақдим этганига тўхталайлик. Бу маълумотлар ўша сайтнинг электрон хотирасида сақланади – демак, сайт эгаси шахсга доир маълумотларни йиғиш, ёзиш ва сақлаш билан шуғулланган бўлади.

Ушбу мисоллардан яна бир оддий ҳақиқат аён бўлмоқда. Яъни, шахсга доир маълумотлар нафақат қоғозда, балки электрон манбаларда ҳам сақланиши мумкин.

 

Халқаро ҳуқуқ ва Конституция нормалари

 

Халқаро шартномаларнинг аксариятида шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз ноқонуний йиғиш ёки ҳаммага ошкор қилиш ёхуд бу хабарларни жамоат олдида сўзга чиқишда, оммавий намойиш қилинувчи асарда ёки оммавий ахборот воситаларида тарқатиш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланишини кўзда тутадиган тегишли нормалар мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 12-моддасига мувофиқ: “Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас”.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида:

“Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар  ким  ёзишмалари,  телефон  орқали  сўзлашувлари,  почта,  электрон  ва  бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб  қилиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган.

Ушбу модда матнидаги айнан “инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги”, “шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш”, “ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш” ҳамда “ёзишмалар,  телефон  орқали  сўзлашувлар,  почта,  электрон  ва  бошқа хабарлар сир сақланиши ҳуқуқи”, “шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқи” деган иборалар замирида шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга оид конституциявий талаблар ўз мужассамини топган.

Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот асносида Асосий Қонунимизни инсон ҳуқуқларини, жумладан, шахсга доир маълумотларни янада кенг даражада ҳимоялайдиган нормалар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган ва референдумда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини, яъни ҳар бир жисмоний шахснинг ўзи ҳақидаги ахборот, шахсига доир маълумотлар, шахсига, аҳли оиласига оид хабарлар унинг розилигисиз ошкор этилмаслигини тўғридан-тўғри кафолатлайдиган янги конституциявий нормалар билан тўлдирилди.

Конституциявий ислоҳотлар туфайли инсон қадрини улуғлаш, аввало, ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, хусусан, шахсий ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, обрўси, ишчанлик даражаси, жамиятда тутган мавқеини юксалтириш ҳамда шахсга доир маълумотлар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган бундай конституциявий-ҳуқуқий саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳам, аҳамияти ҳам каттадир.

 

Шахсга доир маълумотлар ва миллий қонунчилик

 

Янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида миллий қонунчиликни ҳам такомиллаштириш жараёнлари аллақачон бошланиб кетди. Бинобарин, “Амалдаги қонунларимизда шахсга доир маълумотлар масаласи қай тахлит ўз аксини топган?”, деган савол туғилиши табиий.

Бу ўринда мамлакатимизда, биринчи навбатда, 2019 йил 1 октябрдан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун кучга кирганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Бу қонунга биноан:

“Шахсга доир маълумотлар жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади”[1].

Қонунинг айрим энг муҳим нормаларига тўхталамиз. Хусусан:

  • Ҳукумат ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган;
  • шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим;
  • давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди;
  • жисмоний шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Президенти 2021 йил 14 январь куни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Шу асосда амалдаги қонун «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсий маълумотларини қайта ишлашнинг алоҳида шартлари» номли 27-1-модда билан тўлдирилди.

Мазкур янги моддага кўра, “Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт”[2].

Қонуннинг 7-моддаси, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатларига тааллуқли нормалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 5 октябрда “Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор билан соҳага оид иккита муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланди. Булардан бири – “Шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш тўғрисидаги низом” бўлса, иккинчиси – “Биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талаблар тўғрисидаги низом”дир[3].

Биринчи Низом шахсга доир маълумотлар базаси мулкдор ва операторлари томонидан шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан келиб чиқиб, уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди. Унга кўра, “Шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш мулкдор ва (ёки) операторлар ёхуд улар масъул этиб белгилаган шахслар томонидан амалга оширилади”.

Иккинчи Низомда биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талаблар белгилаб берилган. Мазкур Низом талабига биноан, “Биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш мақсадида фойдаланиладиган ҳар қандай моддий жисмлар қонунчиликда белгиланган тартибда «махфий» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи билан белгиланиши лозим”.

Бунга қадар – 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлигига оид нормалар белгиланган. Хусусан: Шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлиги унинг ахборотдан эркин фойдаланиши зарур шароитлари ва кафолатларини яратиш, шахсий ҳаётига тааллуқли сирларини сақлаш, ахборот воситасида қонунга хилоф равишда руҳий таъсир кўрсатилишидан ҳимоя қилиш йўли билан таъминланади.

Жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар махфий ахборот тоифасига киради.

Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотдан уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказиш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.

Фуқаролар тўғрисида ахборот олувчи, бундай ахборотга эгалик қилувчи ҳамда ундан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу ахборотдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунда назарда тутилган тарзда жавобгар бўладилар.

Оммавий ахборот воситалари ахборот манбаини ёки тахаллусини қўйган муаллифни уларнинг розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Ахборот манбаи ёки муаллиф номи фақат суд қарори билан ошкор этилиши мумкин”[4].

 

Сунъий интеллектнинг шахсга доир маълумотлар дахлсизлигига таъсири қандай?

 

Кейинги йилларда сунъий интеллект технологияларининг янги авлоди дунёга келди. Айниқса, “дипфейк”, яъни нейротармоқлар ёрдамида тайёрланадиган ва аслиятдагидан деярли фарқлаб бўлмайдиган фото-, аудио- ва видеоматериаллар яратишга ҳамда овозни клонлаштиришга қодир ўта замонавий технология воситалари ўзининг такомиллашув чўққисига чиқди.

Яна бир эътиборли янгилик шуки, 2024 йил сунъий интеллект учун жуда муҳим йил бўлиши кутилмоқда. Чунки CHatGPTнинг янги версияси чиқарилади ва у янада кўпроқ турдаги маълумотларни яратишга қодир бўлади, деган башоратлар мавжуд.

Сунъий интеллект қандай оламшумул даражада ривожланаётган бўлса, ўз навбатида, уни тартибга солишга қаратилган чақириқлар ҳам шундай кўламда изчил ортаяпти. БМТнинг янги ташкил топган тузилмаси – Сунъий интеллект бўйича маслаҳатлашув органи айни шу масалалар билан шуғулланмоқда.

Маслаҳатлашув органи мутахассислари қайд этганларидек, БМТга аъзо давлатлар сунъий интеллект афзалликларини бир овоздан тан олган. Бунда ушбу соҳани ривожлантириш борасида глобал кўламда ортда қолиб кетмаслик ва сунъий интеллект инсонларга фойда келтиришини кафолатлаш зарурлигига эътибор қаратилгани,  шунингдек, сунъий интеллектни инновациялар ривожига тўсиқ бўлмайдиган ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқларига таҳдид солмайдиган тарзда тартибга солиш борасида якдил фикрга келингани жуда муҳим.

БМТ экспертларининг таъкидлашича, сунъий интеллект демократияни рағбатлантиришнинг энг муҳим воситасига айланиш имконига эга. Чунки у орқали инсоният асрлар давомида тўплаган беҳисоб билимлардан барча бирдек фойдалана олади.

Шу билан бирга, сунъий интеллектни танқид қилувчилар фикрича, айни соҳадаги технологиялар тараққиёти интернетдаги шусиз ҳам оғир вазият янада ёмонлашишига, яъни одамлар осонгина ишонадиган ғирт ёлғон ахборот ҳажмининг ҳаддан ортиқ кўпайишига олиб келади. Бунинг оқибатида жамоатчиликнинг янгиликлар ва ахборотга бўлган ишончига узил-кесил путур етади.

Мисол учун, яқинда Standart нашри тарқатган хабарга қараганда,  британиялик олимлар фойдаланувчиларни шахсий маълумотларни чат-ботлар билан алмашмасликка чақирган. Оксфорд университети (Буюк Британия) компьютер фанлари профессори Майкл Вулдрижнинг сўзларига кўра, CHatGPT каби чат-ботлар "жуда аниқ" бўлиб, фойдаланувчи сўраган сўровларни бажаради. Бунда бот келажакда бошқа фойдаланувчиларнинг сўровларига жавоб беришда истеъмолчиларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиши мумкин.

Шунинг учун М.Вулдриж чат-ботларнинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Унга кўра, тўпланган барча маълумотлар сақланади ва чат-ботнинг кейинги авлодига ўтказилади. Бунда тизимга тасодифан юкланган махфий маълумотларни ўчириб бўлмайди[5].

Ҳақиқатан ҳам, бугунги глобаллашув жараёнларида шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш ҳолатлари бот-бот кузатилмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари ёки баъзи бир блогерлар шахснинг обрўси, шаъни ва қадр-қимматини туширадиган ахборот тарқатганлиги учун суд олдида жавобгар бўлаётгани ҳам статистик маълумотларда кўриниб қолмоқда.

Бундай ҳолатлар нимадан далолат беради? Демак, 28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни ўтган 17 йиллик муддат ичида нафақат ўз аҳамиятини йўқотмаган, балки янада долзарблашиб бормоқда. Шундай экан, ҳар биримиз ушбу муҳим халқаро сананинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этишдек эзгу ишга имкон қадар ҳисса қўшайлик.

Ғулом МИРЗО

[1] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.07.2019 й., 03/19/547/3363-сон; 15.01.2021 й., 03/21/666/0032-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон.

[2] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.07.2019 й., 03/19/547/3363-сон; 15.01.2021 й., 03/21/666/0032-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон.

[3] Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.10.2022 й., 09/22/570/0900-сон.

[4] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 1-сон, 2-модда; 2015 й., 52-сон, 645-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон.

[5] https://kun.uz/news/2024/01/10/buyuk-britaniyalik-olimlar-chat-botlarning-xavfliligi-haqida-ogohlantirdilar

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech