Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчилик” мавзусида сайёр ўқув машғулоти ўтказилди. Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг магистратура босқичида таҳсил олаётган 20 нафар тингловчи иштирок этди.
Ушбу машғулот ҳуқуқшуносларни Миллий марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қимматини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Тингловчиларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва ҳурмат қилиш масаласи миллий қонунчилиқда қандай акс эттирилганлиги ҳақида маълумот берилди. Бунда, аввало, мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро стандартларни, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини қарор топтириш бўйича кенг кўламли ишлар давом этаётганлиги таъкидланди.
Сайёр ўқув машғулоти жараёнида Миллий марказ фаолиятининг ташкил этилиши билан боғлиқ муҳим маълумотлар тақдим этилди. Миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир тавсиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Миллий марказ билан прокуратура органларининг ҳамкорлиги хусусида сўз юритилди.
Хусусан, 2023 йил давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 4 та миллий маърузаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим қилинганлиги қайд этилди. БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинганлигига эътибор қаратилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси тингловчилари инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар.
Тадбир давомида тингловчилар инсон ҳуқуқлари бўйича тадқиқот ва фаоллик соҳасида етакчи мутахассислар бошчилигидаги бир қатор маҳорат дарслари, семинарлар ва интерфаол сессияларда фаол иштирок этди. Ўқв дастури уларга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчиликнинг барча жиҳатларини чуқур ўрганиш ва ушбу ҳуқуқий тамойилларнинг ҳаётга татбиқ қилиш юзасидан кўникмаларини ошириш учун ноёб имкониятни тақдим этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.01.2024
- Кўришлар: 2904
- Чоп этиш