Миллий марказ билан Миграция бўйича халқаро ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

31 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг Миграция бўйича халқаро ташкилот Минтақавий офисининг миграциявий ҳимоя ва ёрдам бўйича мутахассиси Х.Коменда билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Миграция бўйича халқаро ташкилот Минтақавий офисининг миграциявий ҳимоя ва ёрдам бўйича бўлими катта ёрдамчиси Ксения Рижкова ҳам иштирок этди.

Мулоқот аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва одам савдосига қарши курашиш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди. Миграция бўйича халқаро ташкилот ва унинг Минтақавий офиси билан сўнгги йилларда ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар самарадорлиги юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, Х.Коменда Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг 2024 йилда инсон ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга ошириши режалаштирилган лойиҳаларга тўхталди. Бу борадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар ўртасида 2024-2025 йилларда “Заиф қатламдаги мигрантларни ҳимоя қилиш масалалари” мавзусида семинар-тренинглар ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Бўлажак тадбир давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари учун ташкил этилиши муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, одам савдоси, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро шартномалар матнини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш, миграция ҳуқуқи бўйича ўқув модулини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Миллий марказда ўтказилган мазкур учрашув Х.Коменданинг жорий йил 28 январь – 3 февраль мобайнида Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди. Ташрифдан кўзланган мақсад заиф қатламдаги мигрантларни ҳимоя қилиш масалалари ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишдан иборатдир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech