Давлат дастури лойиҳаси – кенг жамоатчилик муҳокамасида

1 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов айни вақтда ушбу ҳужжат лойиҳаси мамлакатимиз кенг жамоатчилиги иштирокида қизғин муҳокама қилинаётганини таъкидлади. Бу муҳим демократик жараён инсон қадрияти, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ғояларига асосланган ҳамда "инсон – жамият – давлат" деган янги ривожланиш парадигмасига таянади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат БМТнинг “2030 йилги кун тартиби”га мос келади, айни чоғда  Барқарор ривожланиш бўйича Ўзбекистон миллий мақсад ва вазифаларининг барчасини тўлиқ қамраб олади. Ушбу Стратегиядаги 100 та устувор мақсад замирида халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини ривожлантириши учун имкониятлар яратиш, соғлом, билимли ва маънавий етук авлодни вояга етказиш, жаҳон ишлаб чиқаришининг муҳим бўғини бўлган, адолат ва қонун устуворлигини, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаётган қудратли иқтисодиётни шакллантириш, ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини юксалтиришга бўлган интилишлари мужассамдир.

Ўз навбатида, кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган Президент Фармони лойиҳаси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кўламдор ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга оширишга қаратилган. Лойиҳада халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарувни янада такомиллаштириш истиқболларига оид долзарб вазифалар ўз аксини топган.

Тадбирда Фармон лойиҳаси юзасидан бир қатор амалий таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Миллий марказ ходимлари ва илмий тадқиқотчилари таклифларини умумлаштириш тавсия этилди.

Шунингдек, бу борадаги фикр-мулоҳазаларни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) ва “Тараққиёт  стратегияси” марказининг махсус онлайн портали (uzbekistan2030.uz) орқали фаол билдириб бориш муҳимлигига эътибор қаратилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech