Акмал Саидов Доҳа шаҳрида Қатар парламенти Раиси билан учрашди

7 февраль куни Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Қатар давлати Шўро Кенгаши (парламенти) Раиси Ҳассан бин Абдулла ал-Ғоним билан учрашди.

Учрашувда, шунингдек, Қатар Шўро Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Аҳмад бин Хитми ал-Хитми ва парламентлараро дўстлик гуруҳининг барча аъзолари иштирок этди.

Учрашув бошида Ҳассан бин Абдулла ал-Ғоним Ўзбекистон делегациясига ташриф учун чуқур миннатдорчилик изҳор қилди. Давлатларимиз раҳбарларининг дўстона, яқин алоқалари халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янги мазмун билан бойитиб, барча соҳалар қатори парламентлараро ҳамкорликни ҳам янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришда муҳим омил бўлаётганини мамнуният билан эътироф этди.

Қатар парламенти Раиси давлатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва фаоллаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини ҳамда бунда парламентларнинг “Дўстлик гуруҳлари” муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Жумладан, парламентларимизнинг дўстлик гуруҳлари ўртасида видеоконференция тарзида онлайн-учрашувлар ташкил этилаётганини мисол келтириб, яқин орада амалга ошириладиган ташрифлар асносида икки томон парламент аъзолари юзма-юз кўришишларига ҳам ишонч билдирди.

Шунингдек, суҳбат давомида 2023 йилда Тошкент ва Доҳа шаҳарларида икки давлат элчихоналарининг очилганлиги қайд этилди. Мамлакатларимиз ўртасида ҳадемай тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши ўзаро муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида сўз юритилди.

Шу билан бирга, Ҳассан бин Абдулла ал-Ғоним Фаластин давлатидаги гуманитар вазиятга тўхталди. Ғазо секторидаги жанглар натижасида озиқ-овқат таъминотисиз қамалда қолган болалар тақдири бўйича чуқур ташвиш билдирар экан, Қатар парламенти Раиси Ғарб давлатларининг ушбу аянчли ҳолатга нисбатан сукутини икки томонлама стандартлар сиёсати дея баҳолади.

Учрашув якунида Қатар Давлати Шўро кенгаши Раиси Ҳассан бин Абдулла ал-Ғонимни ҳамда Шўро кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди. Олий Мажлис палаталари раҳбарларининг Қатар Давлати Шўро кенгаши Раиси номига ёзилган таклифномалари Ҳассан бин Абдулла ал-Ғонимга топширилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Қатар ўртасида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бунда, жумлaдaн, пaрлaмeнтлaрaрo дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, ўзаро ташрифлар алмашинувини давом эттириш, икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бизнес вакиллари учун кенг йўл очиш масалаларига устувор аҳамият берилди.

Томонлар парламентлараро алоқалар соҳасида халкаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳам ўзаро келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech