КИТОБДАН СОЗ СОВҒА БОРМИ?!

14 февраль – Халқаро китоб улашиш куни

 

Халқаро китоб улашиш куни (International Book Giving Day) – китоб ўқишни, китоблар совға қилишни ва шу аснода ўзгаларга ҳам эзгулик соғинишни ва маърифат улашишни яхши кўрадиган барча инсонларни ўзаро бирлаштирадиган ушбу сана жорий йилда 12-марта нишонланмоқда. Бинобарин, бу муҳим кунни байрам қиладиганлар кўлами изчил ортиб бормоқда.

Ўтган йилги маълумотга қараганда, айни сана дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида нишонланган. Халқаро китоб улашиш куни муносабати билан инсонлар дўсту яқинлари, қариндошу бегоналарга китоблар туҳфа этади. Одатда, бундай ноёб совғалардан кутубхоналар, болалар уйлари, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари ҳам бебаҳра қолмайди.

Янги сана бўлгани учун унинг келиб чиқиш тарихи анча навқирон. БМТ таъсис этган йирик халқаро саналар ёки давлатлар тасдиқлаган миллий байрамлар, диний айёмлар ва турли касб кунларидан фарқли равишда Халқаро китоб улашиш кунини байрам қилиш ташаббуси 2012 йилда оддийгина бир инсон – америкалик фуқаро Эмми Бродмур томонидан илгари сурилган.

АҚШда болалар китоблари бўйича сайтга асос солган Э.Бродмур уч нафар фарзанднинг онаси бўлиб, бир куни болалари ундан: “Нима учун дунёда инсонлар бир-бирига китоб ҳадя этадиган алоҳида байрам мавжуд эмас?”, деб сўраб қолишади. Шу ўринли савол замиридаги уйғоқ ғоя, ўз навбатида, ёрқин ташаббусга айланади ва ниҳоят амалиётга кўчади.

Эмми хоним ўзига яхши таниш блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, ҳамкасб ва ҳамкорлари билан кенгашиб, 2012 йил 14 февралдан эътиборан “Халқаро китоб улашиш куни”ни нишонлашга киришади. Шунинг учун дунёнинг турли мамлакатларида китобсевар инсонлар, ноширлар, китоб дўконлари эгалари, хайрия фондлари ва ижтимоий ташкилотлар қўллаб-қувватлаётган мазкур санада аввало болажонларга китоблар ҳадя этилиши хайрли анъанага айланган.

Ушбу маърифат байрамининг улуғ шоҳ ва шоир аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунга тўғри келганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Мирзо Бобурнинг биргина “Бобурнома” китобиёқ жаҳон маърифат аҳлининг неча-неча авлодлари учун муҳташам ва ноёб туҳфадир.

Ўзбек тилида: “Қат-қат қатлама – ақлинг бўлса, ҳатлама” деган пурҳикмат мақол-топишмоқ кўп қўлланилади. Бу ўринда “қатлама” ноннинг бир тури бўлиб, айни тимсол ёрдамида китоб нонга тенглаштирилган. Яъни, халқимиз азиз меҳмонига дастурхон тузаганидек, қадрли инсонларини китоб билан сийлашни ҳам асло унутмайди.

Юртдошларимиз туғилган кун ва бошқа байрамларда бир-бирларига турфа китоблар ҳадя қилади. Ҳатто келинлар сарполарида ҳам китобларга тобора кенг жой берилмоқда. Олиму ижодкорларимиз мухлисларига доим янги асарларини тақдим этиб бораяпти.

Бу борада мен хабардор бўлган иккита эътирофли далил: Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли навоийшунос олима Суйима Ғаниева умри якунида бой шахсий кутубхонасини Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона тасарруфига ўтказган бўлса, зиёлилар доирасида “сўнгги жадид” мақомида эътироф этилган филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимов уйидаги барча китобларини ўзи бутун умр ишлаган Ўзбекистон Миллий университетига туҳфа этган.

Бундай хайрли амаллар тимсолида маърифатпарвар халқимизнинг инжа фазилатлари янада яққол намоён бўлмоқда. Ва бу савобли ишлар ҳар биримизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.  

Кейинги йилларда китоблар ҳадя этиш билан боғлиқ ушбу эзгу таомиллар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таҳсинга сазовор. Эндиликда вазирлик ва муассасалар, ташкилот ва корхоналар юртимиздаги кутубхоналар, таълим даргоҳлари ҳамда маҳаллаларга турфа номдаги кўплаб китобларни мунтазам етказиб бермоқда.

Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2023 йилда юртимиздаги ахборот-кутубхона марказлари, мактаб ҳамда бир қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига инсон ҳуқуқларига оид жами 2 минг 620 та адабиёт ва 650 та ҳуқуқий журналларни беғараз тақдим этган. Бундан ташқари, 10 та вилоятда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўтказилган ўқув машғулоти тингловчиларига  2 минг 200 та китоб тарқатилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнги саккиз йилда қабул қилинган устувор стратегик дастурлар доирасида, жумладан, беқиёс кўламдаги маърифий тадбирлар амалга оширилди, китобхон ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларимиз учун зарур адабиётларни нашр этиш ва кенг миқёсда тарқатиш йўлга қўйилди. Бунга биргина мисол сифатида ўтган йилдан буён изчил амалиётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини келтириш кифоя, менимча. 

Шу ўринда “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси юзсасидан ўтказилган жамоатчилик муҳокамалари асносида камина томонидан мамлакатимизнинг кутубхона мавжуд бўлмаган қишлоқларида “Замонавий жадиднинг қишлоқдаги кутубхонаси” ташаббуси асосида кутубхоналар ташкил этиш таклифи билдирилгани ҳақида мухтасар тўхталмоқчиман.

Гап шундаки, яқинда Интернет тармоғида эълон қилинган “Қисқача изоҳли луғат” деган ҳажвий-кинояли маълумотда шундай ғалати таърифга дуч келдим: “Кутубхона – қизил китобга киритилиши керак бўлган ягона макон”. Буни ҳазилга йўйиб роса куламизми ё аламдан ўкириб йиғлаймизми, билмадим, лекин хулоса бир хил, яъни ачинарлидир.

Давлатимиз раҳбари бундан бир неча йил олдин ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида маҳаллалардаги шароитлар ҳақида сўз юритар экан, мамлакатимиздаги 9 минг 309 та маҳалланинг 6 мингдан ортиғида кутубхона мавжуд эмаслигини кескин танқид қилганди. Қўрқаманки, ўтган қисқа даврда вазият ижобий томонга кўп ҳам ўзгариб улгурмаган.

Масалан, Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги мен туғилиб-ўсган Хушвақт қишлоғи ҳалигача кутубхонасиз қишлоқлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун она қишлоғимдаги 12 сотихлик отамерос ҳовлимда жамоатчилик кутубхонаси очишга бел боғладим.

Бўлажак кутубхонанинг бошланғич китоб фондини шахсий кутубхонамдаги китоблар ҳисобига тўлдириш ниятидаман. Бу ерда, худо хоҳласа, аҳолига бепул кутубхона хизмати кўрсатилади.

Кутубхона учун мўлжалланган манзил қишлоғимиз марказида жойлашган. Бу, ўз навбатида, кутубхонадан нафақат Хушвақт қишлоғи, балки яқин-атрофдаги Чорбоғ Бойғунди, Говхона каби кутубхонаси ҳозирча йўқ қишлоқлар аҳолиси фойдаланиши учун ҳам қулай шароит туғдиради.

Мактабга жуда яқин масофадалиги (120 метр) ва хусусий болалар боғчаси айни шу ҳовлида жойлашганлиги ота-оналар ва тарбиячилар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳам ушбу кутубхона китобларидан фойдаланиши учун қулайдир. Шу маънода, кутубхонанинг очилиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, бу ерда “ҳаёт қайнаши”га имконият яратади.

Энди тасаввур қилиб кўринг, ҳадемай қабул қилинадиган 2024 йилги Давлат дастури талаблари негизида мабодо:

биринчидан, мамлакатимизнинг кутубхона мавжуд бўлмаган қишлоқлари рўйхати тайёрланса;

иккинчидан, кутубхона мавжуд бўлмаган қишлоқларда туғилиб-ўсган барча таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва олимларнинг ўз она қишлоғида кутубхона очиш ишига хайрихоҳлиги, хусусан, китоблар бериш, хона ажратиш, техник ёки моддий ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш даражаси аниқланса;

учинчидан, “Замонавий жадиднинг қишлоқдаги кутубхонаси”  учун тегишли қишлоқлар ҳудудида муайян жой белгиланиб, кутубхоналар жиҳозланса в китоблар келтирилса;

тўртинчидан, бўлажак қишлоқ кутубхоналарини интернет тармоғига улаш ва компьютерлар билан таъминлаш чоралари кўрилса, хусусан, бунда шу кутубхонага китоб ажратадиган ижодкор ва олимлар ишлайдиган ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг эскирганлиги учун ҳисобдан чиқарилган компьютер техникалари олиб келинишига эришилса;

бешинчидан, ана шу кутубхоналарни Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва тегишли вилоят Ахборот-кутубхона маркази онлайн-кутубхонаси фондига улаш чоралари кўрилса – бу борада қулай, арзон ва самарадор лойиҳа рўёбга чиққан бўлар эди, назаримда.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда жадид боболаримиз ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Аслида, улар ҳам осмондан тушмаган, балки худди шундай оддий ва ҳаётий йўлдан борганлар – дарсликлар ёзганлар, мактаблар очганлар, ёшларнинг хорижда таҳсил олишини уюштирганлар, газета-журнал чоп этганлар, кутубхоналар очганлар, аҳолини китоб ўқишга рағбатлантирганлар...

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech