Парламентлараро алоқалар юқори даражага кўтарилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қатар Давлати Шўро Кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ҳамда Қатар Давлати Шўро Кенгаши Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис томонидан Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Ўзбекистон-Қатар парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Н.Жумаев, Қатар Давлати Шўро Кенгаши томонидан Молиявий ва иқтисодий ишлар масалалари қўмитаси аъзоси, Қатар Давлати Шўро Кенгаши Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Хитми ҳамраислик қилишди.

Суҳбат аввалида меҳмон томонга мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан қабул қилинган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Томонлар алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида икки мамлакат парламентларида тузилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари ўртасидаги бу каби мунтазам равишда ташкил этиладиган учрашувлар ўзаро муносабатларни янги поғонага олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этишди.

Қатар Давлати Шўро Кенгаши Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юксак баҳо берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат натижасида Марказий Осиёда бутунлай янги ишонч ва ўзаро англаш муҳити шакллангани, шунингдек минтақанинг бошқа мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан алоқалар сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилганини таъкидлади.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, савдо-инвестицион, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги келишувларнинг ижросини таъминлашда парламент таъсирини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қатар Давлати Шўро Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Меморандумни имзолаш таклифи билдирилди.

Қатар томони келгусида Ўзбекистон-Қатар ўртасидаги савдо, инвестиция, илм-фан ва таълим, маданият ва спорт ҳамда транспорт соҳаларида шерикликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтириш ҳамда ушбу йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, томонлар  ўзаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун Қатар компанияларининг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қатар бозорига экспорт қилиш йўлида ҳамкорликни кучайтириш,  икки давлат фуқаролари учун қулай сайёҳлик шароитларини яратиш, маданият, спорт ва миллий маданий меросни асраб аввайлаш соҳаларида янги келишувларга эришиш, икки давлат вакилларининг турли тадбирлардаги иштирокини таъминлаш ва бошқа муҳим масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech