Конституция – халқаро ҳуқуқ қоидалари тасдиғи

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига содиқлиги яна бир бор эътироф этилди.

Сўнгги йиллар ичида жамиятимиз ҳаётида кескин ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, янгиланган Конституция  халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда. Давлат раҳбари белгилаган сиёсий қадам жамиятимизнинг барча жабҳаларида иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётида туб ислоҳотлар бошланишига йўл очди.

Ушбу ислоҳотлар асносида Конституциямизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. ” деб мустаҳкамланиши “Инсон-жамият-давлат” тамойилини амлада яққол ифода этди.

Янгиланган Конституция 155 моддадан иборат бўлиб, 40 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланди. Асосий қонун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги деярли барча халқаро ҳуқуқ нормаларини ўзида мужассамлантирган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенция каби БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида акс эттирган.

Конституциянинг муқаддимасида ҳам халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда қабул қилинганлиги ҳам алоҳида эътироф этилган.

Айтиб ўтиш жоизки, Конституциянинг барча қоидалари инсон ҳуқуқларига оида халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлақонли мосдир.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 7-моддаси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 4,20,24,26 -моддалари, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенцияси 1-моддасида барча кишилар қонун олдида тенгдирлар ва ҳеч бир камситишсиз қонун орқали тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадирлар. Бу борада ҳар қандай турдаги камситиш қонун билан тақиқлаб қўйилиши ва қонун барча шахсларга ҳеч бир камситишсиз, жумладан ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ва бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши (насли-насаби)дан ва бошқа ҳолатидан қатьи назар камситишга қарши тенг ва самарали муҳофазани кафолатлаши кераклиги қайд этилган.

Мазкур қоидалар Конституциянинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас” тўлалигича ўз аксини топган.

Шунингдек, Асосий қонунимизга халқаро ҳуқуқ қоидаларини умумэътироф этган ҳолда “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли” эканлигини белгиловчи янги норма киритилди.

Конституциямизнинг 20-моддасига кўра халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

" Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда уларни суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб вўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”.

Ушбу муҳим халқаро-ҳуқуқий принцип Конституциянинг ҳуқуқ ва эркинликлар тўғрисидаги қоидалари ижтимоий муносабатларга бевосита тартибга солувчи таъсир кўрсатишини англатади. Бунда қонунчилик ҳужжатлари ҳуқуқ ва эркинликларни аниқлаштириш, уларни самарали амалга ошириш қоидалари, механизмлари ва тартибларини белгилаш мақсадида қабул қилинганлигидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликлар бевосита амал қилади деб тан олинади.

давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак;

инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати рамзи сифатида Конституцияда ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга эканлиги ва ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий аҳлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги бўйича нормалар биринчи марта мустаҳкамланди.

Шунингдек, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва унинг Факултатив протоколига мос равишда яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлигидан келиб чиқиб, Конституцияда “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади”, деб аниқ ва равшан белгилаб қўйилди.

Юқоридагилардан ташқари, Конституцияга бошқа кўплаб инсон ҳуқуқларига оид нормалар ҳам қўшилди. Жумладан, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги, ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилди.

Шунингдек, Конституциянинг янги таҳририга асосан барча ноаниқликлар – инсон фойдасига ҳал этилиш лозимлиги белгиланди.

Энди инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

 

Инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шу ўринда, қийноқ қўллашни тақиқлашга оид моддани ҳам эслатиб ўтиш ўринли. Бу модданинг айнан шу қисми аввалги ҳолида, ўзгаришларсиз сақлаб қолинди.

Конституциянинг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Мазкур норманинг яна бир бор мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг юқорида айтиб ўтилган халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлигини эътироф этмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва миллий мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи халқчил конституциявий асослар максимал даражада мустаҳкамланди.

Иқбол Абдумажидов

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи

"Huquq va Burch" журнали 2023 йил №12

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech