Ўзбекистон делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессиясида иштирок этмоқда

26 февраль куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси бошланди. Сессиянинг Олий даражадаги сегменти ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.

Сессияни Марокаш элчиси Умар Знибер очди ва унга раислик қилмоқда. Очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси Президенти Деннис Френсис, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ва Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти бошлиғи Игназио Кассис нутқ сўзлади.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Ф.Тюрк инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янгича ечимларни тақдим этди. Унинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқларининг қудрати – универсаллигида, яъни шу ҳуқуқлар ҳимоя қиладиган ҳар бир инсон ҳаётининг бирдек қадрли эканидадир. Ҳамма жойда инсон ҳуқуқларининг айнан бир хил андозалари қўлланилиши керак ва бундай ёндашув бўйимиз етмаганидан кейин қўл силтаб кетадиган баланд марра бўлиб қолмаслиги, аксинча, бизни истиқболдаги ютуқларга руҳлантирадиган аниқ нишонга айланиши зарур.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 55-сессиясининг Олий даражадаги сегменти ишида 110 дан ортиқ давлат бошлиқлари ва ҳукуматлар раҳбарлари, вазирлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари қатнашмоқда.

Сессия давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, унинг Бошқармаси ва тайинланган экспертлар, Махсус тартиб-таомиллар мандатлари ва тергов механизмлари ҳамда Бош котибнинг махсус вакиллари билан 37 та интерактив мулоқот ўтказилади. Кенгаш учта кенгайтирилган интерактив мулоқот ва битта юқори даражадаги мулоқот ҳамда тўққизта умумий дебат ҳам ўтказади.

Шунингдек, 55-сессиянинг Олий даражадаги сегменти доирасида Ўзбекистон делегациясининг сўзга чиқиши кутилмоқда.

 

Маълумот учун: БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Юқори даражадаги сегменти – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича БМТга аъзо давлатларнинг умумий ва ўзаро мақбул ёндашувларини мувофиқлаштириш ва ишлаб чиқиш механизмидир. Мазкур Сегмент йиғилишининг мақсади дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини юқори сиёсий даражада муҳокама қилиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари хавфсизлиги механизмлари ва тартиб-таомилларини мустаҳкамлашдан иборат.

Юқори даражадаги сегмент йиғилиши йилига бир марта Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш сессияси доирасида ўтказилади. Бу йиғилишларга ҳар йили давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар, адлия вазирлари делегациялари, шунингдек, бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ташриф буюради.

Юқори даражадаги сегменти йиғилишида БМТга аъзо 100 дан ортиқ мамлакатдан давлат бошлиқлари, ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, адлия ва инсон ҳуқуқлари бўйича делегациялар, бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ўз маърузалари билан иштирок этади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech