Парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Қонунчилик палатасининг Польша Республикаси Миллий ассамблеяси Сейми билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи раҳбари Мавлуда Хўжаева ҳамда бир гуруҳ депутатлар Польша Маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Божена Желазовска бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон — Польша ҳамкорлиги сезиларли даражада мустаҳкамланиб, янги ва амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Ўзаро муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Б.Желазовска Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан бирга сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича ўзига хос тажриба шаклланганини эътироф этди.

Шунингдек, Б. Желазовска халқаро юк ва йўловчи ташувлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини эътироф этар экан, Тошкент халқаро аэропортида шу кунларда “LOT Polish Airlines” авиакомпаниясининг янги йўналиши очилганига эътибор қаратди ҳамда ушбу мунтазам авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, дипломатик, маданий ва туристик алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини маълум қилди.

Учрашувда икки мамлакат парламентларида ташкил этилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари орқали хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этилди.

Шунингдек, мулоқот чоғида Польша Сейми депутати Томаш Костус мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўлами тобора кенгайиб бораётганида икки давлат парламентларида фаолият юритаётган дўстлик гуруҳларининг ўрни муҳим эканлигини қайд этди.

Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech