Уйғониш фасли – баҳор кириб келиши билан халқимиз борлиқни кўркам қиёфага келтириш, шу орқали табиат инъом этган юртимиз тароватига жамиятимиз ҳиссасини ҳам қўшиш ҳаракатига тушади. Ана шу азалий ва ибратли анъанага кўра хонадонлар, кўча-хиёбонларни обод қилиш, дарахтларга ишлов бериш, атроф-муҳит саришталигини таъминлаш каби ишлар амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 мартдаги тегишли фармойишига асосан 16-18 март кунлари бутун мамлакатимиз бўйлаб «Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки" шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Кўтаринки руҳда ўтган ҳашар давомида халқимизнинг якдиллиги, бирдамлиги, аҳил ва ҳамжиҳатлиги яна бир бор намоён бўлди.
Умумхалқ ҳашарида турли ташкилот ва муассасалар ходимлари фаол иштирок этди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси ҳам ушбу эзгу амалдан четда қолмади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан чамбарчас боғлиқ бўлган бу каби муҳим тадбирларни ўтказиш замирида экологик муҳитни яхшилаш билан бир қаторда одамларнинг табиатга меҳрини ошириш каби улкан мақсадлар мужассамдир. Қолаверса, шаҳарларни кўкаламзорлаштириш масаласи Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими ва шаҳар қурилишининг миқёси кенгайиб бораётган бир пайтда, айниқса, долзарб ҳисобланади.
Шу маънода, ҳашарчилар томонидан кўчалар супурилиб, йўл ёқалари тартибга келтирилди, Миллий марказ ҳудудидаги ерлар юмшатилди, ариқлар тозаланди, чиқиндилар чиқариб ташланди. Мевали ва манзарали ниҳоллар экилиб, гул уруғлари сепилди, дарахтларга шакл берилди.
Муборак Рамазон ойи ва яқинлашаётган Наврўз айёми доирасида одатий саховат ишлари амалга оширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.
Обод, сариштали жойда барака бўлади. Покизалик ва озодалик қалбларга нур улашиб, инсон руҳиятини кўтаради. Миллий марказнинг ҳашарда иштирок этган ҳар бир ходими шундай кайфият билан жамоа бўлиб бажариладиган юмушларга ўз ҳиссасини қўшишга интилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.03.2024
- Кўришлар: 2803
- Чоп этиш