19 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган маҳорат дарси ташкил этилди. Мазкур сайёр ўқув машғулот Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурига мувофиқ ўтказилди.
Сайёр машғулотда Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультетининг 64 нафар талабаси иштирок этди. Бўлажак ҳуқуқшунослар Миллий марказнинг юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон қадр-қимматини янада ошириш борасида олиб бораётган фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Машғулот жараёнида Миллий марказ фаолиятининг ташкил этилиши билан боғлиқ муҳим маълумотлар тақдим этилди. Миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир тавсиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Миллий марказ билан давлат органларининг ҳамкорлиги хусусида сўз юритилди.
Хусусан, 2023 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 4 та миллий маърузаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилган. Шу даврда БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинган.
Машғулот давомида миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан мувофиқлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Тадбир якунида талабаларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.03.2024
- Кўришлар: 2887
- Чоп этиш