Янги Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилиши ҳамда жамиятнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб янгиланишлар олий таълим олдида янги вазифаларни қўймоқда. Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг талабалари миллий, минтақавий ва глобал даражада сиёсий майдонда юз бераётган жараёнларни билишлари, англашлари, ўрганишлари ва таҳлил қила олишлари шарт.
Зеро, жаҳонда юз бераётган глобаллашувнинг ҳозирги босқичи халқаро вазият ўзгаришининг юқори динамикаси, сиёсий кучлар мувозанатидаги кучли тектоник силжишлар билан тавсифланади.
Мамлакатимизда демократик тараққиётнинг жадаллашиши билан бирга, халқаро ва минтақавий геосиёсий майдонда ўзаро рақобат тобора кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб бир даврда талабалар, мутахассислар, илмий кадрларнинг сиёсий жараёнларни чуқур англаш, тезкор таҳлил қилиш ва баҳолай олиш малакасига эга бўлиши талаб қилинади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг“Сиёсатшунослик” дарслиги айнан ана шу вазифани бажаришга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Айтиш жоизки, М.Қирғизбоев нафақат юқори малакали сиёсатшунос, балки ҳам назарий ва ҳам амалий бой тажрибага эга олим. Мазкур дарслик муаллифнинг сиёсатшунослик соҳасидаги қирқ йилдан ортиқ илмий педагогик ҳамда давлат бошқарувидаги кўп йиллик амалий фаолияти давомида тўпланган билим ва тажрибаларига асосан тайёрланган. Шу йиллар давомида М.Қирғизбоев 10 га яқин монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар, 220 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилган. Муаллифнинг асарлари сиёсий партиялар, сиёсий мафкуралар, сиёсий маданият, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши каби масалаларга бағишланган.Жумладан, 1998 йилда муаллифнинг “Фуқаролик жамияти: сиёсий партиялар, мафкуралар ва маданиятлар”, 2006 йилда “Фуқаролик жамияти: назария ва хорижий тажриба”, 2010 йилда “Фуқаролик жамияти: генезиси, шаклланиши ва ривожланиши” монографиялари, 2006 йилда “Фуқаролик жамияти институтлари”, 2007 йилда “Партология”, 2013 йилда “Сиёсатшунослик”, 2017 йилда “Социология” ўқув қўлланмалари, 2022 йилда “Социология” дарслиги нашр этилган.
Мазкур дарслик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 январдаги “Сиёсий фанлар соҳасида кадрларни тайёрлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган сиёсатшунослик фанлари соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва янги авлод дарсликларини яратиш вазифасини амалга оширишда муҳим ўринга эга. У Давлат таълим стандарти талабларига жавоб беради ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Сиёсатшунослик” фани учун тасдиқланган намунавий дастурга мувофиқ ёзилган.
Дарсликни ёзишда талабаларнинг мамлакатимизда фуқаролик жамияти қуриш жараёнларига оид билимларни эгаллашлари, сиёсий қарашлар ва тушунчаларни ўрганишлари учун зарур бўлган воситалар қўлланилган.Дидактика ва методика талабларига мувофиқ, дарслик таркиби бўлимлар ва мавзуларга ажратилган. Дарсликда “Сиёсатшунослик” ўқув фанининг методологик асослари, сиёсатнинг ижтимоий ҳаёт ва тадқиқот объекти сифатидаги аҳамияти, сиёсий тизим ва сиёсий институтлар, сиёсий жараёнлар, сиёсий коммуникация, сиёсий маданият ва мафкура, жаҳон сиёсати, Янги Ўзбекистон – янги сиёсий тизим каби бўлимларни ўз ичига олган.
Муаллиф Янги Ўзбекистонда амалга оширилган сиёсий тизимни модернизациялаш, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни ривожлантириш, бошқарувни такомиллаштириш, халқаро сиёсатда фаол иштирок этишга қаратилган ислоҳотларни аниқ мисоллар ёрдамида таҳлил қилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш бўйича амалга оширилган кампания мазмуни, унинг мақсади, вазифалари, энг муҳим жиҳатлари, якунлари ва аҳамияти алоҳида муҳокама манбаи бўлган.
Шунингдек, дарсликда мавзуларнинг ўзига хос таҳлилий усулда ёритилиши унинг дидактик савиясини оширган.Муаллиф дарсликни тайёрлашда мавзуларни ҳар томонлама ўрганиш имконини берувчи миллий ва хорижий олимларнинг асарларидан, илмий тадқиқот натижаларидан,“Сиёсатшунослик” ўқув фани бўйича дарсликлар яратиш тажрибасидан атрофлича фойдаланган. Барча мавзуларни, хусусан сиёсатшуносликнинг асосий муаммоларини ёритишда хорижий ва миллий сиёсатшунос олимларнинг қарашлари, ғоялари, хулосалари илмий баҳс ва тортишувлар услубида тақдим қилинган.
Дарслик уни мутолаа қилган ўқувчида яхши таассурот қолдиради.У юқори савияда, “Сиёсатшунослик” ўқув фанига тегишли тушунча ва таърифлар, атама ва иборалардан лозим даражада фойдаланган ҳолда ёзилган, маълумотларни тақдим этишда маъновий ғализлик, ноаниқлик ва ортиқча мураккабликка йўл қўйилмаган. Ҳар бир мавзу доирасида талабаларга тақдим қилинган маълумотлар жаҳонда ва мамлакатимизда юз бераётган сиёсий жараёнларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини тушунишга ёрдам беради.
Муаллиф давлат, жамият, сиёсий ҳокимият, сиёсий қарашларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши,сиёсий муносабатлар, сиёсий тизим, сиёсий режим, давлат сиёсати, сиёсий мақсадлар, сиёсий модернизация, сиёсий ғоялар ва мафкуралар, сиёсий онг ва сиёсий маданият, сиёсий элита ва сиёсий етакчилик, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа тушунча ва воқеликларни сиёсатшунослик фанининг ҳозирги кундаги ютуқлари ва муаммолари билан боғлиқ мисоллар ёрдамида ёритган.
Ҳар бир мавзунинг охирида ўзлаштирганликни текшириш учун назорат саволлари ҳамда мавзуни ўрганиш учун зарур бўлган раҳбарий адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, мумтоз ва замонавий илмий асарлар, дарсликлар ва қўлланмалар рўйхати берилган. Шунингдек, сиёсатшунослик бўйича тушунчалар ва уларнинг таърифларини ўз ичига олган умумий глоссарий ўз ифодасини топган.
Муаллиф мавзулар бўйича муаммоларни таҳлил қилишда жаҳон ҳамжамияти ва миллий-давлатчилик тараққиётига хос бўлган замонавий тенденцияларни ҳисобга олган. Шунингдек, ривожланган ва етакчи мамлакатлардаги сиёсий жараёнлар таҳлил этилган ҳамда миллий тажрибалар билан қиёсланган. Маълумотлар қизиқарли услубда тақдим этилган, хусусан, сиёсий модернизация, партиявий тизим, сайлов тизими, сиёсий элита ва сиёсий етакчиликнинг хусусиятлари ва табиати, сиёсий қарорлар қабул қилиш, сиёсий ихтилофлар ва уларни ҳал этиш технологиялари, сиёсий коммуникация ва унинг сиёсий жараёндаги ўрни, Ўзбекистонда сиёсий тизимни модернизациялаш ислоҳотлари каби масалалар таҳлилини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Шубҳасиз, мазкур дарслик “Сиёсатшунослик” ўқув фани ўрганадиган аксарият муаммоларни қамраб олган ва фундаментал билимларни ўзлаштиришга хизмат қилади. Унда ўз ифодасини топган маълумотлар, ғоялар, тушунчалар, услублар сиёсатшунослик соҳасидаги миллий ва хорижий фан ҳамда таълим ютуқларига асосланган. Унинг мазмуни Янги Ўзбекистонда “Сиёсатшунослик” ўқув фани изчил ривожланаётганлигидан далолат беради. Шу билан бирга, сиёсатшунослик динамик хусусиятга эга соҳа бўлиб, доимий ва изчил ривожланишни бошидан кечирмоқда. Ҳозирги кунда жаҳон ва миллий сиёсий жараёнларнинг тезкор ўзгариши, жаҳон сиёсий фанидаги замонавий тенденциялар “Сиёсатшунослик” ўқув фанининг мазмуни ва истиқболдаги вазифаларига таъсир кўрсатмасдан қўймайди. Сиёсатшунослик фани ва таълими салмоқли сакрашларни бошидан кечиради. Бу ҳолатни сиёсатшунослик бўйича дарсликларни такомиллаштиришда доимий ҳисобга олиш заруратга айланмоқда.
Бизнинг фикримизча, мазкур дарслик нафақат олий ўқув юртлари талабалари, балки кенг илмий ва эксперт ҳамжамият вакиллари, давлат идоралари ходимлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман сиёсий жараёнларга қизиқадиган ҳар бир киши учун фойдали маълумотларга бой қўлланма хусусиятига эга.
А.САИДОВ,
юридик фанлар доктори,
профессор,
академик
Ў.ОЧИЛОВ,
юридик фанлар доктори,
доцент
- Қўшилди: 23.07.2024
- Кўришлар: 1383
- Чоп этиш