Мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу – Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткич бўлди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашларига сайлов натижаларига кўра, маҳаллий Кенгашлар таркибига янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизларни ташкил қилди.
Сенат аъзоси этиб сайланганларнинг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари хотин-қизлардир. Бу омил, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик фаолияти ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади”.
Ушбу самараларга, ҳеч шубҳасиз, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг шарофати билан эришилди. Чунки, Асосий қонунимизнинг 58-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деб белгиланган.
Мазкур конституциявий кафолатлар бугунги кунда ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз ижобатини топмоқда. Хусусан, шу асосда Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда хотин-қизлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил қилиши шарт. Аввал бу талаб бўйича кўрсаткич 30 фоиз эди.
Бундай муҳим талаб, албатта, яқинда бўлиб ўтган сайловда иштирок этган аёл номзодлар сони изчил кўпайишига туртки берди. Шунга яраша натижа ҳам, таъбир жоиз бўлса, юртимизда гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар моҳиятига мос даражада бўлди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда".
Бу ҳақда фикр юритганда, биргина 2023 йилда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Жумладан, 3 та қонун, Президентнинг 2 та фармони ва 2 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 6 та қарори тасдиқланди.
Янада аниқ қилиб айтганда, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида", "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида" ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жамиятдаги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ҳамда илм-фан ва технологиялар соҳасидаги иштирокини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини тубдан мустаҳкамлади ва тегишли тизимли фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларнинг келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Чунки бу – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва амалий ижроси таъминланаяпти.
Янада муҳими, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғин – маҳаллагача етказиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши белгиланди. Шу мақсадда Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” деб номланди.
Ўз навбатида, Тараққиёт стратегиясининг 60-мақсадида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича долзарб масалалар қамраб олинган. Шунингдек, 85-мақсад доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Яна бир муҳим ҳужжат – 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастуридан истиқболдаги янада муҳим масалалар ўрин олгани, айниқса, эътиборга лойиқдир.
Айни шу дастурий ҳужжатлар ижроси доирасида, жумладан, хотин-қизларнинг таълим олишига қўшимча шарт-шароитлар яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрнини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Жойларда имтиёзли кредитлар ва лизинг ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш масалалари доимий диққат марказида турибди. Айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим бўлган хотин-қизларнинг тиббий муолажа харажатларини қоплаб беришдек эзгу амаллар изчил бажарилмоқда.
Буларнинг барчаси гендер тенглик масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ўзига хос исботидир. Мамлакатимиз хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя этишни назарда тутувчи халқаро шартномаларга қўшилди.
Меҳнат кодекси ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартириш, қонунчиликдаги гендер-ассиметрик қоидаларни бартараф этишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг институтциявий асослари янада мустаҳкамланди.
Бу дастурий ҳужжатларнинг ижроси Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари каби халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларимизни бажаришга ҳам кўмаклашади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Энг муҳими, бугунги кунда ўз хонадонининг файзу фариштаси бўлган аёлларимиз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда.
Фарида ХАКБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 14.01.2025
- Кўришлар: 295
- Чоп этиш