Ижтимоий муносабатларда “масофавий иш”, “мослашувчан иш усули” каби тушунчалар кўпроқ қўлланилмоқда. Бу ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши, онлайн муносабатларнинг кенг оммалашиши, меҳнат муносабатларини янги шаклларда ташкил этиш зарурати билан чамбарчас боғлиқ.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Асомиддин Халилов меҳнатни ташкил қилишда масофадан туриб ишлашнинг афзаллиги ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Юртимизда масофадан туриб ишлаш ва мослашувчан иш вақти режимларига коронавирус пандемиясидан сўнг эътибор қаратила бошланди.
2022 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида мослашувчан иш вақти режими ва масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари акс этди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, анъанавий иш усулидан фарқли ўлароқ масофадан туриб ишлаш режими – давлат хизматчиларининг ўз лавозим вазифаларини иш берувчи жойлашган ҳудуддан ёки объектдан ташқарида интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда бажариши мумкин бўлган ишни ташкил этиш усулидир. Мослашувчан иш вақти режими – давлат хизматчиларининг айрим тоифалари учун иш кунининг бошланишини, тугашини ва умумий давомийлигини муайян доирада уларнинг ўзи тартибга солишига йўл қўйиладиган иш вақтини ташкил этиш усули ҳисобланади.
Жаҳон амалиётида масофавий ва мослашувчан иш усулларининг қўлланиши анча олдин бошланган. Хусусан, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Австрия, Бельгия, Ирландия ва бошқа бир қатор хорижий давлатларда бугунги глобаллашув даврида рақобатнинг кескинлашиши, хизматлар кўрсатишнинг янги шакллари ривожланиши, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни таъминлашнинг зарурати сабаб мазкур иш усулларидан фойдаланишга бўлган талаб ошиб бормоқда.
Тажрибадан маълум бўлишича, масофадан туриб ишлаш ва мослашувчан иш режимлари, айниқса, фарзанд парвариши билан банд аёллар, имконияти чекланган инсонлар, қариялар ва бемор шахсларга қаровчилар учун қулай ҳисобланади.
Шунингдек, масофадан туриб ишлаш ходим учун оиласига ва яқинларига кўпроқ вақт ажрата олиши, бир вақтнинг ўзида бир қанча иш жойларида меҳнат қилиб, анъанавий усулда ишловчи ходимга нисбатан кўпроқ маош олиш, касбий касалликларга чалиниш ҳоллари анъанавий иш режимида ишловчиларникига нисбатан пастроқ бўлиши, атроф-муҳитнинг иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши учун шарт-шароит яратади. Иш берувчига эса бошқа ҳудуддаги малакали мутахассисларни жалб этиш, коммунал харажатларни камайтириш каби имкониятларни беради.
Шу ўринда масофадан туриб меҳнат фаолиятини юритишнинг иш билан шахсий ҳаёт аралашиши оқибатида иш жараёнига бўлган ножиддий муносабатнинг шаклланиши, ходимларни ахборот-коммуникация технологиялари ва уларга керакли бўлган бошқа асбоб-ускуналар билан таъминлаб бера олмасликнинг иш унумдорлигига салбий таъсир қилиши, масофадан туриб ишловчи ходимни тўлиқ назорат қилиб бўлмаслиги, айрим ҳолларда иш берувчи томонидан хизмат доирасида берилган топшириқларнинг киберҳужум уюштирилиши натижасида тарқалиб кетиш хавфи борлиги, корпоратив қадриятларнинг ўзгаришига олиб келиши каби жиҳатлари ҳам мавжудлигини айтиб ўтиш керак.
Бир қатор ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси яна шуни кўрсатадики, уларда бу иш режимларини тартибга солувчи ҳужжатлар (қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, йўриқномалар, тавсияномалар, регламентлар) ишлаб чиқилган бўлиб, масофадан туриб ишлаш ва мослашувчан иш вақти меҳнатни ташкил этишда асосий иш усуллари сифатида қўлланиш кўлами кенгайиб бормоқда.
Меҳнат кодексида мослашувчан иш вақти режими ва масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари баён этилган. Лекин масофадан туриб ишлаш ва мослашувчан иш режимини жорий этиш бўйича ягона услубиётнинг мавжуд эмаслиги, давлат хизматида айнан қандай вазифаларни бажарувчи хизматчилар масофадан туриб ишлашга ёки мослашувчан иш режимига ўтказилиши мумкинлиги ноаниқлиги амалиётда айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ушбу йўналишдаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Агентлик томонидан бу борадаги вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган 24 минг нафарга яқин давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида онлайн сўровнома ўтказилди. Натижада иштирокчиларнинг 44 фоизи масофадан туриб ишлашга ҳамда 42 фоизи мослашувчан иш режимига ўтишга ижобий муносабат билдирди.
Агентлик томонидан 2024 йилда республика ижро этувчи ҳокимият органларида фаолият олиб бораётган 87 нафар хотин-қиз, шу жумладан, ўн тўрт ёшгача фарзандлари бўлган оналар, ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшга доир пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни ёки оиланинг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган бемор аъзоларини парваришлаётган ходимлар учун тажриба-синов тариқасида мослашувчан иш режими жорий этилди ҳамда бу жараённи холисона баҳолаш учун мониторинг ўтказилди.
Иштирокчи хотин-қизларнинг 59 фоизи мослашувчан иш вақти режимида ишлашни давом эттириш истаги борлигини ва 22 фоизи ушбу режимда ишлаш қоидаларини белгилаб берувчи қонуности ҳужжати мавжуд бўлмаганлиги учун иш берувчилар бундай иш режимида ишлашга ҳали тайёр эмаслигини билдирди.
Хотин-қизлар мослашувчан иш режимида фаолият юритиш натижасида меҳнат унумдорлиги сезиларли даражада яхшиланганини, вақтдан самарали фойдаланиш ва вазифаларни тўғри тақсимлаш кўникмалари ривожланганини, иш ва шахсий ҳаётдаги муносабатлари яхши томонга ўзгарганини қайд этган.
Иш берувчилар ва таркибий бўлинма раҳбарларининг фикрлари ўрганилганда, улар томонидан мослашувчан иш режими хотин-қизларнинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмагани, аксарият ҳолларда фаолият самарадорлиги ошгани таъкидланган.
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар давлат органларида давлат фуқаролик хизматчиларининг масофадан туриб ва мослашувчан иш вақти усулларида ишлаш қоидаларини белгилаб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурати борлигини кўрсатди.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасининг 2025 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатига Давлат органларида масофавий ишни ташкил этиш ва мослашувчан иш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича таклифнинг киритилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарор лойиҳасида масофадан туриб амалга ошириши мумкин бўлган функциялар рўйхати, давлат органларида давлат хизматчиларининг масофадан туриб ишлаш қоидалари, давлат органларида лавозимларнинг айрим тоифалари учун ишбай ишлаш тартиби ва давлат органларида давлат хизматчиларининг мослашувчан иш вақти режимида ишлаш қоидалари назарда тутилиши белгилангани масофавий ва мослашувчан иш тизимини жорий этишдаги мавжуд муаммоларга ҳуқуқий ечим бўлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 15.01.2025
- Кўришлар: 86
- Чоп этиш