22 март – Бутунжаҳон сув куни
Сув – ер юзидаги барча тирик организмлар учун энг зарур ресурслардан биридир. У нафақат инсон ҳаёти, балки қишлоқ хўжалиги, саноат, экотизимлар ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун ҳам асосий манба ҳисобланади. Бугунги кунда дунё аҳолисининг кўпайиши, иқлим ўзгариши ва саноатнинг ривожланиши сувга бўлган талабни кескин оширмоқда.
Хозирги глобаллашув даврида дунё сув билан боғлиқ мисли кўрилмаган муаммоларга дуч келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2024 йилги Жаҳон сув ресурслари тараққиёт ҳисоботига кўра жаҳон бўйича ичимлик сувнинг тахминан 70 фоизи қишлоқ хўжалигида, 20 фоизга яқини саноатда ва 12 фоизи маиший эҳтиёжлар учун ишлатилади. Ерости сувлари суғориш учун ишлатиладиган сувнинг 25 фоизини ва маиший эҳтиёжлар учун олинадиган сувнинг ярмини таъминлайди.
Сувга бўлган талаб асосан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва истеъмол одатларининг ўзгариши, айниқса, тез ривожланаётган мамлакатлар ва шаҳарлар ҳисобига ошмоқда. Дунё аҳолисининг ярми йилнинг маълум бир қисмида сув танқислигига дуч келади. Айрим ҳудудларда бу фақат бир неча ой давом этади, бошқалар эса йил давомида сув етишмовчилигидан азият чекмоқда.
Сув танқислиги ижтимоий барқарорликка жиддий таъсир кўрсатади ва жаҳондаги миграциянинг 10 фоизи сув тақчиллиги билан боғлиқдир. Бундан ташқари, 2,2 миллиард киши хавфсиз ичимлик сувига етарлича эга эмас, 3,5 миллиард киши санитария хизматларидан хавфсиз фойдалана олмайди. Бу муаммолар нафақат аҳоли саломатлиги ва фаровонлигига, балки жаҳон тинчлиги ва хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.
Сайёрамиздаги тоза ичимлик суви захирасини асраш, ундан оқилона фойдаланиш, саноат ва ишлаб чиқариш жараёнини табиатга зарар етказмайдиган тарзда “экологик тоза” инновацион услублар билан йўлга қўйиш ва турли таълим усулларидан фойдаланиб, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш каби долзарб муаммоларга инсоният эътиборини қаратиш мақсадида ҳар йили 22 март – Бутунжаҳон сув куни сифатида дунёнинг деярли барча давлатларида нишонланади.
Бутунжаҳон сув кунининг тарихига назар соладиган бўлсак, 1992 йилда Рио Де Жанейрода ўказилган БМТнинг “Aтроф муҳит ва ривожланиш” конференциясида жаҳон миқёсида сув ресурслари кунини нишонлаш таклифи билдирилган. Бу борада БМТ Бош Ассамблеяси 1993 йили 22 февралида 47/193-сонли резолюцияни имзолади ва 22 март кунини “Бутунжаҳон сув куни” деб эълон қилди.
Эътибор беринг: 2025 йил БМТ томонидан “Халқаро музликларни сақлаш йили” деб эълон қилингани ҳам айни хайрли мақсадларга ҳамоҳангдир. БМТ маълумотларига кўра, музликларнинг эриши жиддий глобал муаммога айланган. Сўнгги 20 йил ичида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни қамраб олган Ғарбий Тянь-Шандаги музликлар 27 фоиз қисқарган. Қайд этилишича, музликлар 2 миллиардга яқин аҳолини сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва гидроэнергетика билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди. “Халқаро музликларни асраш йили”нинг мақсади музликларнинг аҳамияти ва уларни келажак авлодлар учун ҳимоя қилиш зарурлиги тўғрисида хабардорликни оширишдан иборат.
Ушбу долзарб масалалар Марказий Осиё минтақасини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача сув ресурслари Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши тахмин қилинмоқда. Бинобарин, сув ҳавзаларига етказилган салбий таъсир натижасида бутун экологик тизим издан чиқишини Орол денгизи фожиаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Ҳозирда мамлакатимизда Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, чанг бўронлари муаммосини ҳал қилиш учун Орол денгизи ўрнидаги 1 млн гектар майдонга 2030 йилга қадар тузга чидамли дарахт кўчатларини экиш ишлари режа асосида олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда 2020 йилда сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепция қабул қилинди. Бу ҳужжатдан кўзланган мақсад аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигига бозор тамойиллари ва механизмларини ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишдир.
Ушбу йўналишда 2017 — 2023 йилларда жами 1,2 млн. гектар майдонда, яъни қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг қарийб 31 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Бу томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш, эгилувчан қувур, плёнка тўшаб суғориш каби технологияларни ўз ичига олади.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Чунончи, 2019 йилдан мамлакатимизда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим — субсидия ажратиш механизми йўлга қўйилди. Ушбу тизим 2022 йилдан бошлаб рақамлаштирилди.
Албатта, бу борада амалга оширилган вазифалар келгусида сув тежовчи технологияларни жорий қилган майдонлар кўламини сезиларли даражада ошишига имкон беради.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугун барча жабҳада бўлгани каби, сув хўжалиги соҳасига ҳам рақамли технологияларни жорий қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 5 минг 479 та “Ақлли сув” тизими, насос станцияларига 1 минг 446 та онлайн назорат қурилмалари, мелиоратив кузатув қудуқларига минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи 5 минг 55 та “Дайвер” қурилмалари ўрнатилди, 45 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёни автоматлаштирилди.
Сув билан боғлиқ муносабатларнинг ижтимоий-иқтисодий асослари ўзгариб бораётгани сувга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирди. Шу сабабли 2025 йилда “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жорий йил 17 март куни Олий Мажлис Сенати томонидан томонидан маъқулланди.
Қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.
Мухтасар айтганда, бугун атрофимизда рўй бераётган сув билан боғлиқ экологик муаммолар барчамиз учун огоҳлик қўнғироғи ҳисобланади. Бундан ҳар биримиз тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва исроф қилмаслик тамойилини кундалик мезонимизга айлантиришимиз зарур. Зеро, глобал муаммолар, аслида, кичик эътиборсизликлардан келиб чиқишини унутмайлик. Бугун бизга ҳаёт ва завқ улашаётган тоза ичимлик сувидан келажак авлод ҳам биздек баҳра олишга ҳақли.
Суҳроб БОЗОРОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими
бош мутахассиси
- Қўшилди: 21.03.2025
- Кўришлар: 487
- Чоп этиш