Бундан роппа-роса 72 йил аввал, яъни 1953 йил 27 март куни собиқ СССРда кенг миқёсли амнистия эълон қилинган. Лекин унинг сиёсий маҳкумларга дахли бўлмаган.
Даставвал собиқ СССР Олий совети Президиумининг бу ҳақдаги тегишли фармонини имзолаган расмий шахс билан боғлаб – “Ворошилов амнистияси”, кейинчалик унинг ташаббускори номи билан – “Берия амнистияси” сифатида халқ орасида донг қозонган бу ҳужжат собиқ Иттифоқ тарихида энг кўп маҳкумларга озодлик берилган ўта йирик амнистия акти ҳисобланади. Унга кўра, 1 миллион 201 минг 738 нафар, бошқа манбаларга қараганда, 1 миллион 349 минг 263 нафар шахс озодликка чиқарилган.
Аксарият тарихчилар томонидан мазкур амнистия бевосита Сталиннинг ўлимидан кейинги “илиқ эпкин”лар натижаси сифатида талқин этилган. Агар Иосиф Сталин 1953 йил 5 мартда жон берганидан кейин 22 кун ўтиб – 27 мартда ушбу амнистия эълон қилингани назарда тутилса, бундай тахмин асослидек туюлади.
Қолаверса, Сталин ўлган куниёқ собиқ СССРнинг “каттакон”лари ўтказган қўшма мажлисда Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги вазирлиги бирлаштирилиб, янги Ички ишлар вазирлигига асос солинган ҳамда унга вазир этиб Лаврентий Берия тайинланган. Берия амнистия тўғрисидаги фармон лойиҳасини тушунтиришнома билан бирга 1953 йил 26 март куни собиқ КПСС Марказий қўмитаси Президиумига тақдим этган, яъни ўша машҳур амнистия актининг асосий ташаббускори бўлган.
Янги вазир сифатида Берия бунга қадар, 1953 йил 13 мартда “врачлар иши”, “авиасозлар иши”, “собиқ хавфсизлик хизмати ходимлари иши” каби йирик айблов кампаниялари доирасида турли жазоларга дучор этилган шахсларнинг ишларини қайтадан кўриб чиқиш учун тергов гуруҳи тузган. Машъум ГУЛАГ деб аталувчи қамоқхоналар бошқармаси Ички ишлар вазирлиги бўйсунувидан чиқарилиб, Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилишига эришган.
Бошқа бир тахминга кўра эса, 1953 йили собиқ Иттифоқнинг қамоқхоналар тизимида юзага келган қақшатқич инқироз ана шундай қамровдор амнистия эълон қилинишига туртки бўлган. Нега деганда, бир томондан, маҳкумларнинг мажбурий меҳнатидан келадиган фойда ҳажми ниҳоятда оз – бундай меҳнат деярли самарасиз бўлса, бошқа томондан, жуда кўп сонли жазони ўташ муассасаларидаги миллионлаб маҳкумларни боқиш, кийинтириш, қўриқлаш ва ҳоказо юмушларнинг барчаси катта миқдордаги сарф-харажатларни талаб қилган.
Боз устига, 1950-йиллар бошига келиб қамоқхоналар миқдори ва улардаги маҳкумлар сони ёмғирдан кейин чиққан қўзиқоринлардек ниҳоятда кўпайиб кетган. Оқибатда уларнинг устидан тегишли қатъий назоратни амалга ошириш анчайин муаммога айланган.
Шу маънода, 1953 йил 27 мартдаги қамровдор амнистия қамоқхоналар юкини енгиллатиш йўлидаги бир марталик тадбир эмасди. Лекин, 1953-1960 йиллар мобайнида давом этган ГУЛАГ ишини қайта ташкил этиш жараёнлари кам самарали бўлган. Амнистиялар насиб этмаган неча юз минглаб маҳкумларнинг ғалаёнлари кучаявергач, ГУЛАГ қамоқхоналар бошқармаси яна Ички ишлар вазирлиги тасарруфига қайтарилгани, ҳатто амнистия акти ижроси ҳам чеклаб қўйилгани шундан далолат беради.
Ўз навбатида, айни мавзуда салмоқли китоблар ёзган машҳур адиб Александр Солженициннинг фикрича, бундай кенг миқёсли амнистия эълон қилиниши замирида совет ҳукумати раҳбарларининг “халқ эътирофини қозониш” истаги яширин бўлган. Агар Сталиндан кейин собиқ СССР раҳбарига айланган Никита Хрушчёв 1953 йил июлида ўтказган мажлисида Л.Берияни ана шу амнистия ташаббусини кўтариб чиқиш орқали “халқни сотиб олиш”, яъни одамларни ўзи томонга оғдиришга қасд қилганликда айблаганини инобатга олсак, ушбу тахминда ҳам жон борга ўхшайди.
Рус тарихчи олими Рой Медведевнинг бу борадаги фарази янада қизиқарли ва ўзига хос. Унинг фикрича, Л.Берия ҳокимиятни ўз тасарруфига олгунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жанговар кучларини жиноятчиларга қарши курашиш баҳонасида Москвада ушлаб туриш учун шундай амнистияни “ўйлаб топган”. Ҳақиқатан ҳам, милиция маълумотларига қараганда, 1953 йили мамлакатда олдинги йилдагига нисбатан 16,4 фоиз кўп жиноят содир этилган.
Дарвоқе, собиқ СССР тарихидаги ўша шов-шувли амнистия мамлакатда бемисл жиноятчилик авж олишига олиб келгани ҳақидаги мулоҳазаларни айрим манбалар тасдиқласа, бошқалари инкор этади. Масалан, француз тарихчиси Марк Эли бу мавзудаги гап-сўзларга шунчаки қуруқ гап деб қарайди.
Аксинча, Р. Пихоя, А. Сухомлинов, Л. Кобба каби тарихчиларнинг уқтиришича, Л.Бериянинг амнистия ташаббусидан кўзлаган асл мақсади мамлакатда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни танг ҳолга келтириш асносида, ўз қўл остидаги вазирликнинг жанговар салоҳиятига таяниб, собиқ СССР бошқарувини эгаллаб олишга интилишдан иборат бўлган.
Нима бўлганда ҳам, ўша амнистия натижасида ГУЛАГ лагерлари ва колонияларидан, 1953 йил 16 ноябрь ҳолатига:
-
5 йилгача муддатга қамалган маҳкумлар – 551 минг 551 нафар;
-
мансаб ваколати, хўжалик фаолияти ва ҳарбий соҳа билан боғлиқ жиноятлари учун 5 йиллан ортиқ муддатга қамалган маҳкумлар – 49 минг 745 нафар;
-
5 йиллан ортиқ қамоқ муддати тенг ярмига қисқартирилган маҳкумлар – 425 минг 811 нафар;
-
қарамоғида 10 ёшгача боласи бор оналар – 57 минг 132 нафар;
-
ҳомиладор аёллар – 6 минг 13 нафар;
-
балоғатга етмаган шахслар – 5 минг 684 нафар;
-
55 ёшдан катта эркаклар – 44 минг 210 нафар;
-
50 ёшдан катта аёллар – 18 минг 44 нафар;
-
бедаво оғир касалликка чалинган беморлар – 43 минг 411 нафар маҳкум озодликка чиқарилган. Уларнинг жами сони 1 миллион 201 минг 601 нафарни ташкил этган (Қаранг: Амнистия 1953 года/https://ru.wikipedia.org).
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, “Берия амнистияси” билан боғлиқ ушбу рақам ва далилларни турлича талқин қилиш мумкин. Айтайлик, ўша амнистия акти – Сталин ўлимидан кейин собиқ СССРда зулм ва зўравонликларга чек қўйиш, сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида қўйилган улкан бир қадам бўлса-чи? Аммо...
Ҳамма гап шунда: “Берия амнистияси” мамлакат қамоқхоналарида ноҳақ жабр чекиб ётган қанчадан-қанча сиёсий маҳкумларни шунчаки четлаб ўтган. Зотан, ХХ аср 50-йилларидаги “илиқлик даври"да катта қатағон қурбонлари орасидан айрим таниқли зиёлиларнигина қисман оқлаш йўлидан борилган.
Бунинг сабаби шуки, ўша даврда совет давлати қамоқхоналари, лагерь ва колонияларида 2 миллион 526 минг 400 дан ортиқ маҳкум жазо муддатини ўтаётган бўлиб, агар ноҳақ қатағон этилган миллионлаб оддий кишилар ҳам ялпи оқлаб юборилса, советлар тузуми зулмкор бўлгани тўғрисидаги ҳақиқат очилиб қолар, оқибатда халқнинг ишончсизлиги ва норозилиги кучайиб кетиши мумкин, деб қаралган. Бундай қаттол сиёсат ҳатто 1990-йилларда собиқ СССРнинг биринчи ва охирги президенти М.Горбачёв ҳам бу борада оқлов ҳужжатларини имзолаганидан қатъи назар, токи зулм салтанати барҳам топгунига қадар давом этди.
Мухтасар айтганда, шўролар қатағонига учраган юз мингдан зиёд юртдошимизга нисбатан адолатни том маънода қарор топтиришга кейинги йилларда, айнан Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар муҳитида астойдил киришилди. Бу йўлдаги савобли ишларни изчил давом эттириш барчамиз учун фарзу қарздир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 27.03.2025
- Кўришлар: 294
- Чоп этиш