«Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги»

10 июнь куни Бишкекда шу мавзудаги халқаро форум ўз ишини бошлади. Анжуманнинг тантанали очилиши Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясида ўтказилди.

Тадбирда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бош котиби Султон Раев, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Анқара шаҳридаги Чингиз Айтматов институти раҳбари профессор Иляс Тупсакал, ушбу Институт директорлар кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Озарбайжон Республикаси халқ рассоми Сакит Маммадов, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Мереке Кулкенов ва бошқалар иштирок этди.

Форум очилишида, шунингдек, Қирғиз Республикаси Давлат котиби Марат Иманкулов, Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев, Миллий фанлар академияси президенти Канатбек Абдраҳматов, Чингиз Айтматов номидаги Тил ва адабиёт институти директори Абдилдажан Ахматалиев каби Қирғизистон давлат органлари намояндалари, жамоат арбоблари, олимлар ҳамда маданият соҳаси вакиллари қатнашди.

Форум атоқли адибнинг маънавий мероси ва унинг аҳамияти туркий дунё келажаги учун нечоғлик муҳимлигини теран таҳлил ҳамда талқин этиш борасида жонли мулоқот майдонига айланди. Иштирокчилар томонидан Чингиз Айтматов ғоялари бугунги кунда ҳам, айниқса, замонамизнинг инсонпарварлик муаммолари шароитида долзарб бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланмоқда.

Хусусан, академик Акмал Саидовнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”, деган фикрлари бежиз эмас. Чунки юртимиз, минтақамиз ва бутун туркий дунёда бу улуғ ижодкорнинг китоблари кириб бормаган бирор хонадонни, унинг гўзал қисса ва романларини ўқимаган, улар асосида яратилган кинофильмларни томоша қилмаган бирон-бир кишини топиш қийин.

Чингиз Тўрақулович олам фуқароси эди. Унинг чуқур бадиий-фалсафий қарашлари, қаҳрамонларининг ҳаётга бўлган муҳаббати чексиз эди. Атоқли адиб ўз ижодида жаҳон адабиётининг халқ ҳаёти билан боғлиқ йўналишларини тадқиқ этди. У Шарқнинг чуқур фалсафаси ва Европа адабиётининг энг сара анъаналарини ўзида мужассамлаштирди. Айни чоғда, Чингиз Айтматов туркий дунё адабиётининг энг улкан намояндасидир. Шундай экан, Айтматовни таниш ва асарларини ўқиш учун бундай форумлар, конгресслар ва бошқа маърифий-маданий тадбирларни кўплаб ўтказиш лозим, деб таъкидлади А.Саидов.

Форум доирасида Чингиз Айтматовнинг ижодий мероси, унинг жаҳон ва туркий маданият ривожига қўшган ҳиссасига оид қизиқарли маърузалар тингланмоқда. Бундан кўзланган мақсад туркий тилли давлатлар ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Халқаро анжуманга Қирғизистон Миллий фанлар академияси мезбонлик қилмоқда. Форум Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Қирғизистон Фанлар академиясининг Чингиз Айтматов номидаги Тил ва адабиёт институти ҳамда Анқара шаҳридаги Чингиз Айтматов институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech