12 июнь – Бутунжаҳон болалар
меҳнатига қарши курашиш куни
Ҳар йили 12 июнда дунё бўйлаб Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни кенг нишонланади. Бу сана Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ташаббуси билан 2002 йилда болаларни эксплуатациядан ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиш, соғлом ҳаёт кечириш ва болаликни тўлақонли яшаш ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида белгиланган.
Сўнгги йилларда глобал миқёсда болалар меҳнатининг янги шакллари – ахборот технологиялари соҳасида яширин эксплуатация, иқлим миграцияси билан боғлиқ мажбурий меҳнат ва норасмий сектор хавфлари кучайиб бормоқда. ХМТнинг 2023 йилги ҳисоботига қараганда, дунёда 160 миллиондан ортиқ бола турли шаклларда меҳнатга жалб қилинган бўлиб, уларнинг деярли ярми хавфли шароитларда ишлайди.
Ўзбекистон учун болалар меҳнатига қарши курашиш масаласи нафақат халқаро мажбурият, балки ички сиёсат ва инсоний қадриятлар масаласи ҳамдир. Юртимизда 2010-йиллар охиригача халқаро танқид марказида бўлган пахта секторидаги болалар меҳнати 2022 йилда бутунлай тугатилди. ХМТ вакиллари 2024 йилги кузги баҳолашда мамлакатда “тизимли бола меҳнати ҳолатлари барҳам топгани” ҳақида хулоса берди.
Ўзбекистон экспорт соҳасида ҳам болалар меҳнатини бартараф этишни муҳим рақобат устунлиги сифатида кўрмоқда. Эндиликда саноат корхоналари ва логистика фирмалари “бола меҳнатисиз таъминот занжири” сертификатини олиш учун барча пудратчи ва субпудратчиларида болалар меҳнатидан фойдаланилмаётганини ҳужжатлар билан исботлаши шарт.
Бундай сертификат Европа ва Шимолий Америка бозорлари учун ижтимоий масъулиятни кўрсатадиган муҳим омилга айланмоқда. Маҳалла кенгашлари, Ёшлар иттифоқи ва нодавлат ташкилотлар бу борада аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Маҳаллаларда болалар билан ишловчи кенгашлар – ўқитувчи, психолог, тиббиёт ходими ва маҳалла раиси ҳар ойнинг 10-санасида вазиятни таҳлил қилиб, ҳар бир боланинг таълим ва ижтимоий ҳолатини баҳоламоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг “Қияли” маҳалласида 2023 йилда бирорта ҳам бола меҳнати ҳолати аниқланмагани бу тизимнинг реал натижасидир.
Жорий йилдан бошлаб ўқувчиларга мос касбий йўналишлар таклиф қилинмоқда. Ҳозирги вақтда “Битта мактаб – битта касб” тажрибаси Андижон ва Хоразм вилоятларида синовдан ўтмоқда. Унга кўра, 9-синф ўқувчилари ўқишдан кейин график дизайн, электротехника, агрохизмат каби йўналишлар бўйича қонуний сертификат олади.
Ўз навбатида, шартнома асосидаги бандлик ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлайди. Шунингдек, 12 йиллик таълим моделига ўтиш орқали мактабгача таълим қамрови 70 фоизга етказилгани болани эрта ёшдан меҳнат эмас, ривожланиш муҳитига жалб этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон олдига аниқ мақсад қўйди. Яъни, 2030 йилгача ҳар бир бола ижтимоий ҳимоя, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олинади. Бу борада ЮНИСЕФ, ХМТ ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли лойиҳалар бошланган. Хусусан, “Alliance 8.7” глобал коалициясида Ўзбекистон “Рақамли мониторинг ва реабилитация” модели орқали ўзининг илғор тажрибасини намойиш этди.
Ижтимоий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар меҳнати билан боғлиқ 65 фоиз ҳолатлар ижтимоий ёрдамдан четда қолган оилаларда учрайди. Шу боис, ҳуқуқий жазодан кўра, ижтимоий профилактика ва маънавий-маърифий ишлар устувор йўналишга айланмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борада катта бурилиш бўлди. Илгари халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинган пахта далаларидаги болалар меҳнати ҳолатлари бартараф этилди. Бинобарин, 2024 йил кузида ХМТ “Ўзбекистонда болалар меҳнати эндиликда тизимли муаммо эмас” деган хулосасини эълон қилди.
Аммо ҳукумат бу маррани фақат оромгоҳ эмас, балки янги босқич деб қабул қилди. Чунки бола меҳнати нафақат пахта даласида, балки қурилишда, расталарда, хизмат кўрсатиш соҳасида, баъзида эса хонадонда ҳам учрайди.
Бу каби ҳолатларнинг кўпи ижтимоий босим, камбағаллик, таълимга етарли имкон йўқлиги ёки ота-онанинг ҳуқуқий онг даражаси билан боғлиқ. Шу сабабли Ўзбекистон болалар меҳнатини тугатишга фақат тақиқлар орқали эмас, балки комплекс ижтимоий механизмлар, таълим ислоҳотлари ва маҳалла бирдамлиги орқали ёндашмоқда.
Бугунги кунда мамлакат бўйлаб Ягона ижтимоий реестр жорий этилган. Бу тизим ҳар бир оиланинг эҳтиёжлари, болаларнинг ҳолати, мактабга қатнаши, соғлиғи ва оиланинг иқтисодий шароитини рақамли шаклда таҳлил қилади.
Ушбу маълумотлар асосида “Бола дафтари” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу негизда 700 мингдан ортиқ кам таъминланган оила моддий ёрдам, психологик ва тиббий хизматлар билан қамраб олинди.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, “Меҳр-25” дастури орқали айнан болаларга йўналтирилган бепул реабилитация хизматлари йўлга қўйилди. Ҳозирда 14 мингдан ортиқ маҳаллада ушбу дафтар юритилмоқда.
Шунингдек, давлат болаларни таълимга қайтариш, уларнинг билим ва касб-ҳунар олиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўрта мактабларда “ҳаёт учун зарур кўникмалар”га асосланган янги дарс модуллари ўқитилмоқда.
Банк хизматлари, экологик маданият, соғлом турмуш тарзи каби амалий машғулотлар орқали ўсмирнинг ҳаётга тайёргарлиги оширилмоқда. Натижада бола меҳнатга мажбурланмайди, ота-она эса фарзандининг ҳуқуқлари ҳимояланганига ишонч ҳосил қилади.
Шу билан бирга, ҳали мавжуд бўлган хатарлар ҳам инкор этилмаяпти. Аҳоли миграцияси натижасида йирик шаҳарлар атрофида “кўринмас болалар” гуруҳи шаклланмоқда. Улар рўйхатда йўқ, аммо расталарда, бозорлар ва хизмат соҳасида меҳнат қилмоқда.
Шу сабабли 16 ёшгача бўлган болаларнинг мажбурий онлайн рўйхатга олиниши, бандликдан олдин ҳуқуқий тренингдан ўтказилиши ва назорат қилиниши бўйича янги платформалар йўлга қўйилмоқда. Иш берувчилар эса бола меҳнатисиз занжир сертификатини йўқотмаслик учун қонунга риоя қилишга мажбур бўлмоқда.
Болалар меҳнатига қарши курашиш – фақат қонуний тақиқ ёки жазолар билангина ечим топадиган муаммо эмас, балки инсонийлик, иқтисодий барқарорлик, таълимга содиқлик ва маҳалла бирдамлигига таянадиган узлуксиз жараёндир. Ўзбекистон бу борада халқаро майдонда тан олинган, натижадор, шу билан бирга доимий янгиланиб борувчи ўз миллий моделини шакллантирмоқда.
Мухтасар айтганда, ҳар бир бола – жамиятимиз бугунининг замини, келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори. У мактабда ўқиса, спорт майдонида машқ қилса, илмий тўгаракда ижод қилса – буларнинг барчаси ҳар биримиз, бутун жамиятимиз ва давлатимизнинг энг катта ютуғига айланади.
Адҳам МУХРУМБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими
етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 12.06.2025
- Кўришлар: 272
- Чоп этиш