ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ – ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР ЎРТАСИДАГИ ОЛТИН КЎПРИК

Жорий йилнинг 9-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида «ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ – ТУРКИЙ ДУНЁ КЕЛАЖАГИ» мавзусида халқаро Форум бўлиб ўтди. Форум ишида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг давлат ва жамоат арбоблари, Қирғизистон жамоатчилиги, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти, Чингиз Айтматов халқаро институти вакиллари иштирок этди.

Форум ташкилотчилари – ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котибияти, Чингиз Айтматов халқаро институти, шунингдек, Қирғизистон Фанлар академиясининг Чингиз Айтматов номидаги Тил ва адабиёт институти ҳамда Қирғиз Республикаси Маданият, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳисобланади.

 

ТУРКСОЙ – туркий дунё ЮНЕСКОси

 

Кейинги вақтда халқаро ва минтақавий доираларда шундай қиёс тез-тез тилга олинади: АЙСЕСКО – ислом оламининг, Халқаро туркий маданият ташкилоти, яъни ТУРКСОЙ эса туркий дунёнинг ўзига хос ЮНЕСКО ташкилотига ўхшатилади.

ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти 1993 йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Туркия маданият вазирларининг келишуви натижасида таъсис этилган. Бугунги кунда ТУРКСОЙга 14 та давлат аъзо, шундан 6 таси – ташкилот таъсисчиси ва 8 таси – кузатувчи давлат. Қароргоҳи Туркия пойтахти Анқарада жойлашган. Ташкилот Бош котиби лавозимида 2022 йил 31 мартдан атоқли қирғиз адиби Султон Раев фаолият юритмоқда.

ТУРКСОЙ ташкилотининг мақсади туркий халқлар ўртасидаги биродарлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, умумий туркий маданиятни ёйиш ва уни келажак авлодлар учун сақлаб қолишдан иборат. ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар раҳбарлари ҳомийлигида амалга оширилаётган ташкилот фаолияти жаҳонда юксак баҳоланиб, эътироф этилган.

ТУРКСОЙ ҳомийлигида Туркий кенгаш, Халқаро турк академияси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси каби ташкилотлар фаолият юритади. Бундан ташқари, ТУРКСОЙ кўплаб лойиҳаларда ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, МДҲга аъзо давлатларнинг Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси сингари ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

ТУРКСОЙ ташкилотчилигида ўтказилган Бишкек Форуми атоқли адибнинг маънавий мероси ва унинг аҳамияти туркий дунё келажаги учун нечоғлик муҳимлигини теран таҳлил ҳамда талқин этиш борасида том маънодаги жонли мулоқот майдонига айланди. Иштирокчилар Чингиз Айтматов ғоялари бугунги кунда ҳам, айниқса, замонамизнинг инсонпарварлик муаммолари шароитида долзарб бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидладилар.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТга) аъзо бўлганидан буён ТДТ ва ТУРКСОЙ билан ҳамкорлик доирасида ўнлаб ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, ТУРКСОЙ томонидан 2020 йилда Хива шаҳри – “Турк дунёсининг маданият пойтахти” деб эълон қилинди, 2024 йилда Бухорода Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорларининг анжумани ўтказилди. Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси қабул қилинди.

 

Чингиз Айтматов халқаро институти – янги туркий маърифат маркази

 

Форумнинг яна бир ташкилотчиси – Чингиз Айтматов халқаро институти 2025 йил февралида Анқарада очилган. Ушбу Институтни ташкил этиш ғоясини Туркия давлат арбоби ва сиёсатчиси Давлет Бахчели илгари сурган.

Институтнинг асосий вазифаси машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ижоди, ғоялари, ижодий мероси ва фаолияти ҳамда интеллектуал дунёқарашини халқаро миқёсда оммалаштириш ва тарғиб қилиш, шунингдек, Чингиз Айтматов ғоялари нуқтаи назаридан замонавий глобал дунё муаммоларига бағишланган мулоқот майдонлари яратишдан иборат. Институт ташаббуси билан Чингиз Айтматов асарларини туркий ёзувда нашр этиш масаласи кўтарилган. Бишкек Форумига ўхшаш тадбирлар Берлин ва Лондонда ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Чингиз Айтматов халқаро институти директорлар кенгашига 14 киши киритилган. Улар орасида Туркиянинг таниқли сиёсий, маданий, интеллектуал ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда хорижий арбоблар бор.

Янада аниқ қилиб айтганда, Институт директорлар кенгашига ҳар битта туркий давлатдан бир нафар вакил олинган. Камина Чингиз Айтматов хотирасига бағишланган халқаро Форумда ушбу Кенгашнинг Ўзбекистон Республикасидан вакили сифатида иштирок этди.

Форум арафасида, 9 июнь куни Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Тўрағаси (Раиси) Нурланбек Турғунбек уулу Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Чингиз Айтматов халқаро институти раҳбари, профессор Иляс Тупсакал бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда, шунингдек, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ва Чингиз Айтматов халқаро институти директорлар кенгаши аъзолари иштирок этди.

Томонлар туркий халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, маданият ва санъат арбобларининг ўзаро ижодий алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Мулоқот асносида ТУРКСОЙ – Халқаро туркий маданият ташкилоти фаолияти доирасида бу борада изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, мазкур расмий делегациянинг Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев билан учрашувида ХХ асрнинг энг буюк донишмандларидан бири, бетакрор адиб, жамоат ва давлат арбоби, дипломат Чингиз Айтматов ижодий ва маънавий меросининг бутун туркий дунё учун аҳамияти, атоқли адибнинг Шарқ ва Ғарб маданиятларини бирлаштирган умуминсоний гуманист сифатидаги роли яна бир бор эътироф этилди.

Мулоқот асносида Чингиз Айтматовнинг туркий тилли халқларнинг якдил инсонпарварлик ва маданий қадриятларини шакллантиришдаги муносиб ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди. Қирғизистон вазири туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни изчил қўллаб-қувватлаётгани ва изчил ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси учун ТУРКСОЙ ташкилоти ва Чингиз Айтматов халқаро институтига чуқур миннатдорчилик билдирди.

 

Туркий дунёнинг Чингиз оға хотирасига эҳтироми

 

Бундан роппа-роса 17 йил аввал – 2008 йил 10 июнда бетакрор адиб, жамоат ва давлат арбоби, дипломат Чингиз Айтматов Германиянинг Нюренберг шаҳридаги клиникада муолажа олаётганида оламдан ўтган. Атоқли замондошимиз васиятига кўра ўша йили 14 июнда Бишкек шаҳри яқинидаги қабристонда – «Ота-Бейит» тарихий-мемориал мажмуасида дафн этилган.

«Ота-Бейит» – оталар мозори, деган маънони англатади. Ушбу қабристон Бишкекдан 25 километр масофадаги Чўнгтош овулида жойлашган. Бу зиёратгоҳда 2020 йили тарихий-мемориал мажмуа барпо этилган бўлиб, у Чингиз Айтматов ташаббуси билан «Ота-Бейит» деб номланган.

Чингиз Айтматовнинг вафоти умумхалқ мотамига айланиб кетганди ўшанда. Ч. Айтматов дафн этилган кунлари етти яшардан етмиш яшаргача ҳамма йиғлади. Хорижий делегатларнинг вакиллари, Чингиз оғанинг китобларини чоп этган Европа ноширлари, турли мамлакатлардан келган ёзувчилар умумхалқ мотамига шерик бўлдилар. Эсимда, “Қирғизфильм” киностудияси “Айтматов билан видолашув” номли ҳужжатли фильм ҳам яратганди.

Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ўзи айтгандай якун топди. Ҳаёт дегани чиндан-да “оптимистик якун топадиган фожиадир”. У вафот этди, лекин ўзидан кейин инсон жони, унинг ҳис-туйғулари ва виждони тўғрисидаги мангу масалаларга бағишланган туганмас маънавий-адабий мерос қолдирди. Бу мерос эндиликда бутун дунёга зарур, чунки ҳозирги дунёда чинакам инсоний қадриятлар ўрнини истеъмолчи жамият қадриятлари эгалламоқда ва одамларни Ч.Айтматов айтган ўша “манқурт”ларга айлантирмоқда.

Дарвоқе, 2025 йил 10 июнь куни «Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги» мавзусидаги халқаро Форум бошланишидан олдин «Ота-Бейит» ёдгорлик мажмуасида Чингиз Айтматовни хотирлаш маросими бўлди. Бу ерда мангу ором топган қатағон қурбонлари ва Чингиз Айтматовнинг ёрқин хотираси ёд этилди, ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйилди. Қуръони карим оятлари тиловат қилинди.

Фикримизча, «Ота-Бейит» қабристонида қатағон қурбонлари ва Чингиз Айтматовнинг ёрқин хотираси бирдек ёд этилгани замирида ўзига хос рамзий маъно бор. Чингиз Айтматовнинг отаси – раҳбар лавозимларда ишлаган Тўрақул Айтматов 1937 йилда қатағон қилиниб, 1938 йилда отишга ҳукм этилган. Бу ерда у киши ва сафдошлари – қирғиз халқининг қатағонга дучор бўлган 138 нафар зиёли фарзанди шарафига хотира мажмуаси барпо этилган. 

Шу маънода, ушбу зиёрат туркий дунёнинг Чингиз Айтматов хотирасига яна бир юксак эҳтироми ифодасидир. Бинобарин, Чингиз оға билан видолашув санасига 17 йил тўлган бўлса ҳам, севимли адибимиз гўёки ўлмагандек, ҳали ҳам орамизда юргандек. Зотан, унинг асарлари, ғоялари, эзгу ишлари барҳаётлигини таъминлаб келмоқда.

 

Чингиз Айтматов ижодига бағишланган расмлар

кўргазмаси

 

10 июнь куни Бишкек шаҳрида жойлашган Гапар Айтиев номидаги Миллий тасвирий санъат музейида атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёт йўли ва ижодидан руҳланиб яратилган расмлар кўргазмаси очилди. Ушбу маданий-маърифий тадбир халқаро Форум доирасида ташкил этилди.

Аввало, Гапар Айтиев номидаги Миллий тасвирий санъат музейи тарихи ҳақида мухтасар сўз: Ушбу музейга 90 йил олдин – 1935 йилда асос солинган. Дастлаб Қирғизистон расмлар галереяси деб аталган мазкур музейга кейинчалик машҳур қирғиз рассоми Гапар Айтиев номи берилган. Музей Қирғизистоннинг етакчи бадиий хазинаси бўлиб, бу ерда қарийб 18 мингта санъат асари жамланган.

Бугунги кунда бутун дунёда табиат, маданият, адабиёт ва санъатга эътибор айниқса ортиб бормоқда. Шу маънода, атоқли адибнинг фарзанди, Чингиз Айтматов Фонди президенти Элдор Айтматов ташаббуси билан Қирғизистон пойтахтидаги машҳур музейда ушбу кўргазма ташкил этилгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Бу ҳақда фикр юритганда, ҳозирги жаҳон маданиятшунослигида “Айтматовшунослик” деб ном олган мустақил йўналиш таркиб топганини ва изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ёзувчининг ижоди ва асарлари ҳақида юзлаб мақолалар, тақризлар, фикрлар, илмий тадқиқотлар ёзилган. Бугина эмас, Ч.Айтматов оммабоп ва ўта обрўли нашрларнинг, газеталар, журналларнинг ардоқли муаллифи эди. 

Аксарият мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари ўзларининг радиоэфирларини ва телеэкранларини Чингиз Айтматовга тақдим этган пайтлар кўп бўлган. Дунё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётидаги барча муҳим воқеалар ҳақида ёзувчининг фикри Шарқ ҳамда Ғарб китобхонлари, газетхон – журналхонлари ва томошабинлари учун ҳам нуфузли ва қизиқарли эди.

Чингиз Айтматов асарларининг ўта жозибали бўлиши муаллиф ақл-идрокининг фалсафий мантиғи самарасидир. Аслида, унинг китоблари кишини сеҳрлаб қўяди, теран хаёлга чўмишга ундайди, нафис иқтидори ва гуманистик яхлитлиги билан фарқланиб туради. Шунинг учун дунёда Айтматов ижодининг ихлосмандлари бисёр.

ЮНЕСКО маълумотларида адиб асарларининг жаҳоншумул муваффақияти, унинг бутун дунёда тан олиниши билан боғлиқ қуйидаги хабарлар эълон қилинган: XXI аср бўсағасида Ч.Айтматовнинг асарлари 168 та мамлакатда, 165 та давлат тилида, 67,2 миллион нусхада, 830 марта нашр этилган. Бу рақамлар, албатта, кундан-кун ортиб бормоқда. Адибнинг кўплаб асарлари асосида фильмлар ва саҳна асарлари яратилган бўлиб, улар қизиқиш билан томоша қилинади.

 

Чингиз Айтматов уй-музейига Ўзбекистонда нашр этилган китоблар тақдим этилди

 

10 июнь куни Форум иштирокчилари Бишкек шаҳрида жойлашган Чингиз Айтматов уй-музейини зиёрат қилдилар. Меҳмонларни атоқли адибнинг фарзанди, Чингиз Айтматов Фонди президенти Элдор Айтматов кутиб олди.

Уй-музей кутубхонасига Ўзбекистонда атоқли адиб ҳаёти ва ижодига бағишлаб чоп этилган янги китоблар тақдим этилди. Бу нашрлар орасида каминанинг қаламига мансуб “Чингиз Айтматов феномени” (“Феномен Чингиза Айтматова”) ҳамда “Чингиз Айтматов: мумтоз адабиётнинг олтин ҳикматлари” (“Чингиз  Айтматов: золотые афоризмы классической литературы”) номли китоблар ҳам бор.

Ушбу китобларнинг дастлабкисида мумтоз адибнинг ижодий мероси ва дипломатик фаолияти ҳақида сўз боради. Чингиз Айтматов асарларидан хабардорлигим, шунингдек, кўп йиллар давомида Тошкент ва Москва, Париж ва Брюссель шаҳарларида ёзувчи билан шахсан бўлиб ўтган суҳбатларимиз асосида туғилган унутилмас таассуротлар ва фикр-мулоҳазаларим қоғозга туширилган. Кейинги китобдаги Чингиз Айтматов асарларидан териб олинган ноёб ҳикматли сўзлар буюк адибнинг номи зукко файласуф ва инсонпарвар сифатида мангуликка дохиллигича қолишидан яққол далолатдир.

Ўзбек халқи улуғ қирғиз адибининг аксарият асарларини ўз она тилида анчадан буён ва қайта-қайта мутолаа қилиб келмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимиз нашриётларида адибнинг ўнлаб китоблари чоп этилган. Айниқса, 2015 йилда ёзувчининг 6 жилдлик “Тўла асарлар тўплами” нашр этилгани ўзбек китобхонлари учун ажойиб туҳфа бўлди. Бу асарларни таржима қилишда Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев каби етакчи таржимонларнинг юксак маҳорати ва фидойиларча ижодий меҳнати таҳсинга лойиқдир.   

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори айни маънавий-маърифий жараёнга кучли турки берди. Хусусан, 2023 йили Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон” нашриётида “Чингиз Айтматов. Асарлар” 10 жилдлик тўплами чоп этилгани катта маънавий-адабий воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг “Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”, деган фикрлари бежиз эмас. Чунки юртимиз, минтақамиз ва бутун туркий дунёда бу улуғ ижодкорнинг китоблари кириб бормаган бирор хонадонни, унинг гўзал қисса ва романларини ўқимаган, улар асосида яратилган кинофильмларни томоша қилмаган бирон-бир кишини топиш қийин.

Чингиз Тўрақулович дунё фуқароси эди. Унинг чуқур бадиий-фалсафий қарашлари, қаҳрамонларининг ҳаётга бўлган муҳаббати чексиз эди. Атоқли адиб ўз ижодида жаҳон адабиётининг халқ ҳаёти билан боғлиқ йўналишларини тадқиқ этди. У Шарқнинг чуқур фалсафаси ва Европа адабиётининг энг сара анъаналарини ўзида мужассамлаштирди.

Чингиз Айтматов – туркий дунё адабиётининг энг улкан намояндасидир. Шундай экан, келгусида Чингиз Айтматов тўла асарлари электрон тўпламини нашр этиш,  Айтматовшунослик жаҳон конгрессини ўтказиш, улуғ адиб издошлари – ёш ёзувчилар форумларни ташкил этиш лозим, деган фикрдамиз.

 

Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги

 

Бишкек шаҳрида улуғ адиб хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро Форум айнан шундай номланганини қайд этгандик. Форум давомида ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котиби, таниқли қирғиз адиби Султон Раев “Чингиз Айтматов – туркий халқлар ўртасидаги олтин кўприкка ўхшайди”, деган ҳикматли иборани тилга олди.

Аслида ҳам, Форум том маънода адиб меросини ва унинг туркий дунё келажаги учун аҳамиятини муҳокама қилиш майдонига айланди. Иштирокчилар ўзгараётган жаҳон тартиби шароитида туркий маданиятни сақлаб қолишнинг муҳимлигини таъкидладилар.

ТУРКСОЙ Бош котиби қайд этганидек, "Биз яшаётган дунё шиддат билан ўзгармоқда: кучлар мувозанати силжияпти, чегаралар ўзгаряпти ва технологиялар ривожланишда давом этмоқда. Бироқ, барча бундай ўзгаришлар орасида инсоннинг руҳи, виждони ва асосий қадриятларини сақлаб қола оламизми?  Мана шу савол устида чуқур ўйлаб кўриш керак".

Чингиз Айтматовнинг туркий дунё учун аҳамиятига урғу берар экан, Султон Раев яна шундай деди: "У нафақат қирғиз халқининг, балки бутун туркий дунёнинг умумий қадрияти, умумий овози ва умумий онгидир. Унинг асарлари туркий халқларнинг бутун дунёга етказилган бадиий сўзидир.  Айтматов инсониятга туркий маданиятни танитган мутафаккирдир".

Ўз навбатида, Чингиз Айтматов халқаро институти раҳбари профессор Иляс Тупсакал туркий маданий анъаналарни ўрганиш ва тарихий онгни тадқиқ этишнинг муҳимлигига эътиборни қаратди. У Чингиз Айтматов асарларида туркий дунёнинг умумий қадриятлари акс этганини қайд этди.

Иляс Тупсакалнинг фикрича, буюк инсонларнинг ҳаёти халқлар ҳаётига ўхшайди. Улар миллатимиз ўтмишининг кўзгуси ҳам, келажагининг пойдевори ҳамдир. Шу маънода, улуғ адибнинг асарлари тарихимиз, муҳаббатимиз, умидимиз ва дардимиз ҳақида ҳикоя қилади. Бу асарлар туркий халқлар ёшларига уларнинг ўтмиши ҳақида сўзлаб беради ва келажакка йўл кўрсатади.

Чингиз Айтматовнинг: "Мен учун ўзбеклар ва қирғизлар бир халқ, бу менинг халқим" деган машҳур сўзлари бор. Яхши биламизки, ХХ асрнинг 80-йилларида собиқ марказ томонидан уюштирилган "ўзбек иши," "пахта иши" каби адолатсиз сиёсий кампаниялар пайтида Чингиз Айтматов адолат ва ҳақиқат жарчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва қадр-қимматини мардларча ҳимоя қилган.

Форумда камина шулар ҳақида ҳам тўхталди. Бинобарин, буюк адиб давлатимиз томонидан "Дўстлик" ва "Буюк хизматлари учун" орденлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг Алишер Навоий номидаги мукофоти билан тақдирланган. Улуғ адиб хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига унинг номи берилгани ҳам биз учун жуда муҳим.

  

Чингиз Айтматов – Элчи ва халқ дипломати

 

Дипломатия тарихи дипломатик фаолият билан адабиёт ва ёзувчи маҳорати ўртасида тиғиз боғлиқлик борлигини кўрсатади. Чингиз оғанинг таъбири билан айтганда, “Ёзувчи билан дипломатнинг касблари бир-бирига ўхшаб кетади. Униси ҳам, буниси ҳам халқларни яқинлаштиради, фақат, албатта, ҳар бири ўз моҳиятига қараб иш кўради”.

Чингиз Айтматов деярли 80 йиллик умрининг қарийб 20 йилини Элчи мартабасида ўтказди. Дастлаб буюк термоядро мамлакатининг, сўнгра  советлардан кейинги энг йирик Россия давлатининг, кейинги 15 йил ичида эса ўз ватани – кичкинагина тоғли мамлакатнинг Буюк Элчиси сифатида  кўп йиллик дипломатик йўлни муваффақият билан босиб ўтди.

Чингиз Айтматов – жаҳон дипломатия тарихида учта  давлатнинг Люксембург Буюк Герцоглигида собиқ СССРнинг биринчи ва Россия Федерациясини биринчи Элчиси, Қирғиз Республикасининг биринчи Элчиси (айни вақтда ўриндошлик билан тўртта мамлакатда: Бельгия, Франция, Нидерландия ва Люксембург Герцоглиги қиролликларида,  яъни “Бенилюкс” давлатларида Элчи) эди.

Чингиз оға бир томонлама дипломатия  майдонидагина эмас, балки кўп томонлама дипломатия майдонида ҳал дипломатик фаолият олиб борди. Ч.Айтматов Европа ҳамжамиятлари Комиссиясида, НАТО ва ЮНЕСКОда ўриндошлик асосида Қирғизистоннинг биринчи доимий вакили эди. Бундан ташқари у бошчилик қилган элчихона Қирғиз Республикаси ҳукуматининг Жаҳон Божхона ташкилоти, Халқаро арбитраж  суди ва бошқа бир қанча халқаро ташкилотлардаги доимий вакили вазифасини бажарган.

Яна бир муҳим жиҳат: Чингиз Айтматов элчилик вазифасига расмий тайин этилмасдан олдин “Иссиқкўл Форуми” халқаро ҳаракатининг асосчиси ва узлуксиз раҳбари сифатида халқ дипломатияси соҳасида фаол иш олиб борган. Улуғ адибнинг ташаббуси билан “Иссиқкўл Форуми” турли маданий тамаддунлар туташган жойда пайдо бўлди.

Иссиқкўл Форумини Рим клубининг Осиёдаги йўлдоши деса бўлади. Кўпгина ҳолларни уларни бир-бирига ўхшатадилар ва Иссиқкўл Форуми – Рим клуби билан маънавий жиҳатдан яқин, дейдилар.

Янада эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Улуғ адиб нафақат бетакрор ва гўзал асарлари, айни пайтда, жўшқин ижтимоий фаолияти билан ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш борасида катта хизмат қилди. У, хусусан, 1995 йили Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеясининг ташаббускорларидан бири бўлган эди”.

Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси, таъбир жоиз бўлса, минтақамиз учун ўшанда ЮНЕСКО вазифасини ўтаган. Мазкур Ассамблея ҳатто бугунги ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг пойдевори, ўзига хос дебочаси, десак бўлади. Шу нуқтаи назардан, Чингиз Айтматовнинг ҳаёт ва ижод йўли туркий дунёда қанча кўп ўрганилса, шунча мақбул, зарур ва манфаатлидир.

Хулоса қилиб айтганда, Бишкек Форумида Чингиз Айтматовнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, минтақамизнинг порлоқ келажагини таъминлаш, туркий халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва бутун инсониятни асраш йўлида катта саъй-ҳаракатлар қилгани атрофлича эътироф этилди.

Бинобарин, 2028 йили бутун дунёда Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу қутлуғ санага тайёргарлик доирасида яна кўплаб китоблар нашр этилиши, тасвирий санъат асарлари, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратилиши, адибнинг уй-музейи тубдан модернизация қилиниши кутилмоқда.

 

 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 14 июнь кунги 121 (1447)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech