Ҳар йили 17 июнь санаси дунё миқёсида – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан жорий этилган ушбу санадан кўзланган мақсад ер деградацияси, чўлланиш ва сув танқислиги каби глобал муаммоларга жаҳон аҳли эътиборини кенг жалб қилиш, жамиятларни ушбу хавфларга қарши барқарор чоралар кўришга даъват этишдир.
Чўлланиш – фақат табиий чўлларда эмас, балки ер ресурсларининг нотўғри бошқарилиши ва иқлим ўзгариши туфайли ҳар қандай ҳудудда юзага келиши мумкин бўлган мураккаб экологик ва ижтимоий жараён. У тупроқ унумдорлигининг пасайиши, ўсимликлар қопламининг йўқолиши, сув ресурсларининг қисқариши ва натижада аҳоли турмуш сифатининг тушишига сабаб бўлади.
Қурғоқчилик эса инсон фаолияти ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ. У қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлик учун жиддий таҳдид туғдиради.
Ўзбекистон чўлланиш ва ер деградациясига қарши курашиш масаласини миллий экологик, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликнинг узвий қисми сифатида қараб келмоқда. Мамлакатимиз 1995 йилда Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни ҳаётга татбиқ этишда изчил ҳаракат қилмоқда.
Бу Конвенция миллий ва минтақавий ҳаракат дастурлари, илмий тадқиқотлар ва ахборот алмашинувини рағбатлантириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва аҳолининг барқарор яшаш шароитларини яратишни назарда тутади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб дарахт ва буталар экилиши, ўрмонзорлар майдони кенгайтирилиши ва деградацияга учраган ерлар тикланиши таъминланмоқда. Бу ташаббус нафақат ландшафтни яхшилаш, балки иқлим ўзгаришига мослашув, биологик хилма-хилликни сақлаш ва аҳолининг соғлом муҳитда яшаши учун асос яратади.
Яқинда қабул қилинган Президент фармони доирасида Ўзбекистонда Чўлланишга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш, ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илмий асосланган ёндашувни таъминлаш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилди.
Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик фалокат Ўзбекистон учун нафақат миллий, балки глобал экологик муаммо сифатида қаралади. Мамлакатимиз Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйидаги ҳудудларда чўлланишга қарши кўплаб махсус лойиҳаларни амалга оширмоқда. Оролбўйининг 2 миллион гектардан ортиқ чўл ҳудудларида қурғоқчиликка чидамли дарахт ва саксовул кўчатлари экилди.
Бундан ташқари, 2025 йил апрель ойида бўлиб ўтган Самарқанд халқаро иқлим форумида Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон Европа давлатлари билан Орол денгизи оқибатларини юмшатиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида самарали ҳамкорлик олиб бормоқда. Бундай шериклик нафақат минтақавий, балки глобал экологик барқарорликка ҳисса қўшади.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ сув танқислиги шароитида Ўзбекистон сув ресурсларини самарали бошқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Замонавий томчилатиб суғориш технологиялари, сув тежовчи агротехника ва рақамли бошқарув тизимларининг кенг жорий этилиши қишлоқ хўжалиги соҳасида барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Экологик муаммоларга қарши курашишда жамоатчиликнинг фаол иштирокисиз барқарор натижага эришиш мумкин эмас. Шу сабабли, Ўзбекистонда мактаб ва олий таълим муассасаларида экологик таълим жорий этилди. Аҳоли ўртасида маърифий ишлар, экофестиваллар, кўргазмалар ва форумлар мунтазам ташкил этиб борилмоқда. Бу ёш авлодда табиатга меҳр ва масъулият туйғусини мустаҳкамлайди .
БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларидан ўрин олган 15-мақсад – “Қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиш жараёнини тўхтатиш” борасида Ўзбекистон:
- халқаро битимлардан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ ер усти ва ички чучук сувли экотизимлар, жумладан, ўрмонлар, сувли-ботқоқли ҳудудлар, тоғлар ва қурғоқчил ерларни сақлаш, тиклаш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
- ўрмонларнинг барча турларидан оқилона фойдаланиш усулларини жорий этишга кўмаклашиш, ўрмонларнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш, емирилган ўрмонларни тиклаш ҳамда ўрмонзорлар ва ўрмонларни тиклаш кўламини жиддий равишда кўпайтириш;
- 2030 йилгача чўлланишга қарши курашиш, емирилган ерлар ва тупроқларни, шу жумладан, чўлланиш, қурғоқчилик ва сув тошқинига учраган ерларни тиклаш ва ерларнинг емирилишининг нейтрал балансига эришиш каби бир қатор миллий вазифаларни ўз олдига белгилаб олган. Бу борада узлуксиз ва кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши ҳар бир ташаббус, ҳар бир қадам — бу фақат бугунги кунда эмас, балки келажак авлод учун соғлом ва барқарор муҳит яратиш йўлидаги жавобгарлик ҳамдир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Бугунги кунда бизнинг вазифамиз – келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўришдан иборат”.
Дилдора Аҳмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 17.06.2025
- Кўришлар: 139
- Чоп этиш