Ёшларнинг муваффақиятлари – мамлакатимиз келажаги учун таянч

Дунё аҳолисининг ярми 30 ёшдан кичик навқирон инсонлардан иборат ва 2030 йил охирига келиб ушбу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу ёшларнинг 67 фоизи ёруғ келажакка ишонади. Сайёрамиздаги 15-17 ёшли болаларнинг аксарияти бундан-да некбин эканлиги киши руҳига қувват, кўнгилларга қувонч бахш этмасдан қолмайди.

Шу маънода, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби адолатли, тинч ва барқарор дунёни қуришда ёшлар таклиф қилаётган ечимларни қўллаб-қувватлаш учун кучларни бирлаштиришга чақиргани бежиз эмас.  Антониу Гутерриш: "Мен ҳар бир ёшга мурожаат қиламан: сизнинг овозингиз, ғояларингиз ва етакчилигингиз қимматли ва зарур", дея бутун жаҳон ёшларига ишонч билдирар экан, бу билан ёшларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг қобилияти ва салоҳиятини яна бир бор эътироф этди.

Юртимизда ёшларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ҳар бир ташаббус ва таклиф ўз натижасини кўрсатмоқда. 

Мамлакатимизнинг ёшларга оид сиёсатини халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирганлиги бунга яққол далилдир.

Маълумотларга қараганда, дунёнинг кам ва ўрта даромадли мамлакатларидаги болаларнинг ҳар ўнтасидан 6 нафари оддий матнни ўқий олмайди ва мазмунини ҳам тушунмайди. 

Ўзбекистонда эса ёшларнинг сифатли таълим олиши ва замонавий касбларни эгаллаши учун кенг имкониятларни яратиш мақсадида таълим муассасаларига қабул квоталари сезиларли даражада оширилди. Бунда сўнгги йилларда ёшларимизга сифатли таълим-тарбия бериш, хорижий тилларни ўргатиш, касб эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш давлатимиз ва жамиятимизнинг асосий вазифаларидан бирига айлангани катта аҳамият касб этмоқда.

Ёшларга кенг имкониятлар яратишдан кўзланган мақсад – уларнинг билимини, ижодкорлигини ва тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантиришдан иборатдир. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз замирида, шунингдек, навқирон инсонларни иқтисодий ва ижтимоий ҳаётга фаол жалб қилишдек эзгу ният мужассам.

Таълим соҳасидаги фаол ислоҳотлар натижасида биргина ўтган йили мамлакатимизнинг кўплаб ёшлари дунё рейтингида юқори ўринда турувчи “ТОП-500” талик нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Айни вақтда қарийб 2 минг нафар ўзбекистонлик йигит-қиз жаҳоннинг нуфузли университетларида таҳсил олаётгани ҳам юртимизда таълим борасида ёшларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яққол намунасидир.

Яна бир устувор йўналиш – ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб қилишдир. Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилиши, улар учун солиқ имтиёзлари яратилиши ёшларни иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу борада банклар томонидан 300 миллион доллар ажратилган бўлиб, бу маблағ яқин орада “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 100 минг нафар ёшни ва “Келажакка қадам” лойиҳаси орқали 140 минг олий ўқув юрти битирувчисини даромадли иш билан таъминлаш имконини беради.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз ва қонунларимизда давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, уй-жойли бўлиш, ишга жойлашиш ва дам олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун етарли шароит яратиш зарурлиги белгилаб қўйилганлиги фарзандларимиз муваффақиятлари учун учун энг асосий омил ҳисобланади. Бу ютуқлар қайси соҳасида бўлишидан қатъи назар, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат, мамлакатимиз келажагига таянч”.

 

Дилдора Аҳмедова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech