ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ: ҲОЛАТИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда миллий давлатчилик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат тамойилларини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори барпо этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида шундай таъкидланган: " Айнан мустақиллик, барча сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни ўзида мужассам этган ҳолда, «Ўзбекистон — 2030» стратегиямизни амалга ошириш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда".

Таъкидлаш жоизки, дунёга тобора очилаётган, жадал ислоҳотлар йўлидан бораётган Янги Ўзбекистон "давлат – халқ учун" тамойилига қатъий амал қилмоқда ва глобал ўзгаришларнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

 

Янги Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари

 

Бугунги кунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш, рақамли трансформацияни ривожлантириш, давлат хизматларини кўрсатишда инновацион ечимларни жорий этиш, давлат бошқаруви институтлари самарадорлигини тубдан ошириш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

2025 йил март ойида Бош котиб "БМТ-80" ташаббусини ишга туширди. Айни ташаббус БМТ фаолиятини тубдан ўзгартириш – самарадорликни ошириш имкониятларини аниқлаш, ваколатларни бажариш тартибини қайта кўриб чиқиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги эҳтимолий таркибий ўзгаришлар ҳамда дастурларни қайта тузишга қаратилган.

БМТ Бош котиби А.Гутерриш давлатларга шундай мурожаат қилди: "Биз мукаммал шароитларни кута олмаймиз. Халқаро ҳамкорликни янада кенг қамровли, адолатли ва инклюзив қилиш учун уни янгилаш ва ислоҳ этиш бўйича дастлабки қатъий қадамларни айнан ҳозир қўйишимиз лозим".

Янги Ўзбекистон Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Сўнгги йилларда БМТ билан ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб, 160 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Ўзбекистон БМТнинг барча тузилмалари фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз 2021 йилдан 2023 йилгача Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш таркибига кирди, 2024 йилда ЭКОСОС, ХМТ Бошқарув кенгаши, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди.

Бу йил Ўзбекистон илк бор БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кенгашига 2028−2029 йилларга мўлжалланган муддатга сайланди. ФАО кенгашига аъзолик Ўзбекистонга глобал аграр ва озиқ-овқат сиёсатини шакллантиришда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишда, миллий ва минтақавий ташаббусларни тақдим этишда, шунингдек, лойиҳаларни илгари суришда ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилишда кенг имкониятлар яратади.

Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) Глобал индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш доирасида БМТ билан ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастурини имзолаш кутилмоқда. Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси 43-сессиясига фаол тайёргарлик кўрилмоқда.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинди. Фақатгина 2025 йилнинг ўзида мамлакатимиз Бош Ассамблеянинг 79-сессияси давомида қабул қилинган 3 та резолюциянинг ташаббускори ва ҳаммуаллифи бўлди. Бу ўринда:

·     "Зилзила қурбонларини хотирлаш халқаро куни" (2025 йил 29 апрель);

·     "Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг алоҳида эҳтиёжлари ва улар олдида турган ривожланиш соҳасидаги ўзига хос муаммолар тўғрисида ахборот тарқатиш халқаро куни" (2025 йил 25 июль);

·     "Марказий Осиёда барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратишда сунъий интеллектнинг роли" (2025 йил 29 июль) резолюциялари ҳақида сўз бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу йил "6 август – Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва улар дуч келаётган ривожланиш соҳасидаги алоҳида муаммолар тўғрисида ахборот тарқатиш халқаро куни" биринчи марта 5-8 август кунлари Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида нишонланди.

Маълумки, Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси қуруқлик билан ўралган бўлиб, уларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари денгизга чиқиш имкониятсизлиги билан боғлиқ географик заифликни барқарор ривожланиш учун пойдеворга айлантириши мумкинлигини кўрсатмоқда. Янги транспорт йўлакларини барпо этиш, қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда энергетика ва сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали минтақа муваффақиятли интеграция намунасига айланмоқда.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти одатда қирғоқ бўйи давлатларникига нисбатан 40-60 фоиз паст, уларнинг жаҳон савдосидаги улуши эса 1 фоиздан кам эканлиги каби муаммоларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, йирик транспорт харажатлари ва транзит тизимининг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизигача бўлгани қисмини йўқотмоқда. Логистика харажатлари товарлар умумий қийматининг 60 фоизини ташкил этади ва бу рақам жаҳон ўртача кўрсаткичидан бир неча баробар юқоридир.

Шу сабабли дунёдаги икки марта қитъа ичкарисида жойлашган, яъни ҳатто ўзига қўшни давлатларнинг ҳам денгизга чиқиш йўли бўлмаган ягона давлат ҳисобланувчи Ўзбекистон янги ишончли транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш тарафдоридир. Бугунги кунда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал келишувни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда.

 

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси

 

Жорий йилда жаҳон ҳамжамияти инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 60 йиллигини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг гендер мезонини бошлаб берган Аёлларга нисбатан Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлайди. Мамлакатимизда ушбу саналарни нишонлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари ва таълим муассасаларини кенг жалб этган ҳолда кенг қамровли тадбирлар дастурлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, бу йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги кўплаб минтақавий воситаларнинг юбилей саналари, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси қабул қилинганининг 75 йиллиги, EХҲТнинг Хельсинки битими қабул қилинганининг 50 йиллиги, МДҲнинг Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенциясининг 30 йиллиги, шунингдек, Европа Иттифоқи Асосий ҳуқуқлар хартиясининг 25 йиллиги нишонланмоқда. Ушбу ҳужжатлар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий халқаро тизими учун таянч устунлар ҳисобланади.

Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минтақавий тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. Жорий йилда янги ташкил этилган МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон вакили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига 2025-2028 йилларга мўлжалланган давр учун сайланди.

Июнь ойида Брюсселда Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва улар билан боғлиқ масалалар бўйича "Ўзбекистон – Европа Иттифоқи" кичик қўмитасининг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенглик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Инсон ҳуқуқлари – замонавий цивилизация тараққиёти даражасини кўрсатиб турувчи мезондир. Афсуски, дунёда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, геосиёсий ўзгаришлар ва қуролли можаролар инсон ҳуқуқлари масалаларига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Маълумки, Вена декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар дастури ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилишни тавсия этган.

Бугунги кунда дунёнинг 80 та мамлакатида инсон ҳуқуқлари соҳасида 150 дан ортиқ миллий режа (стратегия) қабул қилинган. Улар турли даражаларда: президентлар, парламентлар, ҳукуматлар томонидан тасдиқланган бўлиб, амал қилиш муддати ҳам қисқа, ўрта ёки узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган.

Марказий Осиё мамлакатларининг бу борадаги тажрибаси жуда эътиборга лойиқ. Марказий Осиё мамлакатлари Конституцияларида "Давлат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилади ва таъминлайди" тамойили аниқ белгилаб қўйилган. Қозоғистонда 2023 йилда Президент томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасидаги учинчи ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда. Қирғизистон ҳукумати 2022-2024 йиллар учун Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилди ва амалга оширди. Тожикистон ҳукумати 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилди. Туркманистон Президенти томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси 2020 йилда қабул қилинган бўлиб, бу соҳадаги илк ҳужжат ҳисобланади. Миллий стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бор шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди.

Миллий стратегия доирасида, шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонунчилик асослари яратилди, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бартараф этилди. Буларнинг барчаси ислоҳотларни тизимлаштириш ва халқаро мажбуриятларни, жумладан Барқарор ривожланиш мақсадларини, айниқса, тинчлик, адолат ва самарали институтларга доир 16-мақсадни амалга оширишга йўлида муҳим қадамлар бўлди.

Миллий стратегияни амалга ошириш доирасида сўнгги тўрт йил ичида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бевосита алоқадор иккита кодекс, ўттиз учта қонун, ўн бешта фармон ва Вазирлар Маҳкамасининг ўн битта қарори қабул қилинди. Фақатгина 2025 йилнинг ўтган даврида одам савдоси жинояти учун жазони кучайтириш, оила ва аёлларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ушлаб турилган шахсларга нисбатан қийноқларнинг олдини олиш билан боғлиқ бир қатор қонунлар қабул қилинди, Дин соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари сони йигирма бештага етди. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 2021 йилда ратификация қилинди.

БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларига мувофиқ тарихий ютуқларга эришилди. 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2024 йилгача 80 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва унинг махсус тартиб-таомиллари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва амалга оширмоқда. Булар, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш; аёлларга нисбатан камситишларга қарши курашиш; иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар; ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари; Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар тавсияларини амалга ошириш; терроризмга қарши курашиш ва бола ҳуқуқлари бўйича режалардир.

Бундан ташқари, БМТнинг Муносиб уй-жой масаласи бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш учун "Йўл харитаси" лойиҳаси тайёрланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ва Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув семинарлари ўтказилди. Ушбу машғулотларда 3 мингга яқин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими – терговчилар, прокурорлар, судьялар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўқув салоҳиятини ошириш мақсадида Миллий марказ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги истиқболлар

 

"Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили" Давлат дастури доирасида 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, шунингдек, ўтган давр мобайнида шаклланган миллий амалиёт инобатга олинди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш доирасида тақдим этилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари тавсиялари ҳам ўз аксини топди.

Стратегия лойиҳасини тайёрлаш жараёни очиқ ва инклюзив тарзда олиб борилди. Давлат дастурида Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги масъул ижрочилар сифатида белгиланган бўлса-да, лойиҳани тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳга қўшимча равишда Олий суд, Парламент омбудсмани, Болалар омбудсмани, Бизнес-омбудсман ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари ҳам жалб этилди.

Биринчи босқичда 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотидан 150 дан зиёд таклиф олинди. Иккинчи босқичда лойиҳа 30 та давлат ва жамоат институтининг экспертлик мулоҳазалари асосида такомиллаштирилди. Учинчи босқичда Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларида ҳамда илмий анжуманларда муҳокама ўтказилди.

Жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мақсадида лойиҳа жорий йилнинг 18 апрелидан 3 майига қадар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Ҳужжат жойлаштирилган давр мобайнида 3063 марта кўриб чиқилди ва лойиҳа матни юзасидан 180 та таклиф, жумладан 11 та изоҳ келди.

Бундан ташқари, Миллий маслаҳатлашувлар доирасида Миллий стратегия лойиҳаси вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-таълим муассасалари вакиллари иштирокида муҳокама этилди. Шунингдек, Миллий стратегия лойиҳаси халқаро маслаҳатлашувлар жараёнида дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан бирга кўриб чиқилди ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ ва БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат жамоасидан тавсиялар олинди.

Миллий стратегия лойиҳаси ҳақида бир қатор халқаро тадбирлар доирасида маълумот берилди. Бу ўринда, жумладан:

·  ХIII Петербург халқаро ҳуқуқшунослик форуми доирасида ташкил этилган "Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг намунавий қонун ижодкорлиги истиқболлари: мулоқот ва ечимлар" мавзусидаги давра суҳбати;

·  Доҳа шаҳрида (Қатар) бўлиб ўтган "Сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари: имкониятлар, хавф-хатарлар ва ёрқин келажак тасаввури" мавзусидаги халқаро анжуман;

·  Остона шаҳрида (Қозоғистон) ўтказилган "Конституциявий ўзгаришлар: қонун ва ҳуқуқий тартибот" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция;

·  Боку шаҳрида (Озарбайжон) ташкил этилган "Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш: омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли" мавзусидаги халқаро симпозиум;

·  Циан шаҳрида (Хитой) “Инсон ҳуқуқларини биргаликда ривожлантириш йўлида цивилизациялараро алмашинувни чуқурлаштириш ва ўзаро бойитиш" мавзусида ўтказилган "Хитой – Марказий Осиё" инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми – 2025";

·  Женевада (Швейцария) бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 144-сессияси шулар сирасига киради.

Хулоса қилиб айтганда, 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия лойиҳаси олтита устувор йўналишни қамраб олади. Биринчидан, шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш. Иккинчидан, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларни таъминлаш. Учинчидан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш – бу энг фаол йўналиш ҳисобланади. Тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти соҳасидаги миллий институтларни ривожлантириш. Бешинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги маърифат ва таълимга катта эътибор қаратиш. Олтинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликка алоҳида аҳамият бериш.

Инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегияда таклиф этилаётган вазифаларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини қўллаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини самарали амалга ошириш, шунингдек, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

 

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори,

академик

“Куч-адолатда” газетасининг 2025 йил 15 август кунги №35(1069) - сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech