2025 йил 15 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан процессуал қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар бартараф этилди.
– Жиноят процессуал қонунчилигида жиноят процесси иштирокчиларининг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклашни назарда тутувчи норма мавжуд эмаслиги уларнинг мамлакат ҳудудини тарк этиб, суриштирув, тергов ва суддан бўйин товлашига сабаб бўлаётган эди, – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова. – Бу эса, ўз навбатида, тергов ва суд жараёнларининг чўзилишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ўз вақтида тикланишига тўсқинлик қилган.
Маълумотларга қараганда, кейинги тўрт йилда жиноят содир қилиб, тергов ва судлардан яширинган 39 минг 38 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Энг ачинарлиси, шулардан 17 минг 535 нафари ёки 44,9 фоизи Ўзбекистондан чиқиб кетган. Шу боис, ушбу шахсларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган.
Шу сабабли, жиноят содир этган шахснинг мамлакатимиз чегарасини тарк этиб, суриштирув, дастлабки тергов ёхуд суддан узрли сабабларсиз бўйин товлаши мумкинлигига етарли асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд уларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тартибини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган янги қонун 6 моддадан иборат. Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ҳамда “Прокуратура тўғрисида” ва “Судлар тўғрисида”ги қонунларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Жиноят-процессуал кодекси шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйишни назарда тутувчи мажбурлов чораси кўрсатилган янги боб билан тўлдирилди.
Унда Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш мақсади ва асослари, чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш, чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш, суд ажрими, чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклашни бекор қилиш билан боғлиқ моддалар қамраб олинган.
Кодекснинг бошқа моддаларига ҳам юқоридаги қайд этилганлардан келиб чиқиб, суднинг, тергов судясининг, терговчининг, суриштирувчининг илтимосномасига асосан паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш ёки чеклашни рад этиш, суд ҳукм чиқаришда судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш масаласини ҳам ҳал этиши лозимлиги назарда тутилган қўшимчалар киритилди.
“Судлар тўғрисида”ги қонунда Жиноят-процессуал кодексига кўра, судлар томонидан паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш билан боғлиқ норма киритилган. Бироқ, қонунда ушбу ваколат назарда тутилмаган.
Шунга кўра, қонунга фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судининг, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг ваколатлари қаторига паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш билан боғлиқ қўшимча киритилди.
“Прокуратура тўғрисида”ги қонунда Жиноят-процессуал кодексига кўра, прокурор томонидан паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш ва рози бўлган тақдирда судларга киритишга оид норма мавжуд бўлса-да, қонунда ушбу ваколат назарда тутилмаган.
Шу боис, янги қонун билан прокурорнинг ваколатлари қаторига паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш ва рози бўлган тақдирда судларга киритиш билан боғлиқ қўшимча киритилди.
Қонун билан жорий этилган янги институтлар одил судлов сифатини ошириб, суд иш юритуви такомиллашишига асос яратди.
Шу билан бирга, қонун шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 22.08.2025
- Кўришлар: 104
- Чоп этиш