Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамкорлигида “Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг роли: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманнинг биринчи ялпи мажлисини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Конференцияда Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгаши мутасаддилари, 30 га яқин мамлакатнинг нуфузли халқаро экспертлари, йирик олимлар, юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, хорижий касаба уюшмалари тузилмаларининг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, ҳукумат вакиллари, юртимиздаги вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институти раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг вакиллари, медиа тузилмалар ходимлари қатнашди.
Мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил жорий этилаётган “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида юртимиздаги янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини дунё ҳамжамиятига етказиш, халқаро меҳнат стандартларини янада кенгроқ илгари суриш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.
Ушбу йирик анжуман иштирокчиларнинг мавзуга оид таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама этиш учун қулай ижтимоий-маърифий ҳамда ишчан руҳдаги платформа вазифасини ўтади. Тадбирнинг бундай замонавий ва очиқ, конструктив формати эса Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги, мазкур йўналишда фаол, амалий ҳамкорликка, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни ҳаётга жорий этишга тайёр эканини намоён этади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов бугун Марказий Осиё минтақасида янги тамойиллар кучга киргани, кўп йиллардан буён мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун қулай имкониятлар очилганини таъкидлади.
– Халқаро илмий-амалий конференциямизнинг аҳамиятини нафақат мавзу, балки глобал воқелик ҳам белгилайди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. – Чунки бугун дунё кўплаб хавф ва қийинчиликларга дуч келмоқда. Бугун биз нафақат меҳнат қонунчилиги ва стандартлари тўғрисида фикр алмашиш, балки ўз оиласи фаровонлиги, фарзандлар келажагини таъминлаш учун ҳар куни ишга борадиган инсонлар билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этамиз. Шу боис анжуман глобал аҳамият касб этади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари бугунги кунда янги Ўзбекистон шароитида, яъни дунёга очиқ, шиддатли ислоҳотлар кечаётган, халқаро жараёнларга интеграциялашаётган мамлакат шароитида фаолият кўрсатмоқда. Янгиланаётган мамлакатимиздаги туб ижобий ўзгаришлар “Инсон шаъни ва қадр-қиммати, унинг бахти учун” тамойилига асосланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашиб, динамик алоқаларни ривожлантирмоқда ва халқаро бозорга чиқмоқда.
Мамлакатимизда “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” деган олижаноб ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Ҳар бир инсон, ҳар бир оиланинг ҳаётига дахлдор бўлган муҳим ижтимоий дастурлар ҳаётга кенг жорий этилмоқда. Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар юз бермоқда. Натижада янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янгича модели шаклланди. Эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш ва кўмакка муҳтож оила аъзоларига 110 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Бу эса камбағалликнинг қисқариши, оилалар фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланишида касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштирокини таъкидлаш ўринлидир. Айнан касаба уюшмалари ҳукумат ва иш берувчилар билан биргаликда ижтимоий мулоқотнинг асосий иштирокчиларига айланди. Бу фаол ва тенг ҳуқуқли мулоқот барқарорлик, манфаатлар мутаносиблиги ва миллионлаб фуқаролар ҳаётини яхшилашнинг асосидир.
Анжуманда мазкур форумнинг ўзига хос рамзий маънога эга эканлиги ҳам қайд этилди. Хусусан, йигирманчи аср бошларида Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракати шакллангани, жорий йилда мамлакат касаба уюшмалари ҳаракати бошланганига 120 йил тўлиши таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқдаги ва барча ҳудудлардаги 7 миллиондан ортиқ меҳнаткашларни бирлаштирган йирик жамоат ташкилотидир. Ижтимоий шериклик тамойиллари асосида Ҳукумат ва Иш берувчилар Конфедерацияси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Бош жамоа келишуви, мамлакат миқёсида 100 дан ортиқ тармоқ ва 14 та ҳудудий жамоа келишувлари, бевосита корхоналарда эса 130 мингга яқин жамоа шартномалари тузилиб, амал қилмоқда. Тизимда Касаба уюшмалари инспекцияси, юридик ва меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Ёшлар, хотин-қизлар ва фахрийлар кенгашлари иш олиб бормоқда. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида кенг кўламли соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Биргина 2024 йилнинг ўзида касаба уюшмалари инспекцияси томонидан фуқароларнинг 6 мингдан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилиб, 106 миндан ортиқ меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари тикланди ва улар фойдасига 108 миллиард сўмдан ортиқ зарар пуллари ундириб берилди.
Жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ўтказилган ҳисобот-сайлов кампанияси мамлакат касаба уюшмаларининг ҳамжиҳатлигини ва демократияга, коллегиаллик ва фикрлар хилма-хиллигига қатъий содиқлигини намоён этди. Хусусан, барча даражадаги касаба уюшма органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари сайлови муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Ҳисобот-сайловлар якунларига кўра бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раҳбарларининг 20 фоизи, тармоқ касаба уюшмалари бирлашган қўмиталари ва ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг 36 фоизи янгидан сайланди.
Халқаро конференцияда бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда глобаллашув, рақамлаштириш, геосиёсий кескинликлар ва жаҳон савдосидаги узилишлар фонида норасмий ва ностандарт бандликнинг ўсиши жаҳон меҳнат бозори деформациясига, иқтисодий беқарорлик ва ижтимоий тенгсизликка олиб келаётгани таъкидланди. Глобал муаммоларнинг кучайиши ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнатни таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро меҳнат стандартларини самарали жорий этиш заруриятини кучайтираётгани қайд этилди. Касаба уюшмалари муносиб меҳнатнинг асосий манфаатдорлари сифатида меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ва музокаралар олиб бориш, қонун ижодкорлигида иштирок этиш, халқаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш орқали адолатли меҳнат муносабатларини шакллантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга халқаро конференция иштирокчилари аҳоли бандлигини кенгайтириш борасида глобал миқёсда эришилган салмоқли ютуқларга қарамай, дунё аҳолисининг аксарият қисми ҳамон самарали ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг афзалликларидан фойдаланмаётгани ва турмуш даражасини таъминлашда жиддий муаммоларни бошдан кечиришда давом этаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бугун миллионлаб иш ўринлари тақдирини белгиламоқда. Дунё бўйлаб деярли ҳар 4 ишчидан бири ўз ишининг сунъий интеллект ёрдамида ўзгаришига дуч келиши мумкин. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг меҳнаткашлар ҳуқуқларининг Глобал индексига мувофиқ дунёнинг 5 та ҳудудидан учтасида меҳнаткашлар ҳуқуқларига риоя этиш билан боғлиқ вазият ёмонлашган.
Дунёда мавжуд вазият касаба уюшмаларидан иқтисодий ўсиш натижаларини меҳнат ва капитал ўртасида адолатли асосда тақсимланишини таъминлаш учун бандлик, иш вақти ва ижтимоий ҳимоя масалаларига жиддий эътибор қаратишни тақозо этмоқда.
Халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашиб, жадал алоқалар ривожланаётгани ва халқаро бозорларга чиқаётганини таъкидлади. Шунингдек, сўнгги 8 йилда ялпи ички маҳсулот барқарор ўсиб бораётгани, бундай натижаларга мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, замонавий саноат мажмуаларини барпо этиш, “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбалари, ахборот технологиялари, туризм ва молиявий хизматларни ривожлантиришга қаратилган ва узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати туфайли эришилгани эътироф этилди. Шунингдек, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат тармоғи, электротехника, машинасозлик ва фармацевтика соҳаларида улкан ўзгаришлар юз бергани қайд этилди. Ўзбекистонда аҳоли ижтимоий ҳимоясига аввалгидан анча кўп маблағ ажратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 25 та Конвенциясини, шу жумладан, барча фундаментал ва устувор Конвенцияларини ратификация қилган. Ўзбекистон Мустақиллигининг дастлабки 25 йилида ХМТнинг 13 та Конвенцияси ратификация қилинган бўлса, сўнгги 8 йил ичида 12 та Конвенция ва 1 та протокол ратификация қилинди. Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, камситмаслик ва тенг қийматдаги меҳнатга тенг ҳақ тўлаш тамойиллари, хавфсиз меҳнат шароитлари, йиллик ҳақ тўланадиган таътил ва пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқлар каби фундаментал қадриятлар акс этган. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган. Ратификация қилинган Конвенциялар билан бирга ратификация қилинмаган Конвенциялар меъёрларини ўз ичига олган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинган.
Халқаро анжуман давомида миллий ва халқаро экспертлар халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш, инсон манфаати, унинг яшаш, меҳнат қилиш борасидаги ҳуқуқларини таъминлашнинг кўп қиррали жиҳатларида касаба уюшмаларининг бевосита иштироки, бандлик даражасини ошириш, ижтимоий ҳимоя, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тамойиллари каби йўналишларни ўз ичига олган долзарб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда тажрибалари билан ўртоқлашди.
Хусусан, Халқаро конференциянинг 1-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева “ХМТ конвенцияларининг Ўзбекистоннинг миллий ҳуқуқий тизимига имплементация қилиниши: амалдаги ҳолат ва истиқболлар” мавзуида, нуфузли халқаро ташкилотлар мутасаддилари “Халқаро меҳнат ташкилоти сиёсатини ишлаб чиқиш ва фаолиятида касаба уюшмалари муаммолари ҳамда манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш борасида ACTRAV фаолияти” мавзуида, 2-сессия давомида “Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришнинг минтақавий ва соҳавий жиҳатлари тўғрисида, 3-сессияда Халқаро эксперт (Финляндия) Кари Тапиола “Пахта далаларида ишончни мустаҳкамлаш: ХМТнинг Ўзбекистондаги фаолияти”, хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари раҳбарлари “Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда миллий касаба уюшма марказларининг стратегия ва тактикаси”, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов “ХМТ билан ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг роли” мавзуларида маъруза қилди.
Шунингдек, Халқаро конференцияда анжуман иштирокчиларига Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ACTRAV) директори Мария Хелена Андрэ ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) Бош котиби Люк Триангл томонидан йўлланган видеомурожаатлар намойиш этилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ҳар куни ва ҳар қадамда юз бераётганини, бугунги ислоҳотларнинг алоҳида хусусияти – уларнинг барча жабҳа ва соҳаларни бирдек қамраб олганида эканлигини алоҳида таъкидлади. Мазкур йўналишлардаги ишлар пухта ўйланган давлат дастурлари асосида ҳал этилаётгани эътироф этилди.
Бундай янгиланишлар жараёнида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этиб, меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаш йўлида изчил ишларни олиб бораётгани таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги тадбирлар Ҳукумат, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош келишувга киритилгани, тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари, жамоа шартномаларининг барчаси ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олгани қайд этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик кўрсатмоқда.
Касаба уюшмалари Федерациясининг дастурий ҳужжатларига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш, бандликнинг ноанъанавий шаклларида машғул кишилар ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясига қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Анжуманда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда иштирокчилар ижтимоий мулоқотни кучайтириш ва халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш, кучли ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари муҳокама этилди.
Н.Усмонова, Алимурод Мамадаминов (суратлар), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 11.09.2025
- Кўришлар: 132
- Чоп этиш