12 сентябрда Остона шаҳрида шу мавзуда конституциявий одил судлов бўйича халқаро форум бўлиб ўтди. Ушбу халқаро анжуман Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланди.
Форумда Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 15 та мамлакатнинг конституциявий назорат органлари раислари ва судьялари, инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари, етакчи ҳуқуқшунос олимлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар намояндалари, шунингдек, Қозоғистон марказий давлат органлари раҳбарлари, адвокатлар ҳамда илмий ҳамжамият вакиллари иштирок этди. Халқаро анжуманда жами 150 нафар иштирокчи қатнашди.
Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди раиси Эльвира Азимова Форум ялпи мажлисини очар экан, ушбу халқаро анжуманнинг долзарблиги ҳуқуқнинг ўрни ва аҳамияти борасида нафақат битта мамлакат доирасида, балки бутун жаҳон ҳамжамияти кўламида чуқур фикр-мулоҳаза юритиш тақозо этилаётгани билан бевосита боғлиқ эканини қайд этди. Нега деганда, глобал таҳдидлар тобора кескинлашиб бораётган ҳозирги даврда ҳуқуқ – тинчлик-осойишталикни сақлаш ва низоларни ҳал этишнинг энг ишончли воситасидир. Ҳуқуқ жамият ҳаётида вазминликни таъминлайди, бу эса барқарорлик ва тараққиётнинг ҳал қилувчи шарти ҳисобланади.
Ялпи мажлисда Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) президенти Клер Бази Малори, Бирлашган Араб Амирликлари Федерал олий суди раиси Муҳаммад Ҳамад Муҳаммад ал-Бадий ал-Заҳрий, Зимбабве Олий суди раиси Люк Малаба, Монголия Конституциявий суди раиси Байасгалан Гунгаа ва бошқалар сўзга чиқди. Нотиқлар Қозоғистон халқини Конституциянинг 30 йиллиги билан табриклаб, ер юзида тинчликни ва давлатлар осойишталигини сақлашда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва Конституциявий судлар фаолияти катта ўрин тутишини эътироф этдилар.
Форум ўз ишини мавзулар бўйича учта сессияда ва нетворкинг шаклидаги алоҳида шўъбада давом эттирди. Иштирокчилар касбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни алмашиш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Хусусан, Форумнинг “Конституциявий ўзига хослик ва ҳуқуқий иқлим: ёш авлод тарбияси” деб номланган учинчи сессиясида миллий ўзликнинг узвий қисми ҳисобланувчи ҳуқуқий онгни ва қонунга ҳурмат руҳини шакллантириш масалалари ҳақида сўз борди. Мамлакатнинг барқарор тараққий этишида ҳуқуқий маданият ўзига хос мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши, бунда ҳуқуқий таълим, оилавий тарбия, жамият маърифати ва давлат институтларининг салоҳияти муҳим ўрин тутишига эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов даставвал 2023 йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини ҳаётга изчил татбиқ этиш жараёнлари ҳақида мухтасар фикр юритди. Конституция асосида ишлаб чиқилаётган қонунлар ва уларнинг бажарилиши устидан ўрнатилган парламент назорати, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг амалга оширилиши самаралари хусусида тўхталди.
Ўзбек олими, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини инобатга олган ҳолда, 2030 йилгача бўлган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегия лойиҳаси тайёрлангани тўғрисида маълумот берди. Бу борадаги дастлабки Миллий стратегия доирасида ўтган тўрт йил давомида, жумладан, ҳуқуқий маданият ва маърифат, инсон ҳуқуқлари таълими даражасини яхшилаш борасида салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди.
Академик А.Саидовнинг фикрича, ёш авлодга таълим-тарбия беришда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий таълим ва конституциявий ватанпарварлик тушунчаларининг ўрни ҳамда аҳамиятига доимий равишда эътибор қаратилиши лозим. Бинобарин, “конституциявий ватанпарварлик” тушунчасининг туб мазмун-моҳияти шуки, бунда фуқаролар ўз Ватани ва халқини, унинг тарихи, маданияти, азалий қадриятлари ва ҳуқуқий анъаналарини фақат севиш ҳамда ҳурмат қилиш билангина чекланиб қолмайди. Балки улар зиммасидаги конституциявий мажбуриятларни ҳалоллик ва улкан масъулият билан адо этиш орқали Конституцияда қайд этилган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилади.
Конституциявий ватанпарварлик ва ҳуқуқий маданият тарғиботи узвий боғлиқликда ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий маърифати, тарбияси ва таълимини янги давр талабларига мос тарзда кучайтириш орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Чунки ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик касб этади. Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу онгли итоаткорлик ҳаракатга келтиради, деди А.Саидов.
Остона халқаро форуми конституциявий одил судлов соҳасида халқаро ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш жуда муҳимлигини, айниқса, миллий ҳуқуқ тизимларини ривожлантиришда бундай мулоқотлар катта аҳамият касб этишини амалда тасдиқлади. Форум Қозоғистон ва хорижий мамлакатлар Конституциявий суд тизими, давлат ҳокимияти идоралари ҳамда илмий ҳамжамиятлари вакиллари ўртасида профессионал мулоқот майдонига айланди.
Маълумот учун: бугунги кунда дунёнинг 120 мамлакатида Конституциявий суд ва шунга ўхшаш конституциявий назорат органлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан Конституциявий судлар ва конституциявий назорат органларининг Бутунжаҳон конференциясига асос солинган.
Бу Конференциянинг ишчи органи – Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) ҳисобланади. Венеция комиссияси – Европа Иттифоқининг маслаҳатлашувчи органи бўлиб, унга 119 та давлат аъзодир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.09.2025
- Кўришлар: 75
- Чоп этиш