ЎЗБЕКИСТОН – БМТ: КЎП ТОМОНЛАМА ДИПЛОМАТИЯ ЯНГИ БОСҚИЧДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Бу давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдан буён БМТ бош минбарида бешинчи марта нутқ сўзлаши бўлиб, айни воқелик Ўзбекистон сўнгги 8 йилда БМТнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланганини ва БМТ билан ҳамкорлигимиз мутлақо янги даражага кўтарилганини яққол тасдиқлайди.

 

Янги давр: БМТ келажагига янгича ёндашувлар зарурати

 

Жорий йилда Ўзбекистоннинг БМТга аъзолигига 33 йил тўлган бўлса, ушбу нуфузли халқаро ташкилотга асос солинганига роппа-роса 80 йил бўлди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин бундай ҳалокатли қирғинбаротларга келгусида йўл қўймаслик учун тузилган ва ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган БМТ – инсониятнинг улкан ютуғи бўлганлигини орада ўтган саксон йиллик мураккаб ва масъулиятли давр яққол тасдиқлаб турибди.

Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 80 йиллигига бағишланган тантанали мажлисида алоҳида сўз юритилди. Бинобарин, бундан 80 йил олдин инсониятнинг битта авлоди бошига иккита жаҳон уруши кулфатларини чекиш қисмати тушди, айниқса, Иккинчи жаҳон урушида кўплаб мамлакатлар вайронага айланди, 70 миллиондан ортиқ инсон қурбон бўлди.

Шу маънода, аслида ҳам, 1945 йил 26 июнда БМТ Низомининг имзолангани шунчаки расмиятчилик эмас, балки инсоният урушнинг ўша қора кунларидан сабоқ чиқарганининг том маънодаги тасдиғи бўлди. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланувчи дипломатия соҳасида, биринчидан, ҳамкор давлатлар билан икки томонлама дипломатия; иккинчидан, минтақамиздаги қўшни мамлакатлар билан минтақавий дипломатия, учинчидан, асосий халқаро ташкилотлар билан кўп томонлама дипломатия доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда. 

БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда. 

Бундан 32 йил илгари – 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилгани Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатлар тарихида бурилиш нуқтасига айланди. Натижада БМТ тизимидаги 25 та агентлик ва жамғармалар, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЖССТ ва бошқа ташкилотлар бугун мамлакатимизда фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги БМТ бўлимлари ҳузурида, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена шаҳридаги (Австрия) БМТ бўлимида фаолият кўрсатади. 

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётганлиги, ўз навбатида, мазкур халқаро ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганлигига эътиборни қаратди. Ўзбекистон етакчиси қайд этганидек, ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун Ташкилотни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайди.

БМТ Бош котиби 2025 йил март ойида "БМТ-80" ташаббуси билан чиқди. Айни ташаббус БМТ фаолиятини тубдан ўзгартириш – самарадорликни ошириш имкониятларини аниқлаш, ваколатларни бажариш тартибини қайта кўриб чиқиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги эҳтимолий таркибий ўзгаришлар ҳамда дастурларни қайта тузишга қаратилган.

  

Ўзбекистон "БМТ-80" ташаббусини қўллаб-қувватлайди

 

Янги Ўзбекистон Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бу борада “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, Келажак учун пактга қатъий содиқлигимизни тасдиқлаймиз. Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз”.

Сўнгги йилларда БМТ билан ҳамкорлик бемисл даражага кўтарилиб, 160 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларига мувофиқ тарихий ютуқларга эришилди. 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2024 йилгача 80 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.

Бугунги кунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини  (БРМни) рўёбга чиқариш, рақамли трансформацияни ривожлантириш, давлат хизматларини кўрсатишда инновацион ечимларни жорий этиш, давлат бошқаруви институтлари самарадорлигини тубдан ошириш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиз БРМнинг Глобал индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш доирасида БМТ билан ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастурини имзолаш кутилмоқда. Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси 43-сессиясига фаол тайёргарлик кўрилмоқда.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиряпмиз. Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”.

 

БМТ: Янги Ўзбекистоннинг ташаббуслари

 

Ўзбекистон Президенти бунга қадар – 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йилда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, 2021 йилда Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида ва 2023 йилда 78-сессияда нутқ сўзлаган. Ушбу сессияларда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги 40 дан ортиқ халқаро ташаббусини илгари сурди.

Эътибор беринг: Президент Шавкат Мирзиёев бундан 5 йил олдин БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Бош Ассамблея тарихида илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бундан саккиз йил олдин эса давлатимиз раҳбарининг БМТ бош минбаридаги дастлабки нутқида буюк аллома аждодимиз Имом Бухорий ҳазратларининг муборак номлари халқаро ҳамжамиятнинг ушбу нуфузли анжуманида  тарихда биринчи бор баралла янграганди.

Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг мақсад ва ваколатларига қатъий риоя этади. Ўзбекистон ўз овози ва мақомидан фойдаланиб, Бош Ассамблеянинг 80-юбилей сессиясида ҳам БМТ фаолиятининг турли соҳаларига доир ўта муҳим ва долзарб янги ташаббусларни илгари сурди.  Хусусан:

биринчи ташаббус – педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш;

иккинчи ташаббус – мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлаш мақсад қилинганидан келиб чиқиб, минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш;

учинчи ташаббус – ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш;

тўртинчи ташаббус – ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш;

бешинчи ташаббус – минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурлар қабул қилиш;

олтинчи ташаббус – БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш;

еттинчи ташаббус – Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилиш;

саккизинчи ташаббус – БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни – Халқаро компетенциялар марказига айлантириш;

тўққизинчи ташаббус – Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш;

ўнинчи ташаббус – халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш борасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш;

ўн биринчи ташаббус – экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграцияси кучайиб бораётган шароитда, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганлигини ҳисобга олиб, бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш;

ўн иккинчи ташаббус – соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш;

ўн учинчи ташаббус –Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

 

Ўзбекистон ва БМТ: кўп томонлама дипломатия тарихида янги саҳифа

 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва БМТ муносабатлари тарихида янги саҳифа очди. Кейинги йилларда бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг халқаро эътирофи Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинишида намоён бўлди.

Жумладан, қисқа даврда: «Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», «Маърифат ва диний бағрикенглик», «Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт», «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш» бўйича резолюциялар қабул қилингани бу фикримизни яққол тасдиқлайди. Фақатгина 2025 йилнинг ўзида мамлакатимиз Бош Ассамблеянинг 79-сессияси давомида қабул қилинган 3 та резолюциянинг ташаббускори ва ҳаммуаллифи бўлди.

Янги Ўзбекистон фаол равишда БМТнинг органларига ўз номзодини илгари сурмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимиз:

  • БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (2021–2023);

  • ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси (2022–2026);

  • Иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси (2025–2027);

  • Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгаши (2024–2027);

  • БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси (2025–2028);

  • БМТ Статистика комиссияси (2026–2029) таркибига сайланди. Тошкентнинг узоқ муддатли мақсади – 2035–2036-йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашига муваққат аъзо сифатида сайланиш ҳисобланади.

Мамлакатимиз БМТ ва унинг қатор ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилот, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТЭ ва бошқа халқаро ташкилотлар ишида фаол иштирок этмоқда. 

Турли йилларда Ўзбекистонга БМТнинг 3 нафар Бош котиби – Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йили – амалдаги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф буюрган. Шунингдек, 2 нафар БМТ Бош комиссари – 2017 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Зайд ал-Ҳусайн ва 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Фолькер Тюрк мамлакатимизга ташриф буюрганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ўзбекистон БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорлик борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. БМТнинг 4 нафар махсус маърузачиси, яъни мамлакатимизга 2019 йил сентябрида БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян, 2021 йил сентябрида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид,  2021 йил декабрида БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн, 2024 йил августида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Раджагопал ташриф буюрди.

БМТ билан ҳамкорликда юртимизда бир қанча халқаро конференция ва форумлар ўтказилди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди. Бу, айниқса, ғоят катта аҳамиятга эга ташаббус бўлди, чунки минтақамизда тубдан янги геосиёсий муҳит қарор топишини бошлаб берди. Натижада чегара, сув ва ҳоказо омиллар билан боғлиқ муаммолар тезда ижобий ечимини топди.

Шунингдек, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди тузилди. БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари халқаро кодекси тасдиқланди. Унда ҳар бир давлатнинг фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кераклиги белгиланган.

Жорий йилда жаҳон ҳамжамияти БМТ ташкил топганининг 80 йиллигини, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 60 йиллигини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг гендер мезонини бошлаб берган Аёлларга нисбатан Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонламоқда. Мамлакатимизда ушбу саналар бўйича фуқаролик жамияти институтлари ва таълим муассасаларини жалб этган ҳолда кенг қамровли тадбирлар дастурлари амалга оширилмоқда.

  

Ўзбекистон-БМТ: инсон ҳуқуқлари ва инсон қадр-қиммати йўлида ҳамкорлик

 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси 2022-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда марказий ўрин эгаллайди. Бинобарин, Ўзбекистон “БМТнинг инсон манфаатлари йўлида саъй-ҳаракатга даъвати” ни қўллаб-қувватламоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, инсон ҳуқуқларига бағишланган 100 дан ортиқ халқаро ҳужжатдан 80 дан зиёдини ратификация қилди. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга 2 та факультатив протокол, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, мазкур конвенцияга 2 та факультатив протокол, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Янги Ўзбекистонда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. Ўзбекистон БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига 50 дан ортиқ миллий маъруза ўз вақтида тақдим этилиши таъминланди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий таълим самарадорлигини ошириш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Янги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий дастури изчил амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим тадбир: 2024 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи форум “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон Президентининг Форум иштирокчиларига йўллаган табригида 2018 йилда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб киргани таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва унинг махсус тартиб-таомиллари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини амалга оширмоқда. Булар, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш; аёлларга нисбатан камситишларга қарши курашиш; иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар; ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари; Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар тавсияларини амалга ошириш; терроризмга қарши курашиш ва бола ҳуқуқлари бўйича режалардир.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасида бундай самарали ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётгани бежиз эмас. Зеро, бугунги мураккаб шароитларда, миқёсига кўра мисли кўрилмаган қуролли зиддиятлар ҳамда халқаро тинчлик ва барқарорликка ошиб бораётган таҳдид саҳнида тинчлик ва хавфсизликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатида БМТнинг роли ва масъулияти жуда муҳим. 

Президентимиз БМТ минбаридаги нутқи якунида эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз”.

 

Акмал САИДОВ,

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг аъзоси

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2025 йил 25 сентябрь кунги 198 (1524)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech