“Халқаро денгиз куни”: инсоният зиммасидаги бурч

Денгиз ва океанлар инсоният учун экологик “нафас йўли”, биологик хилма-хилликнинг асосий манбаи, озиқ-овқат, транспорт ва иқтисодиётнинг муҳим таянчи ҳисобланади. Улар сайёрамиз сиртининг 70 фоиздан ортиқ қисмини қамраб олиб, атмосферадаги кислороднинг 50–80 фоизини ишлаб чиқаради, иқлим барқарорлигини таъминлайди.

Халқаро денгиз куни (World Maritime Day) ҳар йили дунё бўйлаб кенг нишонланади.

Бу сана оддий байрам эмас, балки инсониятнинг глобал экологик муаммолар олдидаги масъулиятини эслатиб турувчи муҳим воқеликдир.

У БМТнинг расмий байрамлари қаторига кириб, асосий мақсади – халқаро ҳамжамият эътиборини денгиз ва океанларни муҳофаза қилишга, уларнинг экологик барқарорлигини сақлашга, ноёб турларни асраб-авайлашга ҳамда ифлосланишга қарши курашни кучайтиришга қаратилган.

Илгари бу кун 17 мартда нишонланиб келинар эди. 1987 йилда Халқаро Денгиз Ташкилоти (IMO)нинг 10-сессиясида байрам санаси 25 сентябрга кўчирилди.

Бугунги кунда ушбу сана денгизчилар, экологлар, сиёсатчилар ва кенг жамоатчилик иштирокида турли тадбирлар билан нишонланади. Денгиз муҳитини муҳофаза қилиш миллий чоралар билан чекланмайди.

Бу йўналишда халқаро ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 1973 йилда қабул қилиниб, 1978 йилда протокол билан тўлдирилган MARPOL конвенцияси (MARPOL 73/78) кемалардан келиб чиқадиган ифлосланишнинг олдини олишга қаратилган. У нефть ва нефть маҳсулотлари, кимёвий моддалар, чиқиндилар, оқава сувлар, зарарли газлар ва бошқа хавфли чиқиндиларни назорат қилиш каби йўналишларни қамраб олади. Унинг ижросини мувофиқлаштиришда IMO марказий роль ўйнайди.

IMO – БМТнинг махсус агентлиги бўлиб, денгиз транспорти хавфсизлиги ва муҳит муҳофазаси бўйича халқаро стандартлар ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади. Охирги йилларда углерод чиқиндиларини камайтириш, микропластик, шовқинли ифлосланиш ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, UNCLOS (1982), Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция (1992), Базел конвенцияси (1989), Лондон конвенцияси ва протоколи, Стокгольм конвенцияси (2001) ҳам денгиз муҳитини асраб қолишда муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ инсоният фаолияти денгизлар тақдирини хавф остига қўймоқда. Асосий муаммолар:

• ҳар йили 8 млн тонна пластик чиқиндилар океанларга тушиши;

• ҳаддан ташқари балиқ овлаш оқибатида экотизимнинг издан чиқиши;

• иқлим ўзгариши туфайли сув сатҳининг кўтарилиши ва кислороднинг камайиши;

• тижорат балиқ турларининг 90 фоиздан ортиқ қисми ортиқча эксплуатация қилиниши.

Бу муаммоларни ҳал этиш учун БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари (BRM) доирасида 14-мақсад – “Ҳаёт денгизда”ни белгилаган. 2030 йилга қадар ифлосланишни камайтириш, биохилма-хилликни асраш ва барқарор балиқчиликни таъминлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаса-да, экологик муаммолардан мустасно эмас. Энг ёрқин мисол – Орол денгизи фожиаси. Амударё ва Сирдарёнинг сувини ортиқча суғоришга йўналтириш оқибатида бутун минтақанинг экологик ва ижтимоий барқарорлиги издан чиқди.

Халқаро ҳамжамият Оролбўйи барқарорлигини тиклаш учун турли дастурларни амалга оширмоқда. 2021 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйини “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилди. Бу ташаббус доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон MARPOL конвенциясида бевосита иштирок этмаса-да, БМТнинг биохилма-хиллик ва иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияларига фаол аъзо. Шу орқали мамлакат глобал экологик ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Экспорт ва импортнинг катта қисми денгиз йўллари орқали амалга оширилади. Шу боис IMO томонидан белгиланган хавфсизлик стандартлари Ўзбекистон манфаатлари учун ҳам муҳимдир. 2023 йилда Президент Мирзиёев Туркманистондаги халқаро анжуманда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун адолатли шарт-шароит яратиш ва янги транзит йўлларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Халқаро денгиз куни Ўзбекистон учун ҳам долзарбдир. Чунки у нафақат океанларни асраш, балки барча экотизимларнинг ўзаро боғлиқлигини ёдга солади. Оролбўйи фожиаси шуни кўрсатадики, сув ресурсларига бепарво муносабат маҳаллий ва глобал миқёсда ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Демак, денгиз ва сув ресурслаини муҳофаза қилиш – умумий масъулиятдир.

Амирбек ҲОМИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий

марказ ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech