ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА БЕПУЛ ЮРИДИК ЁРДАМ

Юридик ёрдам олиш имконияти барча учун адолатли судловни таъминлашнинг асосий таркибий қисмидир. Жамиятни барпо этиш ва унинг ривожланишини таъминлашда адолатли судловдан фойдаланишнинг муҳим ўрни ривожланишнинг барча босқичларидаги мамлакатларга дахлдор бўлиб, бу масала 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибининг 16-барқарор ривожланиш мақсадида эътироф этилган.

Бутун дунёда юқори харажатлар, хабардорликнинг етишмаслиги ва географик чекловлар каби омиллар туфайли кўпчилик юридик хизматлардан фойдаланишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Бу тўсиқлар аксарият ҳолларда одамларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила билмаслигига, ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун мурожаат қила олмаслигига ёки суд тизимининг мураккабликларини енгиб ўтишда қийналишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам кўрсатиш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналиши ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддасида: "Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади", деб белгиланган.

 

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш

 

Янги Ўзбекистонда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини илгари суриш ҳамда ҳимоя қилиш, шунингдек, одил судлов тизими самарадорлигини халқаро стандартларга мувофиқ оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилганди. Қонун лойиҳасини тайёрлашда Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Адвокатлар палатаси фаол иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, Миллий марказ махсус қонун қабул қилиш ташаббусини илгари сурди ва муқобил қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

2023 йилда "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. У фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайди, бундай ёрдамни кўрсатиш тамойиллари ва тартибини белгилайди. Ушбу Қонун:

биринчидан, фуқаролик, маъмурий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам рўйхатига киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди. Натижада 2023-2025 йилларда адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан 266 минг 661 нафар фуқарога юридик ёрдам кўрсатилди, бунинг учун жами 153,8 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Иккинчидан, давлат юридик ёрдамини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини кенгайтирди, бепул юридик ёрдам қамровини кам таъминланган фуқароларга, руҳий ёрдам олаётган шахсларга ва гендер тенглик соҳасида ҳуқуқлари бузилган шахсларга кенгайтирди. Қонунда фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.

Булар жумласига нафақалар тайинлаш, ишга тиклаш, иш ҳақи ёки алимент ундириш, уй-жойга жойлаштириш каби масалалар киради. Ҳозирги кунда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га тахминан 605 минг кам таъминланган оила киритилган.

Учинчидан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг шаффоф механизмларини жорий этди. Ушбу реестрга бундай ёрдам кўрсатиш истагини билдирган адвокатлар киритилади ва реестрга киритилган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ тарзда тақдим этилади.

Юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокат танлаш жараёни "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали автоматик тарзда, инсон аралашувисиз амалга оширилади. Бугунги кунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатаётган адвокатлар сони 2 минг 569 нафар бўлиб, бу жами адвокатларнинг 37 фоизини ташкил этади.

Тўртинчидан, аҳолига сифатли юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар учун жиноят ишларида ҳимоячи сифатида иштирок этиш стандарти ишлаб чиқилди. Ушбу стандарт адвокатнинг ҳимоячи сифатида иштирок этишида ягона ёндашувлар ва минимал талабларни шакллантириш мақсадида тайёрланди.

Бинобарин, 2024-2025 йилларда 6 минг 788 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, улар реабилитация қилинди.

 

Бепул юридик ёрдам: қийинчиликлар ва ечим йўллари

 

Биринчи муаммо адвокатларнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишдан манфаатдор эмаслиги бўлиб, бу тўлов миқдорининг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ҳозирги вақтда адвокатларнинг кунлик иши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи (206 минг сўм) миқдорида ҳақ тўланади.

Таққослаш учун: Қозоғистонда бир соат учун 4 минг 245 тенге (99 минг сўм), Озарбайжонда бир соат учун 6 манат (43 минг сўм), Россия Федерациясида бир кунлик иштирок учун 930 дан 2 минг 480 рублгача (140 минг сўмдан 374 минг сўмгача) тўланади.

Иккинчи муаммо – мамлакатнинг тез ўсиб бораётган аҳолисини юридик хизматлар билан қамраб олиш учун адвокатлар етишмаслиги. Адвокатлар сонини кўпайтириш мақсадида соҳага ёш мутахассисларни жалб этиш бўйича қуйидаги аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди:

биринчидан, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун мажбурий амалиёт муддати 6 ойдан 3 ойгача қисқартирилди. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари ҳамда камида уч йил судья, терговчи ёки прокурор лавозимларида ишлаган шахслар мажбурий амалиётдан ўтишдан озод этилади;

иккинчидан, адвокатура соҳасига малакали кадрларни жалб этиш мақсадида "Адвокатура тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш талаби бекор қилинди. Ўтган уч йил ичида адвокатлар сони 4 минг 613 нафардан 6 минг 874 нафарга (33 фоиз ўсиш), ёш адвокатлар (30 ёшгача) сони эса 30 нафардан 491 нафарга (94 фоиз ўсиш) кўпайди;

учинчидан, адвокатура соҳасига ёш малакали кадрларни жалб қилиш ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Адвокатлар палатаси қошида "Ёш адвокатлар" жамоат кенгаши ташкил этилди;

тўртинчидан, ахборот технологияларини самарали жорий этиш натижасида адвокатура фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди. Адвокатлик лицензиясини олиш, адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш, малака имтиҳонини топшириш, адвокатлар реестрини шакллантириш жараёнлари фақат электрон тарзда, инсон омилисиз амалга оширилмоқда.

"Юридик ёрдам" ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, у бир қатор имкониятларни ўз ичига олади. Бу ўринда: фуқаролар билан онлайн мулоқот қилиш, масофадан туриб битимлар тузиш ва юридик хизматлар кўрсатиш; адвокатлар, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва вазирликлар ўртасида электрон ҳужжат айланиши; тергов ҳаракати ёки суд мажлиси ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида адвокатни электрон тарзда хабардор қилиш; адвокат сўрови асосида юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокат сўровномасини юбориш ва зарур ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш каби имкониятлар ҳақида сўз бормоқда.

Ҳозирги вақтда адвокатлар айни Тизим орқали 8 турдаги давлат хизматидан фойдаланмоқда, шунингдек, суд-экспертиза ташкилотларида экспертиза ўтказишни сўраш ва шартномалар тузиш имкониятига эга бўлмоқда.

 Бундан ташқари, адвокатларнинг малакасини онлайн ошириш ва махсус "Электрон адвокатлик ордери" бериш назарда тутилган. Бу ордер анъанавий адвокатлик ордерига тенг юридик кучга эга бўлган махсус ҚР-код билан таъминланган. 2023-2025 йилларда адвокатлар томонидан жами 478 мингта электрон ордер шакллантирилди.

Учинчи муаммо тизимли асосда бепул юридик ёрдам кўрсатишдаги қийинчиликлар. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга кўмаклашиш, шунингдек, аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб 60 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда.

Шу муносабат билан туман ва шаҳарларда 140 дан ортиқ бюрога эга бўлган "Мадад" ННТ фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. 2019 йилдан 2025 йилгача "Мадад" ННТ томонидан 1,6 миллиондан ортиқ фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатилди, давлат органлари билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган 30 мингдан зиёд маърифий тадбир ўтказилди.

Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида "Advice.uz" ҳуқуқий ахборот портали ишлаб чиқилган. Ундан фойдаланувчилар сони қарийб 10 миллион кишини, ўртача кунлик аудиторияси эса 12 минг кишини ташкил этади.

Тўртинчи муаммо юридик клиникалар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдамни тўғридан-тўғри молиялаштиришнинг йўқлиги, шу жумладан амалиётчи юристлардан иборат малакали мураббийларни жалб қилиш учун маблағ мавжуд эмаслигидир.

Юридик клиникалар кўплаб мамлакатларда юридик ёрдам тизимининг муҳим қисми ҳисобланади. Ўзбекистонда айрим университетлар негизида юридик клиникалар фаолият юритмоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат юридик университети қошидаги юридик клиникалар ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳузуридаги юридик клиникага мурожаат қилган шахслар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бепул юридик ёрдам олмоқдалар. Юридик клиника фаолиятига олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, касаба уюшмаси фаоллари ва олий ўқув юртлари ўқитувчиларидан иборат мураббий-йўриқчилар жалб этилган.

 

Давлат органлари ва бепул юридик ёрдам

 

Давлат органлари ва ташкилотлари аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ҳар бир давлат органи ўз вазифалари ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда аҳолига бепул юридик ёрдам тақдим этади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги Фармонига мувофиқ адлия органлари аҳолига, энг аввало, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва "Кам таъминланган оилалар реестри" ахборот тизимларига киритилган фуқароларга бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди. Жойлардаги адлия органлари томонидан 2024-2025 йилларда аҳолининг 1 миллиондан ортиқ ҳуқуқий муаммолари аниқланган бўлиб, улардан 990 мингдан ортиғи ҳал этилган.

"Онлайн-маҳалла" платформаси орқали адлия органларига келиб тушган 95,1 мингта ҳуқуқий муаммо кўриб чиқилди, улардан 88,7 мингтаси ижобий ҳал этилди. "Адлия кунлари" доирасида 14,2 мингта тадбир ўтказилиб, бунда бутун мамлакат бўйлаб 13,5 мингта маҳалладаги  2,9 миллион хонадон қамраб олинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2000-2025 йиллар давомида қарийб 27 минг жисмоний ва юридик шахсга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 15 мингдан ортиқ фуқарога телефон орқали ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Бепул юридик ёрдам ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик

 

Ўзбекистон бепул юридик ёрдамни тарғиб қилишда халқаро шериклар билан ҳамкорликка катта эътибор қаратади. Адлия вазирлиги ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) БМТнинг Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда "Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида қуйидаги тадбирларни амалга оширди:

биринчидан, аҳолига, айниқса оилавий ва гендер зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва болаларга, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатувчи ташкилотларга молиявий кўмак берилди;

Республиканинг чекка ҳудудларида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари молиявий ёрдам олди, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) воситалари билан таъминланди. Бундан ташқари, Фарғона шаҳрида жойлашган "Меҳржон" ташкилотига оилавий (маиший) ва гендер зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва болалар учун бошпана (шелтер) қуришда ёрдам кўрсатилди.

иккинчидан, бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида семинарлар, тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Бепул юридик ёрдам соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар, адвокатлар, Одил судлов академияси тингловчилари ва Омбудсман ходимлари учун халқаро мутахассислар иштирокида 30 дан ортиқ семинар, тренинг ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Юридик клиникалар талабалари учун 2023-2025 йилларда бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ёзги мактаб ташкил этилди. Ушбу ёзги мактабда 83 нафар талаба иштирок этди;

учинчидан, Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам тизимини янада ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Концепцияни тайёрлаш жараёнида 20 дан ортиқ мамлакат тажрибаси ўрганилди, шу жумладан Финландия ва Грузияга ташриф буюрилди. Амалдаги миллий қонунчилик таҳлил қилинди, 7 та қонун ҳужжатига ўзгартиришлар киритиш лойиҳалари ва Ҳукумат қарорлари лойиҳаси ишлаб чиқилди, улардан 7 таси қабул қилинди;

тўртинчидан, Адлия вазирлиги Финландия ҳукумати билан ҳамкорликда лойиҳани 2026 йилгача узайтириш ва қўшимча грант жалб этишни кўзда тутмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бепул юридик ёрдам – жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали ҳуқуқий кўмакдир. Бинобарин, Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини кучайтиришга, кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмларининг қонуний йўлга қўйилишига ҳар томонлама эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.

 

 

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech