КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРИ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ

9 декабрь  – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни

 

Коррупция жамият ва давлатга кенг кўламли вайронкор таъсир кўрсатадиган яширин хавфдир. У демократия, қонун устуворлиги ва бозор иқтисодиётига катта зарар етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Коррупция оқибатида аҳолининг фаровонлиги, яшаш даражаси ва сифати пасайиб, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига бошқа таҳдидлар кенг тарқалади.

Ушбу зарарли ҳодиса катта-ю кичик барча мамлакатларда мавжуд, аммо ривожланаётган мамлакатларда коррупциянинг хатари ҳалокатлидир. Коррупция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, заиф қатламларига кўпроқ зарар етказади. Чунки у дастлаб мамлакатларни ривожлантиришга йўналтирилган маблағларга чанг солади, ҳукуматларни эса асосий хизматларни кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилади. Коррупция паст иқтисодий кўрсаткичларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб, камбағалликни қисқартириш ва ривожланиш йўлидаги жиддий тўсиқдир.

Ҳар йили дунё бўйлаб коррупция сабабли тахминан 2,6 триллион доллар пул ўғирланади. Бу бутун дунё ЯИМнинг 5 фоизидан ортиғига тенгдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастурига кўра, ривожланаётган мамлакатлар коррупция оқибатида расмий ривожланиш дастурлари орқали олган ёрдамдан кўра  ўн баравар кўпроқ пул йўқотадилар.

Коррупцияга қарши кураш ҳақида сўз борганда, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятининг ушбу соҳадаги “Бош қомуси” бўлган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси эсланади. Мексиканинг Мерида шаҳрида 2003 йил 9 декабрда бўлиб ўтган конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган) имзолаш учун очиқ деб эълон қилинди ҳамда бугунги кунга қадар дунёнинг 192 та давлати унга қўшилган.

БМТ томонидан инсонларга коррупция шунчаки “маиший муаммо” эмас, балки қашшоқлик, сиёсий беқарорлик ва жиноятчиликнинг асосий илдизи эканлигини эслатиш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз кайфиятни шакллантириш, шунингдек, давлат органлари хусусий сектор вакиллари, нодавлат ташкилотлар ва оддий фуқароларни коррупцияга қарши ягона жабҳасига бирлаштириш мақсадида 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь бутун дунёда Бутунжаҳон коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Коррупцияга қарши конвенциянинг қабул қилиниши халқаро ҳамжамият коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қатъий бел боғлаганини аниқ кўрсатди. Конвенция ҳалоллик, қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, ривожланиш жараёнида ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда дунёни ҳамма учун янада яхшилашга интилиш каби асосий қадриятларнинг муҳимлигини тасдиқлайди.

Конвенция мамлакатлар ўзларининг коррупцияга қарши миллий қонунчилигини такомиллаштириш учун фойдаланиши мумкин бўлган стандартлар, чоралар ва кўрсатмаларнинг кенг қамровли тўпламини таклиф этади.

Аввало, Конвенция муаммога қарши курашнинг тўртта мустаҳкам устунини белгилаб берди, уларнинг биринчиси ва энг муҳими коррупциянинг олдини олишдир. Конвенция иштирокчи давлатлардан жамиятда коррупцияга қарши мустаҳкам “иммунитет” ҳосил қилишни талаб этади. Бу эса давлат хизматига муносиб кадрларни танлаш, уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, давлат харидлари ва бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг олдини олиш, давлат органларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги каби чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Шу билан бирга, Конвенция “жазонинг муқаррарлиги” тамойилини ҳам илгари суради. Унга кўра, нафақат оддий порахўрлик ёки ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш, балки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, хизмат мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, ноқонуний тарзда бойлик орттириш ва жиноий даромадларни легаллаштириш каби қилмишлар ҳам қатъий жиноий таъқиб остига олиниши шарт.

Айниқса, Конвенциянинг 20-моддасида кўрсатилган “Ноқонуний бойлик орттириш” концепцияси  мансабдор шахснинг активлари унинг расмий даромадидан кескин ошиб кетиши ҳолатини жиноят деб баҳолашга чақирувчи инқилобий ғоя ҳисобланади. Бугунги кунда миллий қонунчиликда бундай ҳаракатлар жиноят ҳисобланмаса-да, келгусида унинг жиноий таъқиб остига олиниши эҳтимоли мавжуд.

Конвенциянинг яна бир стратегик мақсади — коррупционерлар учун дунё харитасида “хавфсиз бошпана” қолдирмасликдир. Илгари халқ мулкини ўғирлаб, хорижга қочиб кетганлар жазодан қутулиб қолиши мумкин бўлган бўлса, мазкур ҳужжат давлатлар ўртасида экстрадиция ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлларини очди.

 Энг муҳими, Конвенция билан тарихда илк бор ўғирланган активларни қайтариш механизми жорий этилди. Бу шуни англатадики, коррупция йўли билан топилган ва чет элга олиб чиқиб кетилган бойликлар мусодара қилиниб, ўз қонуний эгасига — ўша мамлакат халқига ва унинг ривожланишига қайтарилиши кафолатланади.

БМТнинг ушбу Конвенцияси коррупцияни маҳаллий муаммодан трансмиллий хавфсизлик масаласига айлантирди ва иштирокчи давлатлардан фақат жиноятчиларни жазолашни эмас, балки коррупциядан ҳоли бўлган адолатли тизим яратишни талаб қилмоқда. Бинобарин, Конвенция иштирокчиси сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди. Ушбу чораларнинг барчаси юртимизда маиший коррупция даражасининг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлди.

Илгари коррупцияга қарши кураш турли органлар ўртасида тарқоқ ҳолда амалга ошириб келинган. Бинобарин, 2020 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ва коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ташкил этилиши мамлакатимизнинг коррупцияга қарши муросасиз эканлигини кўрсатувчи сиёсий ирода намунаси бўлди.

Қолаверса, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан давлат харидларида коррупциянинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат харидлари махсус ахборот порталида товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг жамоатчилик учун шаффофлиги таъминланди, давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича масофавий мониторинг қилиш тартиби, давлат харидларида Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Буларнинг барчаси давлат харидларида манфаатлар тўқнашувининг олди олинишига хизмат қилмоқда.

2024 йилда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қонун билан давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга доир чоралар белгиланди.

Коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг рейтинг натижалари ҳам Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд. Шундай экан, келгусида асосий эътиборни ушбу соҳада шакллантирилган қонунчилик базасининг сўзсиз ижросини таъминлашга ва жазо муқаррарлиги тамойилини тўлиқ қарор топтиришга қаратиш лозим бўлади.

Мухтасар айтганда, фақатгина мавжуд ҳуқуқий механизмларни тўлиқ ишга солиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқалигина коррупцияни жиловлашда кўзланган натижаларга эриша оламиз. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина тараққиёт ва барқарорлик кафолатланади.

 

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош юрисконсульти

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2025 йил 8 декабрь кунги 254 (1580)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech