Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: Янги Ўзбекистонда амалга оширилиши

10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни

 

Жаҳон ҳамжамияти 2025 йилда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг глобал механизми сифатида фаолият юритаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилганининг 80 йиллигини нишонлади. Таъкидлаш жоизки, 1945 йил 26 июнда Сан-Франсискода имзоланган БМТ Низоми инсон ҳуқуқларига умумий ҳурмат асосида тузилган мақсадларни ўз ичига олган биринчи халқаро шартнома ҳисобланади. Унда келажакда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун фалсафий ва ҳуқуқий пойдевор яратилган.

Жорий йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги кўплаб халқаро ва минтақавий ҳужжатларнинг юбилей саналари ҳам байрам қилинмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 60 йиллиги, EХҲТнинг Хельсинки Якунловчи ҳужжати қабул қилинганининг 50 йиллиги, МДҲнинг Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётимизнинг гендер мезонларига асос солган Аёлларга оид Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий халқаро тизимининг таянч устунларидир.

Мазкур халқаро ҳужжатларнинг барчасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тилга олингани бежиз эмас, яъни бу айни халқаро ҳужжатнинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишдаги аҳамияти бебаҳо эканидан далолатдир. Ушбу тарихий ҳужжат ва унда мустаҳкамланган глобал консенсус "барча халқлар ва миллатлар учун эришиш керак бўлган умумий стандарт" ҳисобланади. 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш кун тартибида у бевосита Умумжаҳон декларациясига асосланганлиги ва инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқарадиган тарзда амалга оширилиши кераклиги қайд этилган. Инсон ҳуқуқларининг ҳар бир Барқарор ривожланиш мақсади ва тегишли вазифаларга боғлиқлигини таҳлил қилганда, ўзаро алоқадорлик яққол намоён бўлади: 169 та вазифанинг аксарияти (92 фоизи) инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро стандартлар билан боғлиқ.

Декларациянинг қабул қилиниши халқаро ҳамкорликда бутун бир йўналишни ривожлантириш, халқаро ҳуқуқнинг мустақил тармоғини шакллантириш учун бошланғич нуқта бўлди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига эътиборни жалб қилиш мақсадида 1950 йили БМТ Бош Ассамблеяси қарор қабул қилиб, 10 декабрни – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни, деб эълон қилди.

2025 йилги Халқаро куннинг мавзуси "Инсон ҳуқуқлари – кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми" шиоридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида мамлакатимизда ҳар йили 1–10 декабрь кунлари "Инсон ҳуқуқлари" ўн кунлиги нишонланади. Барча умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига бағишланган умуммиллий дарс ўтказилади.

Мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органларининг фаол вакилларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги хизматлари учун рағбатлантириш мақсадида топширилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси дунёдаги энг кўп таржима қилинган ҳужжат ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу ҳужжат дунёнинг 575 тил ва лаҳжаларига таржима қилинган. Мазкур Декларация мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўзбек ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган, бир неча бор нашр этилган ҳамда тарқатилган.

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини яратилиши тарихи

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси XX аср тарихидаги энг фожиали давр – Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг, БМТ ва халқаро ҳуқуққа асосланган янги дунё тартиботи шаклланиши арафасида ишлаб чиқилди. Шубҳасиз, бу жараён ўша пайтда қизғин баҳс-мунозараларсиз ўтмаган. Натижада дунё инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, ўзаро боғлиқлиги ва бўлинмаслигини тан олди. Бу шуни англатадики, ҳуқуқлар орасида бири иккинчисидан устун турадиган иерархия йўқ ва маданий ҳамда географик истиснолар мавжуд эмас. Барча инсонлар, қаерда яшамасин, ушбу ҳуқуқларга эга ва уларни ҳимоя қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

БМТ Бош Ассамблеяси 1946 йил январдаги биринчи сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияга Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро биллни шакллантириш бўйича иш олиб боришни сўраб мурожаат қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия сайёрамизнинг барча минтақаларини ифодаловчи турли сиёсий, маданий ва диний қатламларга мансуб 18 аъзодан ташкил топган эди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг биринчи йиғилиши 1947 йилда Лейк-Саксес шаҳарчасида бўлиб ўтди ва унда Элеонора Рузвельт Комиссия раиси этиб сайланди. Комиссия олдида жаҳон сиёсатида ҳали номаълум бўлган ҳужжатни яратишдек ғоят мураккаб вазифа турарди.

Ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаси барча амалдаги конституциялар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий нормаларни таҳлил қилиш асосида тайёрланган. Шунингдек, унга Англиянинг Буюк эркинликлар хартияси, АҚШнинг Мустақиллик декларацияси ва Ҳуқуқлар тўғрисидаги билли ҳамда Франциянинг Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси асос қилиб олинган. Бир неча босқичли йиғилишлардан сўнг, Комиссия Бош Ассамблея ва ЭКОСОСга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг якуний лойиҳасини тақдим этди.

Декларация лойиҳаси йўлининг нақадар мураккаб бўлганини кўрсатувчи яна бир мисол шуки, БМТ Бош Ассамблеяси якуний консенсусга эришиш ва Декларацияни қабул қилиш учун 8 та машаққатли ялпи мажлис ўтказишга мажбур бўлди. Декларация матнини Ассамблеянинг ялпи мажлисига олиб чиқишдан олдин муҳокама қилган Бош Ассамблеянинг учинчи қўмитаси 81 та мажлис ўтказиб, матнга турли хил тузатишлар ва қўшимчаларни ўз ичига олган 168 та резолюцияни кўриб чиқди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг якуний таҳрири 48 та давлат томонидан қўллаб-қувватланди (ўша пайтда БМТга 58 та давлат аъзо эди), 8 та давлат бетараф қолди ва бирорта давлат қарши чиқмади. Бу воқеа 1948 йил 10 декабрда Париждаги Пале де Шайо саройида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 183-ялпи мажлисида юз берди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ноёб халқаро ҳужжат бўлиб, уни "Бутун инсоният учун эркинликлар хартияси" деб аташади. Бошқа ҳеч қайси халқаро ҳужжат бундай юксак баҳога сазовор бўлмаган. Бундай бемисл умумий эътирофнинг сабабини инсон ҳуқуқларининг замонавий тушунчаси ихчам ва тушунарли тарзда баён этилган Умумжаҳон декларацияси мазмунидан излаш керак, албатта. Бу инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ мустаҳкамлаган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Давлатларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига риоя қилиши муҳимлиги 1993 йилда 170 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокидаги Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида яна бир бор тасдиқланди. Мазкур  Инсон ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференцияси нафақат инсон ҳуқуқлари барча тоифаларининг ажралмас, ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи хусусиятини мустаҳкамлади ҳамда бу соҳада халқаро ҳуқуқ назарияси ривожланишининг янги босқичини қайд этди, балки дунёнинг барча минтақаларидаги давлатларнинг позицияларини ҳам бирлаштирди. Бугунги кунда мавжуд бўлган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи кўплаб универсал тузилмалар айнан Вена конференцияси туфайли юзага келган. Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид деярли ҳар бир қарорида келтирилади.

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тузилиши

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бутун дунёда эътироф этилган бўлиб, инсон ҳуқуқларининг универсал стандартлари тизимида алоҳида ўрин эгаллайди. Таъкидлаш жоизки, Декларация резолюция шаклида қабул қилинган ва тавсия хусусиятига эга ҳужжат бўлиб, бироқ унда эълон қилинган асосий ҳуқуқ ва эркинликларни давлатларнинг мутлақ кўпчилиги юридик мажбуриятлар сифатида тан олган.

Умумжаҳон декларациясини инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг универсал рўйхати, деса ҳам бўлади. Декларацияга кўра, инсон ҳуқуқлари табиий, ажралмас ва муқаддас деб эълон қилинди. Бунда "муқаддас" атамаси эълон қилинган ҳуқуқларнинг энг юқори аҳамиятини таъкидлаш учун қўлланилган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг халқаро-ҳуқуқий аҳамияти нимада ва у нима учун бугунги кунда ҳам эътибор марказида турибди?

Биринчидан, Декларация давлатлар шахснинг ҳуқуқий мақомини белгилашга, ҳар бир инсонга тегишли бўлган ва давлатлар ҳурмат қилиши ҳамда таъминлаши лозим бўлган ҳуқуқлар рўйхатини тузишга жазм этган илк халқаро ҳужжат эди.

Иккинчидан, Умумжаҳон декларацияси инсон ҳуқуқлари соҳасида ягона тартиб ўрнатиш асосларини яратди. Декларация муқаддимасида шундай таъкидланган: "мазкур ҳуқуқлар ва эркинликларнинг характерини ялпи тушуниш ушбу мажбуриятларнинг тўлиқ адо этилиши учун катта аҳамиятга эга". Кейинчалик Умумжаҳон декларацияси қоидалари инсон ҳуқуқларига оид кўплаб шартномаларда кенгайтирилди ва аниқлаштирилиб, улар инсон ҳуқуқлари бўйича мингдан ортиқ халқаро шартнома, декларация ҳамда минтақавий конвенцияларга асос бўлди.

Учинчидан, Декларация миллий қонунчилик учун йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилди. У нафақат кўплаб давлатларнинг конституциялари, балки кенг маънода миллий қонунчиликнинг асосини ҳам ташкил этди. Бундан ташқари, бир қатор давлатларда Декларация қоидалари бевосита юридик кучга эга бўлиб, миллий судлар қўллашга ҳақли бўлган ҳуқуқий норма сифатида амал қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси муқаддима ва 30 та моддадан иборат. 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида қайд этилган асосий ҳуқуқ ва эркинликларни тўртта асосий гуруҳга ажратиш мумкин.

Биринчи гуруҳга инсон шахсининг ажралмас ҳуқуқлари ва эркинликлари киритилади. Уларнинг асосида "Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Улар ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак" деган қоида ётади (1-модда). Бу ҳуқуқларга, хусусан, яшаш ҳуқуқи, эркинлик, шахсий дахлсизлик (3-модда), қул бўлмаслик (4-модда), қийноқлар ёки шафқатсиз, ғайриинсоний муомала ёки жазонинг ман этилиши (5-модда), барчанинг қонун олдида тенглиги (7-модда), шунингдек, одил судловни амалга оширишнинг процессуал кафолатларига тааллуқли бир қатор ҳуқуқлар (8, 9, 10, 11-моддалар), шахсий ва оилавий ҳаётга ўзбошимчалик билан аралашишдан ҳамда шаъни ва обрўсига тажовуз қилишдан ҳимояланиш, уй-жой дахлсизлиги, ёзишмаларни сир сақлаш ҳуқуқи (12-модда) киради.

Иккинчи гуруҳ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини Декларацияда акс этган фуқаролик ҳуқуқлари ташкил этади. Бу ҳуқуқлар давлат томонидан муайян ҳуқуқлар билан таъминланган фуқаро сифатидаги инсон шахсига хосдир. Декларацияда инсоннинг ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниш ҳуқуқи (6-модда), эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи (13-модда), бошпана сўраш ҳуқуқи (14-модда), фуқароликка эга бўлиш ҳуқуқи (15-модда), никоҳдан ўтиш ва оила қуриш ҳуқуқи (16-модда), мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи (17-модда) каби ҳуқуқ ва эркинликлар эълон қилинган.

Учинчи гуруҳга мансуб ҳуқуқлар Декларациядаги сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлардан иборат. Буларга фикр, виждон ва дин эркинлиги (18-модда), эътиқод эркинлиги ва уни ифода этиш (19-модда), тинч йиғилишлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлиги (20-модда), ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, шу жумладан давлат хизматида ишлашда тенглик ҳуқуқи (21-модда) киради.

Тўртинчи гуруҳни Декларацияда мустаҳкамланган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар (22-28-моддалар) ташкил этади. Бу ўринда, хусусан, меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқи, тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш, касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи, дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш ҳуқуқи, муносиб турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ҳар бир инсон жамият олдида мажбуриятларга эга бўлиши кераклиги тўғрисидаги қоидалари алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда фақат қонунда белгиланган чекловларга амал қилади. Бу чекловлар бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳамда демократик жамиятда ахлоқ, жамоат тартиби ва умумий фаровонликнинг адолатли талабларини қондириш мақсадидагина ўрнатилиши мумкин (29-модда).

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл деб аталадиган ҳужжатлар мажмуасига мансубдир. Бу мажмуага 1966 йилдаги иккита халқаро пакт – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, шунингдек Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир иккита Факультатив протокол ҳам киради.

 

Янги Ўзбекистон ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир. 1991 йил 31 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Конституциявий қонунда илк бор Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тилга олинган.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади. Ҳозирги кунда мамлакатда Декларация қоидаларига мувофиқ инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳуқуқий тизим шакллантирилган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 90 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 11 та асосий шартномасига қўшилган.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мужассам этилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг деярли тўлиқ мажмуасини ўзида акс эттирди. Конституцияда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган инсон ҳуқуқларининг табиий хусусияти эътироф этилган. Асосий қонунда, жумладан, қуйидагилар кафолатланган: "Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади" (19-модда); "Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади" (20-модда); "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади" (25-модда); "Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга" (27-модда).

Сўнгги йилларда БМТ билан ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага кўтарилди, 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Фақат шу йилнинг ўзида Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Ўзбекистон БМТ тузилмалари фаолиятида фаол иштирок этиб, 2021-2023 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлди. Мамлакатимиз 2024 йилда ЭКОСОС, ХМТ Маъмурий кенгашига аъзо сифатида киритилди, шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор Инсон ҳуқуқлари қўмитаси таркибига сайланди. Шу йили Ўзбекистон биринчи марта БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кенгашига 2028−2029 йилларга аъзо бўлди. Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларининг Глобал индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БМТ тузилмалари билан ҳамкорликда Давлат хизмати масалалари бўйича форум ташкил этилди. Кейинги 40 йилда биринчи марта Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси муваффақиятли ўтказилди.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ органлари доирасида 15 дан ортиқ резолюция қабул қилинди. Мисол учун, 2024-2025 йиллар давомида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида 3 та резолюция қабул қилинишига ҳаммуаллифлик қилди. Булар: "Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари" (2024 йил 10 октябрь); "Оилавий зўравонликни бартараф этиш тўғрисида" (2024 йил 11 октябрь); "Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга эришиш бўйича ҳаракатларни жадаллаштириш" (2025 йил 7 июль) тўғрисидаги резолюциялардир.

Бундан ташқари, 2024 йил 10 июнь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 56-сессиясида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга тўртинчи Факультатив протоколни ишлаб чиқишга чақирувчи 56/5-резолюция қабул қилинди. Ушбу Протокол мактабгача таълим ҳуқуқи, бепул мактабгача таълим ва бепул бошланғич таълим масалаларига бағишланади. Резолюцияда 2022 йил 14-16 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича жаҳон конференциясида қабул қилинган Тошкент декларацияси эътироф этилган. Бинобарин, ушбу Декларацияда барча болаларни давлат томонидан кафолатланган камида бир йиллик бепул мактабгача таълим билан таъминлаш таклифи илгари сурилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида БМТ "Инсон ҳуқуқлари – 75" ташаббусини ишга туширди. Ушбу ташаббус доирасида БМТга аъзо 150 та давлат, фуқаролик жамияти институтлари, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича 286 дан ортиқ ихтиёрий мажбуриятни ўз зиммасига олди. Ўзбекистон "Инсон ҳуқуқлари – 75" ташаббусини амалга ошириш, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тадбиркорлик фаолияти бўйича Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилиш ва амалга ошириш, шунингдек, ёшлар ва аёллар ҳуқуқлари соҳасида мажбуриятларни адо этишга бел боғлади.

Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минтақавий тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. МДҲнинг янги ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида Ўзбекистон вакили ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 2025-2028 йилларга мўлжалланган таркибига сайланди.

Маълумки, Вена декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар дастури ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилишни тавсия этган. Бугунги кунда дунёнинг 80 та мамлакатида инсон ҳуқуқлари соҳасида 150 дан ортиқ миллий режа (стратегия) қабул қилинган. Улар турли даражаларда: президентлар, парламентлар ва ҳукуматлар томонидан тасдиқланган. Ҳаракатлар даври қисқа муддатли, ўрта муддатли ёки узоқ муддатли истиқболларга бўлинади.

Мамлакатимизда 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси бу соҳадаги илк ҳужжат ҳисобланади. Миллий стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асослари яратилди, мажбурий ва болалар меҳнати барҳам топди. Бу Миллий стратегия ислоҳотларни тизимлаштириш ва халқаро мажбуриятларни, жумладан Барқарор ривожланиш мақсадларини, айниқса, 16-мақсад – тинчлик, адолат ва самарали институтларни амалга оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва унинг махсус тартиб-таомиллари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва амалга оширмоқда. Булар БМТ Хавфсизлик кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш, аёлларга нисбатан камситишларга қарши курашиш, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар тавсияларини амалга ошириш, терроризмга қарши курашиш ва бола ҳуқуқлари бўйича режалардир. БМТнинг етарли уй-жой масаласи бўйича махсус маърузачиси Б. Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш учун "Йўл харитаси" лойиҳаси ҳам тайёрланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб инсон ҳуқуқлари мавзусида ўқув семинарлари ўтказилди. Уларда 3 минг нафарга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари вакили – терговчилар, прокурорлар, судьялар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўқув салоҳиятини ошириш мақсадида Миллий марказ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади.

Янада муҳими, "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили" Давлат дастури доирасида 2030 йилгача мўлжалланган янги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди. Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, шунингдек, ўтган даврда шаклланган миллий амалиёт инобатга олинди. Бундан ташқари, ҳужжатда Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш доирасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари томонидан берилган тавсиялар ҳам ўз аксини топди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегияда таклиф этилаётган вазифаларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини қўллаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини самарали рўёбга чиқариш, шунингдек, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган 30 йилдан зиёд давр мобайнида ёш мустақил давлатдан жаҳон ҳамжамиятининг фаол ва ишончли шеригига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик мамлакат институтларининг шаклланиши ва ривожланиши, барқарор тараққиётга қатъий интилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий сиёсатни замонавийлаштириш ва минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш борасида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

 

Мирзатилла ТИЛЛАБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари,

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича

мустақил доимий комиссияси аъзоси, профессор

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech