“ҲАБИБИМ ДЕБ КЎП ЎЙ СУРАР ҒАЙБУЛЛО...”
11 декабрь – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
фан арбоби Ғайбуллоҳ ас-Салом туғилган кун
Тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик – энг улуғ неъмат. Бинобарин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2025 йилни – Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилгани бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида жамоатчилик вакиллари иштирок этган жорий йилдаги учрашувда таъкидлаганидек, «Бизнинг энг катта бойлигимиз — бу тинч ва осойишта ҳаётимиз, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг омонлигидир. Бугунги кунда барча ҳаракат ва ислоҳотларимиз, ҳамма эзгу ниятларимиз бир улуғ мақсадга — давлатимиз истиқлоли, эл-юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилган. Энг катта мақсад-муддаомиз — меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизни рози қилишдан иборат».
Ғалаба боғи — ҳамиша барҳаёт қаҳрамонларимиз тимсоли, ўзлигимиз ифодаси, қандай сабот-матонатли халқ эканимизнинг ёрқин амалий тасдиғидир. Энг асосийси, бу мажмуа ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойитилиб, изчил кенгайтирилмоқда. Яқинда Ғалаба боғи манзараси «Хотира нури» композицияси билан тўлдирилди.
Ғалаба боғида яна бир янги ёдгорлик — «Миллат фидойилари» монументи барпо этилди. Ушбу монументда номлари зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилган 196 нафар марҳум ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳар бири, Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари каби, халқимизнинг ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлишга улгурмаган шерюрак ўғлонларидир.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «мамлакатимиз истиқлоли, халқимиз тинчлигига нисбатан реал хавф туғилган пайтда, улар бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмасдан, жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ўзларини қалқон қилишди. Бу фидойи ҳарбийлар шу тариқа бугунги Янги Ўзбекистон учун мустаҳкам замин яратиб кетишди. Шу боис, биз уларнинг хотираси, руҳи поклари олдида доимо қарздормиз».
Дарвоқе, юртда хавф туғилганда, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, Ватан ҳимоясига отланган, жасорат ва садоқат намунаси бўлган инсонлар, бугун «Миллат фидойилари» монументида хотираси абадийлаштирилган 196 нафар ёвқур ҳамюртимиздан бири – адлия катта маслаҳатчиси, Бош прокуратуранинг алоҳида ишлар бўйича катта терговчиси раҳматлик Ҳабибулла Саломов, яъни ўзбек таржимачилик мактабига асос солган атоқли олим Ғайбулла Саломовнинг (Ғайбуллоҳ ас-Салом) бевақт ажралиб қолган ва доғида умр бўйи куйиб ўтган якка-ю ягона ўғли бўлади...

Устоз Ғайбулла ака умрининг охирида шеърлар ҳам ёза бошлаганди. Ҳойнаҳой, энг сўнгги ижод маҳсули бўлган шеърида шундай мисралар бор:
Энди бизга этолмайсан қасд,
Баланд – баланд, пастдир бунда паст,
Ҳабибимга бўлганман пайваст,
Ҳабибуллоҳ менга ёр, улфат,
Бу мамлакат – бошқа мамлакат.
Шеър худдики Жаннатда туриб битилганга ўхшайди. Муаллиф фоний дунёдаги ҳаёти давомида шайтони лаъин ва шайтон турқидаги кимсалардан ўзига кўп қасд бўлгани ва тоғдек баланд қадри паст бўлгани, энди бундай бераҳм синовлар, беҳад адолатсизликлар барҳам топганидан қувонади. Чунки муаллиф энди боқий дунёда макон тутган “мамлакат – бошқа мамлакат”.
У мамлакатда, яъни Жаннатда иблису иблисваччаларга асло жой йўқ. Мискин банда у ерда Ҳабиби – Яратган Эгам билан пайваст бўлади. Ҳабибуллоҳ эса энди унга доимий ҳамроҳу улфатдир.
Ҳабибуллоҳ, яъни Ҳабибулла ака – устоз Ғайбулла Саломовнинг ўғли. Ғайбулла ака оталари Мулла Тожи бобонинг биттаю-битта фарзанди, кўзининг оқу қораси бўлгани каби, Ҳабибулла ака ўз отасининг якка-ёлғиз ўғли, азиз фарзанди аржуманди эди.
Қисматнинг аччиқ синовларини кўрингки, илму маърифат йўли ўғилни, Ғайбулла акани отасидан узоқлашишга – аввал Самарқанд, сўнг Тошкентда яшашга мажбур этган бўлса, қотиллар жаҳолати эса суюкли, оқил ва жасур ўғил Ҳабибулла акани отасидан бутунлай маҳрум айлади. Ҳа, бу фожеада айнан жаҳолатнинг қўли борлиги кейинроқ аён бўлди.
Устозга замондош ва даврадош зиёлилар ўз хотираларида ёзганларидек, фарзанди Ҳабибулла аканинг тақдири Ғайбулла аканинг туганмас аламли жароҳатига айланган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур таржимон ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, “Баъзан шундай таассурот туғилар эдики, у ҳаётдаги қарийб барча нарсаларга кейинги йилларда шу жароҳат орқали қарар, баҳо берарди. Унинг кейинги ўн беш йил орасида ёзган баракали асарларида шу изтиробнинг алангаси чарсиллаб, учқунлаб турган каби кўринади. Изтироб унинг услубини ҳам ўзгартириб юборди. Нима ҳақда ёзмасин, тошқин фарёд ун бериб турди”.
Ғайбулла ака ўғли билан боғлиқ оғир, аччиқ ва аламли дарду армонларини ўзи билан бирга қабрига олиб кетди. Китоблари саҳифаларига сочилган туғёнли сатрлар чўғи эса ўша бешафқат армон вулқони ёлқинини махлисларга то ҳануз эслатиб турибди.
Ҳабибулла ака билан илк (ва сўнгги) учрашувимиз ёдимда қолган. Бу воқеа Ғайбулла ака таваллудининг 60 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда юз берганди. Тантана 1992 йил 11 декабрь куни ТошДУ – ҳозирги Миллий Университетнинг “Маданият саройи”да бўлиб ўтган.
Мен ўшанда нафақат олий ўқув юртини яқинда битирган навқирон мутахассис, айни чоғда ёш оила соҳиби ҳам эдим. Истиқлолнинг дастлабки йилларидаги иқтисодий муаммолар рўзғоримга таъсир кўрсатмай қолмаган. Шу боис рўзғорнинг олахуржуни елкамга тушган кезлар эди. Катта лаборантлик маошимдан қўлимга тегадиган 71 рубль икки нафар ёш болали оилам сарф-харажатига урвоқ ҳам бўлмасди. Қўшимча даромад келтирадиган юмушлар билан чалғиб, Домланинг юбилейига тайёргарлик ишларига деярли ёрдам беролмаганман. Тадбирнинг ҳам базм қисмига етиб келганман.
Мен ҳали кўпчилигини юзма-юз танимайдиган олиму адибларнинг гавжум даврасида устозим Тилак Жўра кутиб олганидан енгил тортдим. Тилак ака хушнуд ва сархуш эди. Бундай пайтда у киши расмиятчиликни йиғиштириб қўйиб, “сен”лаб гапириши одатий ҳоллиги учун, ҳайрон бўлмадим.
– Бугун ҳаммамиз, айниқса, Таржима кафедраси аъзолари учун байрам. Домлага бағишлаб шеър битиб келдингми? Ҳозир сўзга ёздираман, битта қутлов айтгин-ей! Ғайбулла ака бир севинсин-да.
Хижолат чекдим. Домлага шеър бағишлаш хаёлимга келмаган экан. Ёдимдаги шеърларимнинг эса бари севги ҳақида. Бундай нуфузли даврада сўз айтишга умуман тайёр эмасман. Шу сабабли Тилак аканинг таклифини рад этдим. Лекин Тилак Жўра бундан зиғирча ранжимади. Турнақатор навбатда турган сўзга чиқиш истагидаги олиму адиблар сафига кўз ташлар экан:
– Юр, Ғайбулла акани олдига борамиз, боя сўрагандилар, бир кўриниб, юзма-юз табриклаб қўясан, – деди Тилак ака зиёфат дастурхонлари тузалган столлар оралаб йўл бошлар экан. Мен қимтинганча ортидан эргашдим.
Тиғиз йўлакда иккимиз билан сўрашган ва қутлаган танишларимиз кўп учради. Шу танишлар орасида яп-янги костюм-шими ўзига ярашган кўркам ва бўйдор бир киши эътиборимни тортди. У бизни, аниқроғи, Тилак Жўрани яхши танир, олдинроқ кўришишган, чамамда.
Тилак ака базм ажойиб ўтаётганини мақтаб, негадир унга раҳмат айтди. Бўйдор киши хижолатпазлик билан Тилак аканинг сўзини бўлди ва мен томон қаради, Тилак ака мени таништирди. Қисқа фурсатлик мулоқотдан сўнг у тавозе билан ижозат сўраб, биздан узоқлашди. Шунда Тилак ака ҳозиргина Ғайбулла аканинг ёлғиз ўғли Ҳабибулла ака билан кўришганимни айтди.
Ўйласам, Ҳабибулла ака аввалбошдан кўзимга иссиқ кўрингани бежиз эмасди. Чунки у қош-кўзлари ва самимий муомала маданияти билан отаси – Ғайбулла акага қанчалик ўхшаса, баланд бўй-басти ва астойдил жонкуярлиги билан Шаҳрибону кеннойимнинг боласи экани шунчалик яққол билиниб турарди. Не тонгки, ўшанда у инсонни биринчи ва охирги марта кўриб турганим тушимга ҳам кирмаган.
Ёдимда: 1993 йил 18 (ёки 19) декабрь куни, яъни Домланинг ТошДУ “Маданият саройи”да нишонланган юбилейидан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб кўришганимизда, Тилак ака:
- Сездингми, Ғайбулла аканинг кайфияти йўқ, – деди чуқур хўрсинганча. – Ўғиллари йўқолиб қопти. Ҳабибулла топилмаётганмиш. Ўтган ҳафта Домланинг зиёфатида таништиргандим-ку.
- Йўғ-ғей?!.
- Ҳа-а... Бир кеча-кундуздан буён ундан дом-дарак йўқ...
... Одатда, мусулмончилик таомилига кўра, бир йил давомида дом-дараксиз кетган инсонга жаноза ўқилиши лозим, дейдилар. Агар шундан сўнг у уйига тирик кириб келса, қулоғига яна азон айтилади ва инсон гўёки янгидан туғилган ҳисобланади.
Аммо, ишхонада олдимизда шундай маслаҳат бериш – отани боласидан айрилиб қолганига кўниктириш зарурлигини пеш қилиб турган ёши улуғ акахонларимиз Ғайбулла ака кириб келиши билан тамоман бошқача гапирардилар. Уйда ҳам Домлага бундай гапларни айтишга оила аъзоларидан ҳеч бирининг ҳадди сиғмаганини яхши тушунаман.
Аслида, Ғайбулла ака ёлғиз ўғли бу дунёда ҳаёт эмаслиги ҳақидаги тахминларга ишонишни истамас, ён-атрофдагилар ҳам ўзаро суҳбатларда ана шу ҳолатдан келиб чиқарди. Ҳар гал Домла билан мулоқот чоғида Ҳабибулла аканинг тўрт мучаси соғ-саломат қайтиб келиши ҳақидаги тахмин – умидга, умид – тилакка айланарди. Ҳаммамиз ота-болага соғ-саломат дийдорлашиш насиб этишини сўраб, Яратганга ихлос билан тавалло қилардик.
Ҳатто, севимли шоиримиз Абдулла Орипов фарзанд доғида оғир аҳволга тушган Ғайбулла акадан ҳол сўраб боргани ҳақида ҳам қизиқ ҳикоятлар юради. Ўшанда Домла ҳовлисидаги ертўланинг эшигини очиб, фонус тутиб туради. Абдулла ака эса Ҳабибулла аканинг саховати билан Ғайбулла аканинг юбилейи учун жуда кўп харид қилинган ва ортиб қолгани ертўладаги қутиларда тахтлаб қўйилган шишаларни бирма-бир кўздан кечиради.
Қарангки, ўша юбилейдан буён анчагина вақт ўтган бўлиб, шишаларнинг бари ярим-ёрти бўлиб қолган экан. Шоир шундай чала-тўла шишалардан бир нечтасини қўлтиғига қистириб чиқади. Ростини айтсам, ўшанда икки устозим бирдек майхўрлик қилганми-йўқми, аниқ айтолмайман. Лекин Абдулла ака Ғайбулла аканинг афтода аҳволини кўриб эзилганидан, сўнг бағрипора отага астойдил юпанч бўлиш истагида озгина нўш қилган бўлсалар кераг-ов.
Муҳими, суҳбат жуда қизиган. Кайфият шу даражага етганки, олим яқин кунларда кўз қораси бўлмиш ўғлининг қайтиб келиши муносабати билан зиёфат беради, шоир ўша қутлуғ даврага раислик қилади, деган тўхтамга келишиб, икковлон хушнуд ҳолда хайрлашганлар. Ўшанда чой-пойдан хабар олиш учун меҳмонхонага кириб-чиқиб турган Шаҳрибону кеннойим Абдулла акани кузатишлари билан Домлага юзланиб:
– Ўғлимизни кўрган одамлар айнан қайси кўчада учратганларини шоирдан сўраб қолдингизми? Эртани кутиб ўтирмасдан, ҳозироқ одам юборайлик, ўша жойларни қидиришсин, дея зорланган экан.
Барибир, Ҳабибулла ака топилмади. Ғайбулла ака Худодан ёрдам сўраб, Каъбатуллоҳгача бориб келди. Ойнаи жаҳон орқали халққа мурожаат қилди. Собиқ ички ишлар вазири, “кўча одамлари”, ўша даврда ғайритабиий қуввати билан донг қозонган турли инсонлар, хусусан, Муҳаммад афғон деганларига ҳам бориб дардини айтди. Ҳаммадан мадад ва пайғом кутди. Бироқ на кўкдан хабар келди, на ердан садо чиқди. Охири, ана шу ўлик сукунат Домлани ўлдирди.
...1999 йил 1 февраль. Ўша қайғули кунда катта шогирдлар онаизорни эри ва ўғлига баравар жаноза ўқишга қандай кўндирганларига ўзим гувоҳман. Шу тариқа Ғайбулла ака билан Ҳабибулла аканинг излари қолган Бодомзор маҳалласи масжидида бир маййитга икки киши учун жаноза сафида турганмиз.
Шундан сўнг фақат орадан 29 йил ўтибгина Ҳабибулла аканинг дараги чиқди. Бу ҳақда илк бор "Куч – адолатда" газетасининг 2021 йил 20 август сонидаги академик Акмал Саидов қаламига мансуб “Матонат тараннуми” мақоласида ўқиб қолдим. Газетанинг электрон шаклини Назира ас-Саломга: “Раҳматлик Ҳабибулла акангиз ҳақида айрим маълумотлар бор” деган хабар билан бирга юбордим.
Машҳур ҳуқуқшунос олимнинг мақоласи таниқли ёзувчи Шоҳрух Акбаровнинг 2021 йилда нашр этилган “Мен ўзбекман” тарихий-ҳужжатли романи иккинчи китоби[1] талқинига бағишланган. Ушбу китобда ХХ асрнинг 90-йилларида мамлакатимиз ҳудудида содир этилган ёвузликлар ҳақида тарихий ҳужжатлар ва ўша жиноятларга қарши мардона курашган юртдошларимизнинг шахсий хотиралари асосида қизиқарли тарзда ҳикоя қилинган.
Асар бош қаҳрамони – республика прокурори ўринбосари Тоҳир Мирзаевнинг мустақиллик арафасида Андижон ва Самарқанддаги қуролланган уюшган жиноятчилар ҳамда уларнинг давлат идораларидаги ҳомийлари бўлмиш айрим мансабдор шахсларга қарши кескин кураши жараёнлари талқин этилган.
Асар бош қаҳрамони Тоҳир Мирзаев 1990 йил 16 мартда Москвада, СССР Бош прокуратураси ҳайъатида Ўзбекистон Республикаси прокурорининг тергов ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланган. Унинг қандай мураккаб шароитда иш бошлаганини тасаввур қилиш учун бугун аллақачон тарихга айланган ўша оғир йиллардаги мавжуд вазиятга назар солиш тақозо этилади.
Гап шунаки, у вақтларда ҳали СССР тимсолидаги мустамлака мамлакат барҳам топмаганди. Қолаверса, “пахта иши”, “ўзбеклар иши”ни тергов қилиш ва гўёки республикада муҳитни яхшилаш учун “Марказ”дан юборилган “десантчи”ларнинг таъсир кучи сақланиб турарди.
СССР тимсолидаги қудратли салтанатда давлат тузумининг “тагига сув кетгани” жамиятда беқарорликни кучайтириб юборган, оқибатда жиноятчилик авж олиб кетаётганди. Энг ачинарлиси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги айрим мансабдор шахслар қуролланган уюшган жиноятчиларнинг давлат идораларидаги ҳомийларига айланган, яъни коррупция кучайгандан-кучайиб борарди.
Китоб қаҳрамонлари учун тимсол бўлган матонатли ҳамюртларимиз ҳаётининг суронли даври ана шу бир-биридан йирик ва ҳалокатли муаммолар чорраҳасида кечган. Шу нуқтаи назардан, академик А.Саидов: “Ҳужжатли роман қаҳрамонларидан бири – республика прокуратураси тергов бошқармасининг тергов қисми бошлиғи ўринбосари Ҳабибулла Саломов жиноятчилик ва коррупция ўпқонининг шафқатсиз домига тушиб, унинг қурбонига айланган”[2], деб ёзгани бежиз эмасди.
Ўша даврда олий ўқув юртини тугатиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган навқирон мутахассис сифатида собиқ СССР ва унинг таркибидаги узоқ йиллик мустамлакачиликдан сўнг мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон ҳаётида кечган воқеалардан кўп қатори хабардорлигим бўлган, албатта.
Аммо, “Мен ўзбекман” китобини ўқиш асносида, ўшандаги жўшқин ҳаётимизнинг “сувости оқимлари”дан мутлақо бехабар бўлганимни англадим. Аслида, Домлага ҳам, атрофидагиларга ҳам бу борада зарур ахборотга эга бўлмаганимиз панд берган экан ўшанда.
Бу ҳақда сўз юритганда, авваламбор, собиқ СССР давлатининг сўнгги кунларига эътибор қаратиш лозим. Михаил Горбачёв 1985 йилда дастлаб КПСС Марказий қўмитаси бош котиби, кейинчалик СССР Президенти этиб сайлангач, нафақат мамлакат, балки бутун дунё бўйлаб “қайта қуриш”, “ошкоралик”, “демократия” дея сафсата сотиб, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга тоғдек ваъдалар берди, амалда эса ҳеч нарса қилмади.
Шундан сўнг демократия анархияга айлана бошлади. Яъни, жойларда бўйсунмаслик, давлат чиқарган қонунлар ва қарорларга риоя қилмаслик, ўз билганча иш юритиш авжига чиқди. Давлат ва жамиятни бошқаришнинг эски механизмлари бузиб юборилди, янгилари эса ўз вақтида ва талаб даражасида жорий этилмади.
Хусусийлаштириш баҳонасида пулдорлар завод-фабрикалар ва бошқа мулкларни сотиб олган бўлса, оддий халқ яна ҳеч нарсасиз қолди. Бунинг оқибатида СССРда нотенглик бошланди, яъни жамият бойлар ва камбағалларга бўлиниб кетди. Боз устига, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, уларни тарбия қилиш масалалари қўлдан чиқиб кетди. Натижада бу пайтга келиб жиноий гуруҳлар, жиноятчилар кўпайиши ҳисобига жиноятчиликлар миқдори кескин ўсди.
Шу аснода юртимизда ўша пайтда юзага келган оғир вазият жиноятчиликнинг янги тури – иқтисодий жиноятчилик бўй кўрсатди. Бандитлардан иборат уюшган ва тиш-тирноғигача қуролланган жиноий гуруҳлар пайдо бўлди. “Мен ўзбекман” китобида қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг айрим жойларида ҳам шунинг бир тури “чойхоналар” кўринишида вужудга келди. Муаммолар судда эмас, ҳуқуқни муҳофаза қиладиган органларда эмас, ижроқўмда эмас, райкомда эмас, чойхоналарда ҳал қилинадиган бўлди.
Ўша даврда “Марказ”дан юборилган “десантчи”ларнинг қилмишлари, халқона ибора билан айтганда, дард устига чипқон бўлди. “Марказ”даги ҳомийларига қаттиқ ишонган, “ўзбеклар иши” бўйича тезкор гуруҳларда жонбозлик кўрсатган, ўрни келганда, Гдлян-Ивановларга садоқат билан хизмат қилган айрим “қонун посбонлари” ўзларининг бевосита ишларини бир ёққа қўйиб, турли кирдикорлар билан банд бўлгани туфайли республикада жиноятчилик ҳаддан ошганди.
Шундай бир вазиятда Ўзбекистон раҳбарияти Республика прокурорининг тергов ишлари бўйича ўринбосари Тоҳир Мирзаевга Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси, умуман, Самарқанддаги жиноятчиларга қарши курашадиган ҳукумат комиссиясини тузиш ва унга раҳбарлик қилиш вазифасини топширади.
1991 йил 9 июль куни ҳукумат комиссиясининг ўттиз нафардан ортиқ вакили махсус автобусда Самарқандга йўл олади. Комиссиянинг мақсади у ерда мавжуд бўлган кучли, хавфли ва ниҳоятда маккор уюшган жиноий гуруҳларнинг жиноятларини фош қилиш ва ишларини тергов қилиб судга чиқаришдан иборат бўлган.
Ҳабибулла Саломов ушбу ҳукумат комиссияси ихтиёридаги тергов гуруҳининг раҳбари сифатида Тошкент ва Самарқанд орасида бориб-келиб ишлаган. Аммо, шу вақтгача қўлимизда биз учун номаълум бўлиб келаётган айни шу воқеаларга доир на расмий ва на норасмий биронта манба мавжуд эмасди.
Хайриятки, “Мен ўзбекман” тарихий-ҳужжатли романининг иккинчи китобида Ҳабибулла Саломовнинг Самарқанддаги бандаларга қарши курашиш воқеаларига дахлдор фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотларга дуч келдик. Биз ана шу маълумотларни шахсий хотираларимизга таянган ҳолда таҳлил этишга ҳаракат қиламиз.
“Кучли терговчи, хушмуомала, маданиятли инсон”. Республика прокурорининг биринчи ўринбосари Тоҳир Мирзаев ўзи бевосита раҳбари ҳисобланган Ҳабибулла Саломовга худди шундай таъриф берган. Бу фикрлар Тоҳир Қамбаровичнинг хаёлидан Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасини текширишга бориши арафасида кечган. Чунки у Самарқанддаги текширишлар жараёнида дуч келинадиган жиноятчиларнинг ниҳоятда шафқатсизлиги ҳақидаги муҳим маълумотларга эга эди. Шунинг учун ҳукумат комиссияси таркибига киритиладиган тергов гуруҳини тезроқ шакллантиришга ва унга айнан Ҳабибулла Саломовни раҳбар этиб тайинлашга аҳд қилди.
Китобнинг шу воқеалар ҳақида сўз борган саҳифаларида Ҳабибулла аканинг қуйидаги таржима ҳоли қайд этилган: “Ҳабибулла Саломов 1954 йилда Самарқанд (ҳозир – Навоий) вилоятида таваллуд топган. 1976 йилда Тошкент Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Ўзининг меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман прокуратурасида терговчиликдан бошлаб, Тошкент шаҳар прокуратурасида бош терговчи, республика прокуратурасида терговчи ва алоҳида муҳим ишлар бўйича бош терговчи бўлиб фаолият юритди. Ҳозирги пайтда республика прокуратураси тергов бошқармасининг тергов қисми бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлайди”[3].
Китобда Ҳабибулла ака ҳақиқатан лаёқатли мутахассис бўлганини тасдиқлайдиган бир қатор янги маълумотлар қайд этилган. Шуларнинг айримларига тўхталиш ўринли, деб ўйлайман.
Аввало, Ҳабибулла Саломов Самарқандда текшириш ўтказадиган ҳукумат комиссияси тергов гуруҳига раҳбар этиб тайинланишига қадар 16 йил мобайнида терговчилик касбида узлуксиз ишлаган. Шу аснода катта тажриба ва маҳорат орттирган. Кечаги талаба сифатида Шайхонтоҳур туман прокуратурасида терговчиликдан иш бошлаган шижоатли навқирон қадр фаолиятининг биринчи йилидаёқ Тошкент шаҳар прокуратураси терговчилари орасида энг яхши натижага эришган. Бунинг учун раҳбарият томонидан тақдирланган.
Республика прокуратураси раҳбарлари Ҳабибулла аканинг қобилиятини ҳисобга олиб, “Ленинград” меҳмонхонаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилувчи тергов-тезкор гуруҳи таркибига киритган. У айни иш бўйича айбдорларнинг айби тасдиқланишига салмоқли ҳисса қўшган.
ХХ асрнинг 80-йилларида Ҳабибулла Саломов “Ўздавқўмнефтмаҳсулотлари” тизимидаги нефть базасидаги ортиқча маҳсулотларни Тошкент шаҳри ва вилояти бензин қуйиш станцияларида хуфия пуллаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ ишини тергов қилган. Натижада 3 миллион рублдан зиёд давлат маблағларини ўзлаштирган 36 нафар жиноятчи фош этилган.
Албатта, давлат томонидан Ҳабибулла аканинг бундай мураккаб ва чигал ишларга қонуний ҳамда адолатли ечимлар топа олиш қобилиятига муносиб баҳо берилган. Бу фикрни ўша пайтда у “Шавкатли меҳнати учун” ордени билан тақдирлангани ҳам тасдиқлайди.
Ҳабибулла Саломов ёш бўлишига қарамай, Бош прокуратура Тергов бошқармасининг алоҳида ишлар бўйича катта терговчиси, адлия полковниги бўлган. Ўша фожеали кунлар арафасида ҳужжатлари генераллик унвонини олиш учун тайёрлангани, ҳатто номзоди Республика прокурори лавозимига тавсия этилиши кўзда тутилган салоҳиятли кадрлардан ҳисоблангани ҳақида ҳам эшитганман.
“ – Ҳабибулла, Самарқандга чой қадоқлаш фабрикаси, ва умуман, Самарқанддаги жиноятчиларга қарши курашадиган ҳукумат комиссияси билан у ерга бориш учун тайёргарлик кўраётганимиздан хабарингиз бор. У ерда кучли, хавфли ва ниҳоятда маккор уюшган жиноий гуруҳлар бор. Бизнинг олдимизга уларнинг жиноятларини фош қилиш ва ишларини тергов қилиб, судга чиқариш вазифаси қўйилган. Қанчалик қийин бўлмасин, бу вазифани бажаришимиз лозим. Жуда кўп мураккаб ишларни мувффақиятли охирига етказганингизни билганим учун сизни комиссия ихтиёридаги тергов гуруҳининг раҳбари этиб тайинламоқчиман. Бу ўта масъулиятли вазифа, сиз эса тажрибали терговчи бўлганигиз учун бу ишнинг уддасидан чиқишингизга ишончим комил. Ўзингиз нима дейсиз?
- Мен розиман, Тоҳир Қамбарович, ишончингизни албатта оқлайман.
- Бўлмаса, тергов гуруҳига аъзо бўладиган терговчилар рўйхатини тузинг, мен уни тасдиқлайман...”[4].
Ўта масъулиятли ва қалтис хизмат сафари арафасида Ҳабибулла ака билан бевосита раҳбари ўртасида шу мазмундаги жиддий суҳбат бўлиб ўтган. Икки кундан сўнг Тоҳир Мирзаев тергов гуруҳи аъзолигига тавсия этилган терговчилар рўйхатини ўрганиб чиқади ва тасдиқлайди.
Бу воқеалар, ҳойнаҳой, Ҳабибулла аканинг ота-онаси бехабарлигида (хизмат сири!) кечган. Чунки у киши бедарак йўқолганидан сўнг орадан икки ярим йилча вақт ўтиб, биз домла ва кеннойимни юпатиш учун турли афсоналар айтганмиз.
Ҳабибулла ака махфий хизматлар томонидан Шарқнинг бирон-бир мамлакатига махсус топшириқ билан пинҳона жўнатиб юборилган бўлиши эҳтимоли ҳақида уйдирма тўқиганимиз ҳали ҳам эсимда. Асосийси, соғ-омон юрган бўлишлари керак, деб шўрлик ота-онани ишонтиришга уринганмиз-да.
Энди Ҳабибулла Саломов аслида ҳам махсус топшириқ бўйича махфий ишга сафарбар этилгани аён бўлди. Раҳматлик қайсидир хорижий юртда эмас, ўз Ватанимизда хизмат вазифасини сидқидилдан адо этиш асносида фожиавий ҳалок бўлган экан...
Тоҳир Мирзаев ўзи бош бўлган ҳукумат комиссияси билан Самарқандга етиб келгач, мавжуд вазиятни яқиндан ўрганади. Жиноий гуруҳ аъзолари нафақат чой фабрикасида жиноят содир қилгани, балки бир қанча қотиллик жиноятлар ҳам фош этилмаганини аниқлайди.
Ўшанда Республика прокурори ўринбосарининг хаёлидан шундай фикрлар кечади: “Самарқанддаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу жиноятларни шу пайтгача очиш чорасини топа олмаган, агар тергов қилиш уларга топширилса яна очилмай қолиши аниқ. Шунинг учун айни мана шу кўпдан бери очилмай қоиб кетган оғир ва ўта мураккаб жиноятлаларни тергов қилишни Саломов бошчилигидаги тергов гуруҳига топшириш керк. Фақат Саломов ва унинг тергов гуруҳигина бу жиноятларни фош қилиб, оқни оққа, қорани қорага ажратишнинг уддасидан чиқиши мумкин”[5].
Шунинг учун у очилмай ётган жиноят ишларини махсус почта билан республика прокуратурасига, Ҳабибулла Саломов номига жўнатиш тўғрисида тегишли топшириқ берди.
Тоҳир Мирзаев Самарқанддаги комиссия фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ Ҳабибулла Саломовга муҳим ҳужжатларни махсус почта орқали, яъни ўрнатилган тартибда юборишни йўлга қўйган. Демак, Ҳабибулла ака унга Самарқанд чой фабрикасидаги жиноятга алоқадор ҳужжатларни олиб келган одамлар томонидан гўёки ўғирлаб кетилгани ҳақидаги мен кўп бор эшитган фараз хатога ўхшайди.
Тоҳир Мирзаев кечқурун Ҳабибулла Саломов билан қўнғироқлашиб, ҳужжатлар унга етиб боргани сўради ва ижроси бўйича режаларини сўради. Тергов гуруҳи ҳам эрталабки самолётда Самарқандга етиб келиши ва ишни бошлаб юбориши тўғрисида ҳам гаплашиб олдилар. Эртаси куни иккаласи тергнов ишларини қандай ташкил қилиш тўғрисида суҳбатлашдилар. Тоҳир Мирзаев тергов гуруҳи жиноятларни фош қилишга қаттиқ киришганидан хурснд эди. Бироқ ўша куни оқшомда уни Тошкентга чақириб олишди ва ўзи имзолаган тергов гуруҳи раҳбари ва таркиби ўзгартирилганига оид қарорни қўлига тутақазишди.
Тоҳир Қамбарович ўз раҳбари, яъни Республика прокурори ва Ички ишлар вазири томонидан имзоланган ҳужжат билан танишиб, энди унинг олдида фақат битта йўл борлигини ўйлади. Яъни, Ҳабибулла Саломовни чақириши ва унга: “Мени кечирасиз, юқори раҳбарлар чиқарган қарорга кўра тергов гуруҳи раҳбари ҳам, терговчилар ҳам алмаштирилди. Сиз бугундан бошлаб тергов гуруҳи раҳбари эмассиз, энди сизнинг ўрнингизда бошқа одам ишлайди, тергов гуруҳи таркибига кирган терговчилар ҳам бугундан бошлаб ишламайди, Самарқанддаги ишларни бутунлай бошқа одамлар тергов қилади”[6], деб айтиши керак...
Бундай қалтис ўзгаришлар тасодифан юз бермайди, албатта. Китобда талқин қилинганидек, фаол қонуний ҳаракатларга тўсқинлик қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупция ботқоғига ботган “каттакон”лари Ҳабибулла акани пора эвазига Самарқанддаги жиноий гуруҳни ўз ҳолига қўйишга кўндира олмайди. Оқибатда собиқ мустамлака тузуми даврида “Марказ” томонидан ўзларининг юқори лавозимига қўйилган “каттакон”лар тергов гуруҳини ўзбошимчалик билан қайтадан тасдиқлатиб, унга ўз одамларини киритади. Албатта, Ҳ.Саломов тергов гуруҳининг раҳбарлиги тугул, ҳатто аъзолигидан ҳам чиқариб юборилади.
Тоҳир Мирзаев, барибир, Ҳабибулла Саломов раҳбарлигидаги тергов гуруҳининг Самарқандда ишни давом эттиришига ўз раҳбарини кўндиради. У шунчаки кўндирмайди, балки айнан шу йўлнинг энг тўғри эканига Республика прокурорини инонтиради. Агар вазият Устознинг ўғли тергов гуруҳи раҳбарлигидан четлатилгани ҳолатида қолса, балки қисмати бу қадар аччиқ бўлмасмиди? Аммо, начора, буни тақдири азал, дейдилар. Бошга тушганини кўз кўрар....
Ҳабибулла Саломов яна олдинги тергов гуруҳи билан ишлашга киришади. Самарқанд шаҳрида 1985 йилдан – 1991 йилнинг июлига қадар етти нафар одам ўлдирилгани, аммо жиноятлар фош этилмагани, аксинча, бости-бости қилиб юборилгани аниқлайди. Самарқандга бориб, вафот этганларнинг оила аъзолари, яқинлари, уларни яхши биладиган дўст-биродарларини сўроқ қилиб, содир этилган жиноятларнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганишни якунлайди.
Ҳабибулла Саломов еттита қотилликни ҳам изчиллик билан фош этган. Бунда, бир томондан, Тоҳир Мирзаевнинг қатъияти, иккинчи томондан, ўша даврда Министлар Совети раисининг бирнчи ўринбосари лавозимида ишлаган Исмоил Жўрабековнинг амалий ёрдами туфайли Дарғом каналининг суви 3 кун давомида ёпиб турилгани жуда қўл келади. Канал тубидан 13 та мурда топилган. Уларнинг аксарияти Ҳабибулла аканинг тергов гуруҳи томонидан тергов қилинаётган жиноят ишларига бевосита тааллуқли бўлган.
Самарқандга хизмат сафаридан сўнг орадан бир ярим йил ўтиб, тергов ҳаракатлари охирига етади ва ишни судга чиқариш учун тайёрлаш вақти ҳам етиб келади. Ҳабибулла Саломовнинг тергов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ тафсилотларга тўхталмасдан, фақат унинг кейинги аччиқ қисматига бевосита дахлдор биргина парчани ҳавола этамиз:
“Саломов тергов изоляторида Дамин Аҳтамовни Омон Нуров ўлими бўйича сўроқ қилиб, бу жиноятнинг содир этилишидаги сўнгги айбни – жиноятни ташкил қилганликдаги айбини ниҳоят бўйнига қўйди. У тергов хонасидан чиқар экан Дамин Аҳтамовнинг ўзига совуқ ва қаҳр билан тикилиб қолганига эътибор берди. Саломов терговда узоқ йиллар ишлаганлиги боис айбланувчиларнинг ўзига ёмон кўз билан қарашларига ўрганиб кетган бўлса-да, унинг бу қараши тагида қандайдир ёвуз бир режа ётганини ҳис қилиб юрагида ғашлик пайдо бўлди ва анчагача тарқаб кетмади”[7].
Шундан сўнг Ҳабибулла ака ишхонасига келиб, бевосита раҳбари – Республика прокурори ўринбосари, Тошкент шаҳар прокурори Тоҳир Мирзаев билан учрашади. Унга тергов жараёнлари якунлари ҳақида маълумот беради. Яъни, тергов жараёнида жами 43 нафар киши жиноят содир қилишда айбдор сифатида сўроқ қилиниб, уларнинг ишлари Самарқанд вилояти в Самарқанд шаҳар судларига чиқарилган. Шулардан 38 киши судланган. Янгийўл пости яқинида Тўлаган Аҳатовнинг отиб ўлдирилиши юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Бу иш бўйича 4 нафар шахс судланган. Яна бир қанча тўда (банда) ва уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилган.
Ҳабибулла Саломов бошчилигидаги тергов гуруҳи беш-олти йиил олдин ёпилиб кетган оғир жиноятларни очишнинг уддасидан чиққанди. Унинг раҳбари бу ютуқларни мамнуният билан эътироф этар экан, энди асосий жиноий гуруҳ бўлган Аҳтамовлар бандасининг қилмишлари бўйича айблов хулосасини ёзиш ва ушбу бандани ҳибсга олиш учун санкция берган Самарқанд вилоят прокурорига ҳам имзолатиш юзасидан топшириқ беради.
Ҳабибулла ака бу топшириқ устида икки кеча ва икки кундуз ишлаб, айблов хулосасини охирига етказади. Айрим тузатишлар киритгач, айблов хулосасини кўчиришга беради ва сўнг Самарқанд вилоят прокурори Тугал ака Ражабов билан қўнғироқлашиб, унинг кечга яқин Тошкентга етиб келиши ҳақида гаплашади.
Бу воқеалар айнан 1992 йил 18 декабрь – Ҳабибулла Саломов тўсатдан иш жойидан ғойиб бўлиб қолган фожеали куннинг биринчи ярмида бўлиб ўтади. Зеро, “Мен ўзбекман” китобининг ўн бешинчи боби “1992 йил 18 декабрь” деб номлангани бежиз эмас. Чунки бу бобда ўша кунги фалокат қисқа, лекин имкон қадар асосли ва ўта вазмин руҳда баён этилган. Шунинг учун қуйидаги кўчирмага эътибор қаратамиз:
“Шу куни декабрь бўлишига қарамай ҳаво ёз сингари иссиқ эди, Саломов костюмини ечиб креслосининг суянчиғига илиб қўйди ва иш билан қаттиқ банд бўлгани учун тушликка чиққанини ҳисобга олмаганида хонасидан чиқмади, соат тўртларга яқин иш телефони жиринглади.
У телефонни кўтарди ва бирдан ҳаяжон билан:
– Э, шундайми, буни қаранг-а, бўлди, ҳозир тушаман, кутиб туринг! – деб телефонни қўйди, костюмини ҳам киймасдан хонасидан шошиб чиқаркан котибага, – мен ҳозир келаман, раҳбарлар сўраб қолса шундай деб айтинг.
Ҳабибулла Саломов тез-тез юриб пастга, биринчи қаватга тушиб кетди.
Орадан ярим соат ўтди.
Бир соат ўтди.
Бир ярим соат ўтди.
Ҳабибулла Саломов хонасига қайтиб чиқмади.
Котиба безовта бўлиб Ҳамроевнинг хонасига кирди.
– Ҳабибулла Ғайбуллаевич, мен ҳозир келаман, деб хонадан чиқиб кетган эди, лекин бир ярим соатдан бери йўқлар.
– Ҳамроев туриб Саломовнинг хонасига йўл олди.
Костюми креслоси суянчиғига осиғлиқ турар, ўзи эса йўқ эди.
– Унга ким телефон қилганини билмайсизми? – сўради котибадан.
– Телефон жиринглади, лекин телефонни ўзи кўтарди. Ким қўнғироқ қилганини билолмай қолдим.
– Уйига телефон қилмадингизми?
– Қилдим, ишда деб айтишди.
– Кутиб турайлик-чи, келиб қолар, – деди у хонадан чиқаркан.
У келавермагач, Мирзаевга қўнғироқ қилиб, юз берган воқеани айтганидан кейин у ҳам етиб келди. Юз берган воқеа ҳақида Мустафоевга ҳам маълум қилинди.
Кечга яқин Тугал Ражабов қабулхонага кириб келди.
– Ҳабибулла ўзидами? – сўради у котибадан.
– Ҳабибулла ака бир неча соатдан бери йўқ, унинг қаерга кетганини биз ҳам билолмай турибмиз, – деди у йиғи аралаш.
– Қандайдир фалокатни сезиб Тугал аканинг вужуди сесканди.
У Мирзаевга қўнғироқ қилди.
– Нима гап, Тоҳир Қамбарович, Ҳабибулла қаерга кетган бўлиши мумкин?
– Биз ҳам нима бўлганига ақлимиз етмай турибди, у бугун сиз билан учрашишини айтган эди, – жавоб берди Мирзаев.
– Тоҳир Қамбарович, Даминнинг одамлари бир фалокатни бошламадимикин?
– Уларнинг қўлидан ҳамма нарса келади, улар ёвуз, ўта хавфли жиноятчилар. Уларнинг одамлари ҳали ҳам очиқда бор. Мен жиноят иши қўзғатиш тўғрисида топшириқ бердим, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик қўмитасига ҳам тезкор топшириқ берилди. Эрталабгача аниқлик бўлиб қолар, – деди Мирзаев.
Бу воқеа 1992 йил 18 декабрда юз берди. Ҳабибулла Саломов ўша пайтда 37 ёшда эди...
Шундан бери орадан кўп йиллар ўтди.
Истеъдодли терговчи, самимий инсон Ҳабибулла Ғайбуллаевич Саломов шу кетганича ишга ҳам, уйига ҳам қайтиб бормади.
Бедарак йўқолди.
Кўп йиллик қидиришлар, тергов ҳаракатлари самара бермади...”[8].
Аввало, биз иқтибос олган китобдаги ушбу тафсилотлар бевосита ўша фалокатга илк гувоҳ бўлган шахслар – Ҳабибулла аканинг раҳбарлари ва ҳамкасблари фикрлари асосида ёзилгани табиий. Шунинг учун фожеанинг айни талқинига ишонмасликка ҳеч қандай асосимиз йўқ.
Аммо: “Бундай тубанликни айнан ким (ёки кимлар) содир этган?” деган асосий савол очиқ қолган. Бинобарин, қотиллар ўзларининг ёвузликларини на прокуратура ходимлари, на Ҳабибулла аканинг яқинлари фош этишлари учун қўл келадиган, ҳеч бўлмаганда, қандайдир шубҳа уйғотадиган биронта далилу исбот қолдирмаган.
Ҳабибулла ака ҳуқуқшунос эди. У қарийб 20 йил тергов тизимида ишлаб, қанчадан-қанча жиноятчиларнинг алдам-қалдамларини фош этган бўлса, яна кўплаб алданиб қолган содда одамларнинг дардларини тинглашига ҳам тўғри келгани аниқ. Шундай экан, прокуратура эшиги олдигача қўрқмасдан келиб, Ҳабибулла акани пастга чақиртириб олганлар шунчаки тасодифий кимса(лар) бўлмаган, балки у ўзига ишонгандек ишонган одамлар бўлган...
Эътибор беринг: Ҳабибулла ака костюмини киймаган, сейфини қулфламаган, ҳар эҳтимолга қарши шахсий қуролини оволмаган, хизматдошларига тез орада қайтиб келишини айтган. Демак, қандайдир энг ишончли таниши билан кўришгани идорадан ташқарига чиққан. Ўша ишонган одами эса, лўндасини айтганда, ишончни суиистеъмол қилган.
Ҳабибулла ака ўзига нисбатан хиёнат бўлишига ишонмаган, чунки хиёнат қилувчига ишонган. Шу ишонч, охир-оқибат, унга панд берган. Юртимизнинг навқирон, жасур, истеъдодли терговчи, самимий бир инсон шу тариқа уюшган жиноятчилик ва коррупциянинг қурбонига айланган.
Ўша вақтдаги раҳбарларнинг эътиборсизлиги ва айби билан жуда оғир давр бўлган ХХ аср 90-йилларида жиноятчиликка қарши курашишда ўз билими, кучи ва ҳатто ҳаётини бахшида этган ва 37 ёшида жиноятчиларнинг қурбонига айланган истеъдодли терговчи, самимий инсон – машҳур зиёли оила фарзанди Ҳабибулла Саломов хотираси шу кунгача қадр топмаган эди. Мана энди бу хатоликка барҳам берилди.
Ҳабибулла аканинг ёлғиз ўғли, устоз Ғайбулла аканинг набираси Сарварбек ниҳоят қаноат ва хўрсиниш билан айтганидек, “Шукр, энди оламдан ўтган азиз инсонимизни йўқлайдиган аниқ манзил ва гул қўядиган тайин остонага эга бўлдик”.
Алқисса, Ғалаба боғига келган киши Ватан мустақиллиги учун курашган, жон фидо этган одам асло эл-юртнинг назаридан четда қолмаслигини, келгуси авлодлар уларни эсидан чиқармаслигини чин юракдан ҳис этиши жуда муҳим. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, «шундагина халқ ҳаётида фидойилик ва қаҳрамонлик анъаналари бардавом бўлади. Шундагина инсон қадри ва ҳаёти нақадар буюк бойлик экани яққол аён бўлади».
Ғулом МИРЗО
[1] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 400 бет.
[2] Акмал Саидов. Матонат тараннуми // “Куч – адолатда" газетаси, 2021 йил 20 август.
[3] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 241-242-бетлар.
[4] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 242-бет.
[5] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 281-бет.
[6] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 293-бет.
[7] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 364-бет.
[8] Шоҳрух Акбаров. Мен ўзбекман: 90-йиллардаги ёвузликлар. Тарихий-ҳужжатли роман. Иккинчи китоб. – Тошкент: “Fan ziyosi”, 2021. – 365-367-бетлар.
Ўзбекча
English
Русский