УЧИНЧИ РЕНЕССАНС — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ТАМАЛ ТОШИ
“Мен нега айнан шу мавзуни танладим? Нима учун ўз ўқувчиларимга Янги Ўзбекистон феномени ҳақида сўзлаб бермоқчиман?”[1]
Яқинда пойтахтимизда тақдимоти бўлиб ўтган “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китоб муаллифи, покистонлик ёзувчи ва журналист Муҳаммад Аббос Хон ушбу асарининг дастлабки саҳифаларида шундай саволлар билан ўзига мурожаат қилар экан, китобнинг бошидан-охиригача айни шу бош мавзу, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳиятини бадиий-публицистик руҳда теран очиб беришга интилган ва бу эзгу мақсадига эришган ҳам.
Концепт нима?
Урду тилида ёзилган ва эндиликда ўзбек тилида ҳам нашр этилган муҳташам асарнинг номи ҳақида сўз юритар экан, муаллиф шундай ёзади: “Ким билади, эҳтимол, китобни “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” деб номлаганим айрим кишиларга баландпарвоз, ҳатто эриш ҳам туюлар. Аммо айнан шу “концепт” атамаси мен етказмоқчи бўлган ғояни аниқ ва тўлароқ англатади, деб ўйлайман. Фақат анъаналарга ҳурматгина эмас, балки тараққиётга, илмий ва маданий ривожланишга иштиёқни ҳам ўзида мужассам этган ғояларга таяниб, тараққиёт чўққилари сари интилаётган бугунги Ўзбекистон чиндан ҳам буюк Ренессанс бўсағасида турибди. Буни китобнинг “шунчаки номи” деб ҳисоблай олмайман. Чунки Учинчи Ренессанс ғояси бу мамлакатнинг салоҳиятини англаб етган инсонлар қалбида акс садо берадиган ноёб ғоя эканига ишончим комил”[2].
Ҳақиқатан ҳам, “концепт” сўзининг тушунча қамрови ниҳоятда кўламдор. Аввало, ушбу атама негизидаги лотинча “conceptus” сўзи “тушунча” деган луғавий маънони англатишини қайд этиш лозим.
Концепт — муайян воқеликка хос белгилар билан боғлиқ образ, яъни тимсол, амалий тажриба, орзу-истак, ўй-хаёл, тушунча ва тасаввурларнинг онгу тафаккуримиздаги аксини ифода этадиган фикр, ғоя, ният деганидир.
Концепт — туйғулар ва тушунчалар ўртасидаги ўзига хос фикрий зина. У онг-тафаккурнинг далиллар, туйғулар, маданий ҳаёт тажрибаси ва тил орқали ифода этиш унсурларини ўзаро чамбарчас боғлаб туради.
Концепт — шунчаки ғоя эмас, балки инновацион ғоя бўлиб, ўзида ташаббускорлик, бунёдкорлик ва яратувчанлик моҳиятини мужассам этади.
Концепт — шунчаки сўз ё атама эмас, аксинча, тафаккур тарзимиз шакллантирган дунёнинг бутун бошли когнитив моделидир. Бинобарин, бу модель инсон ёки тизим бизга муайян вазиятнинг ўзи эмас, балки уни қандай талқин этишимиз таъсир кўрсатишини тўғри тушунишни, шу нуқтаи назарга таянган ҳолда, тегишли ахборотга ишлов бериш, фикрларни шакллантириш, ҳис-туйғуларни тарбиялаш ва қарорлар қабул қилишни тақозо этади.
Шу маънода, китобда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда бунёдкор халқимиз шиддат билан пойдеворини тиклаётган “Учинчи Ренессанс” ғоясига айнан “тараққиёт концепти”, дея таъриф берилгани ҳар томонлама асосли, деб ҳисоблаймиз. Чунки, муаллиф сўзлари билан айтганда, “Учинчи Ренессанс нафақат ижтимоий институтлар шаклларини янгилаш, балки инсон ҳаётининг асл моҳиятини чуқур қайта англашни билдиради. Айни пайтда у ўтмишнинг маънавий меросига таянган ҳолда замонавий глобал муаммоларга ечим топиш орқали, тафаккур, маданият ва билимга асосланган янги дунёни бунёд этишга қаратилгандир”.
Инсоният тараққиётининг олтин пиллапоялари
Улуғ аллома аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг: “Вақт пиллапояси чексиздир, бир-бирининг ўрнини эгаллаб борадиган авлодлар зинадан-зинагача кўтариладилар, холос. Жамланган тажрибани ҳар бир авлод ўзидан кейин келаётган, ўзидан кейин уни тараққий эттирадиган ва бойитадиган навбатдаги авлодга етказиб беради”, деган пурҳикмат фикрлари бор. Бу бебаҳо фикрларни изчил ривожлантириш асносида Биринчи Шарқ Уйғониш даври ва Иккинчи Шарқ Уйғониш даври – ана шу икки Ренессанс том маънода инсоният тараққиётининг олтин пиллапоялари сифатида тарих саҳифаларига муҳрланганини алоҳида таъкидлаш фарзу қарздир.
IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва "Мусулмон Ренессанси" деб номланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда "Темурийлар даври Ренессанси" дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод – мустаҳкам, маънавият – кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият – устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат – етакчи бўлган.
"Ренессанс" ("renaitre") – французча сўз бўлиб, қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ, деган луғавий маъноларни англатади. Ўзбек тилидаги "Уйғониш даври" тушунчаси ушбу атаманинг синоними, яъни маънодоши ҳисобланади.
Ренессанснинг асосий аломатлари тафаккурда ва илму ижодда догматизм, жаҳолат ва мутаассибликни ёриб ўтиб, инсонни улуғлаш, унинг истеъдоди, ақлий-фикрий имкониятларини юзага чиқариш, адабиёт ва санъатда дунёвий гўзаллик, ҳаёт тароналарини қизғин куйлаш, инсон эрки, ҳурфикрлилик учун курашиш мисолида ёрқин намоён бўлади. Натижада ижодий қудрат ва тафаккур кучини намойиш этадиган улуғвор бадиий асарлар яратилади, муҳташам меъморий иншоотлар бунёд этилади, илм-фан ривожланади.
Марказий Осиё минтақаси, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди тарихда илм-фан, маданият ва санъатнинг қадимий бешиги сифатида мавжуд бўлиб келган. Бу ҳақда исломга қадар мавжуд манбаларда ҳам маълумотлар келтирилган. Жумладан, “Авесто”да ҳам маънавий муҳит, илм-фан ва таълим-тарбия хусусида ўз даври учун илғор ғоялар илгари сурилган.
Ўзбекистон ҳудудлари тарихан Буюк ипак йўлининг маркази ва унинг турли тармоқлари кесишган нуқтада жойлашган. Шунинг учун Шарқ ва жаҳоннинг турли мамлакатларидан диний ва дунёвий билим олиш истагидаги инсонлар ҳамиша Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз), Тошкент, Фарғона каби кўҳна маданият марказларига интилганлар. Бу ҳудудларда қадимги замонлардан фаолият юритган билим масканлари – мадрасалар ўз даврининг олий таълим муассасаси, яъни университетлари мақомида бўлган, дейиш мумкин.
Биринчи Шарқ Уйғониш даврида улуғ алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиқди. Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний жаҳоншумул кашфиётлар қилдилар. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарийнинг фалсафий асарлари башарият тафаккур хазинасини бойитди.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса фаолият юритган. Бу мадрасаларда ислом таълимоти билан бирга, дунёвий фанлар ҳам ўқитилган. Ўз даврида ҳатто нафақат шоир, балки файласуф ва фалакиётшунос сифатида ҳам дунё миқёсида танилган Умар Хайём ҳам Самарқандда таҳсил олган.
Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида Амир Темур бунёд этган улуғ салтанатнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Чунки буюк Соҳибқирон дунёнинг турли минтақаларидан олиму адиблар ва меъмору ҳунармандларни ўз салтанати пойтахти Самарқанд шаҳрида жамлаган. Илму маърифат ва касб-ҳунар соҳибларини рағбатлантирган, бой кутубхона, расадхона ва мадрасалар бунёд эттирган.
Жумладан, Мирзо Улуғбек мадрасасида математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларнинг ўқитилиши иккинчи "Шарқ Ренессанси"нинг вужудга келишига туртки бўлган. Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Али Қушчи сингари кўплаб мутафаккирларимизнинг боқий номи ва бой мероси нафақат минтақамизнинг маънавий ривожида, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади.
"Нур – Шарқдан таралади", деган эди мумтоз немис файласуфи Георг Гегель. Бинобарин, Шарқ Уйғониш даври ютуқлари Ғарбий Европада юз берган алоҳида маданий ва тафаккурий тараққиёт даври, хусусан, ХIV-ХVI асрлардаги Италия Ренессансига бевосита таъсир кўрсатган. Айниқса, туташ чегара мамлакатлари: Қурдоба (Испания), Кавказ, Болқон ярим оролида бу жараён кучли бўлган. Европаликлар Шарқ олимларининг асарларини лотин, испан, яҳудий тилларига қилинган таржималар орқали ёхуд бевосита араб тилида ўқиб-ўрганганлар.
Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадидлар амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этганлар.
Шукрки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”.
Покистонлик адиб Муҳаммад Аббос Хон ана шу асл ҳақиқатларнинг мағзини чақибгина қолмай, холис эътирофу эҳтиромларини ўзининг китобида изҳор этгани таҳсинга лойиқ. Муаллифнинг фикрича ҳам, Ўзбекистон — қадим замонлардан буён умумбашарий тамаддуннинг вужудга келишига улкан ҳисса қўшган, дунёга илм-урфонда донғи кетган юзлаб фозил устоди олийларни тарбиялаб берган илм-фан, санъат ва маданият, маънавият ва маърифат ўчоқларидан биридир.
Китобда қайд этилганидек, “Халқаро илмий ҳамжамият ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган олиму мутафаккирларнинг “Шарқ Уйғониш даври” ёки “Мусулмон Ренессанси”нинг йирик вакиллари сифатида юксак эътироф этади. Зеро, уларнинг ютуқ ва кашфиётлари инсоният тараққиёти, маданияти ва ислом оламининг маънавий қадриятлари ривожида муносиб ўрин тутади”[3].
Учинчи Уйғониш даври остонасида
Учинчи Ренессанс: бу улуғвор ғоя қачон ва қаерда илгари сурилганди?
Гап шундаки, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 2020 йил сентябрь ойида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузасида мамлакатимизда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ташаббусини илгари сурди. Маърузаларда донишманд халқимиз тарихда икки Ренессансни бошидан ўтказгани алоҳида таҳлил қилиниб, миллатимизнинг жаҳондаги энг илғор, тараққий этган халқлар қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлаши эътироф этилди.
Бугунги кунда биз учинчи Уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги тўққиз йилда маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Миллий стратегия ва Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас".
Бу фикрларнинг тасдиғи сифатида “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китоби муаллифи ўз асарида “Учинчи Ренессанс” тушунчасига берган айрим таърифларни келтирамиз:
“Жаноб Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси ҳам ниҳоятда муҳимдир. Ушбу эзгу ғоя илм-фан ва маърифатга асосланади, инсонпарварликка чорлайди. Янги Ренессанснинг бош мақсади — мамлакатни равнақ топтириш, юрт фаровонлигига эришиш”[4];
“Ишончим комилки, Учинчи Ренессанс — бу барча соҳа ва йўналишларда миллий тараққиёт йўлининг навбатдаги босқичидир. Бу концепция ўзига хос “технологик сакраш”ни, юқори даражада ривожланган “smart” иқтисодиётни назарда тутади. Шунингдек, у илм-фан, технологиялар, ахборот, маданият ва ижтимоий соҳаларда жаҳон ҳамжамияти билан янада фаолроқ, янада кенгроқ интеграцияни тақозо қилади”[5];
“Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс — фақат Ўзбекистон халқи учунгина эмас, балки минтақадаги бошқа давлатлар, эҳтимол, янада кенгроқ глобал жараёнлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга”[6];
“Менинг наздимда, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс ғояси шунчаки сиёсий режа эмас, балки инсоний қадриятларни, сиёсий барқарорликни ва тараққиётга интилишни устувор мақомга қўядиган Ўзбекистон келажагининг концепцияси ҳамдир”[7];
“Такрор бўлса ҳам қайтараман: Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс — бу шунчаки маънавий-сиёсий ислоҳотлар ёки иқтисодий жонланишгина эмас. Бу — ундан ҳам аҳамиятлироқ тарихий ҳодисадир. Бу — асрлар давомида ушбу минтақанинг жавҳари бўлган улуғвор маданиятга қайтиш, идеалларни қайта тиклаш жараёнидир”[8];
“Учинчи Ренессанс ғояси — миллий руҳга, халқнинг азалий орзу-умидларига ҳамоҳангдир. Зеро, халқ “бир пайтлар тўлиб-тошиб оққан дарё яна тўлиб оқишини” чин дилдан истайди. Ўзбекистон маданий ютуқларининг улуғворлиги — бевосита эътиқод масаласи ва фалсафа билан узвий боғлиқдир”[9].
Покистонлик сиёсатчи ва илмий экспертларнинг фикрича, ушбу асар ва унда кўтарилган айни фикр ҳамда талқинлар нафақат Покистонда, балки Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам юқори баҳоланмоқда. Китобга Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф ҳам сўзбоши ёзиб, унда асарнинг башарият тамаддуни истиқболини англашдаги илмий-мушоҳадавий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган ва бу бежиз эмас.
Президентимизнинг Учинчи Ренессанс ғояси негизида Ўзбекистон лидерининг, жумладан: "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият", деган асосли фикрлари ўз мужассамини топган.
Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс: тараққиёт ғояси рўёбга чиқмоқда
Янги Ўзбекистонда Ренессанснинг учинчи тўлқини бўй кўрсатмоқда. Бу ҳақиқатни тийрак нигоҳ билан кўриб-англаб етган муаллиф ўз китобида, аввало, халқаро амалиётда жаҳон сиёсий терминологиясини янги тушунчалар билан бойитишга қодир давлат ва жамоат арбоблари кам учрашига эътиборни қаратади.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс илмий аҳамиятга эга. Янги Ўзбекистон – бу ибора Миллат Сардори илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир. Бу ғоя замирида:
бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари;
иккинчи томондан, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари;
учинчи томондан, бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.
Янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббускори ҳисобланувчи Президентимиз қайд этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.
Ўз навбатида, покистонлик адибнинг фикрича, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жаҳон сиёсати луғатига “Янги Ўзбекистон” тушунчасининг киритилиши ўзига хос илмий аҳамиятга эгадир. Бу ғоянинг асосида, бир томондан, ҳозирги ва яқин келажак авлодларнинг Учинчи Ренессансга пойдевор қўйишдек эзгу мақсад ва интилишлари, иккинчи томондан, ўзбек халқининг қадим тарихида Биринчи ва Иккинчи Ренессансни бошлаб берган буюк мутафаккирларнинг орзу-армонлари ҳам мужассам. Кузатишларимга кўра, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғояси мамлакат фуқаролари онгида мустаҳкам ўрин эгаллаб, умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда”[10].
Чиндан ҳам шундай. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган барча эзгу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида юзага чиқадиган Маънавий-маърифий Уйғониш халқимиз, жамиятимиз, давлатимиз бунёд этишга киришган Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янада аниқ қилиб айтганда, ҳар қандай Ренессанснинг муҳим асосини Маънавий-маърифий Уйғониш ташкил этади.
Акмал САИДОВ,
академик
«Hurriyat» газетасининг 2025 йил 25 декабрь кунги 50 (1476)-сони
[1] Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти. Бадиий публицистика. Урду тилидан бадиий таржима. / Муҳаммад Аббос Хон. — Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2025. — 408 бет.
[2] Ўша манба. — Б. 9-10.
[3] Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти. Бадиий публицистика. Урду тилидан бадиий таржима. / Муҳаммад Аббос Хон. — Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2025. — Б. 18.
[4] Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти. Бадиий публицистика. Урду тилидан бадиий таржима. / Муҳаммад Аббос Хон. — Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2025.— Б. 13.
[5] Ўша манба. —Б. 14.
[6] Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти. Бадиий публицистика. Урду тилидан бадиий таржима. / Муҳаммад Аббос Хон. — Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2025. — Б. 14.
[7]Ўша манба. — Б. 15.
[8] Ўша манба. — Б. 16.
[9] Ўша жойда.
[10] Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти. Бадиий публицистика. Урду тилидан бадиий таржима. / Муҳаммад Аббос Хон. — Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2025. — Б. 20-21.
Ўзбекча
English
Русский