Янги Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналиши
10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар йили 10 декабрь куни нишонланадиган Халқаро инсон ҳуқуқлари куни мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, инсон ҳуқуқларига ҳурматни янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этиб, қонун устуворлиги, адолат ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш билан узвий боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари куни нафақат тарихий сана, балки инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни таҳлил қилиш учун муҳим платформа ҳамдир.
Айни халқаро сана таъсис этилишининг халқаро-ҳуқуқий асосларига келадиган бўлсак, 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги универсал стандартларни белгилаб берган асосий халқаро ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу Декларация кейинчалик қабул қилинган кўплаб халқаро конвенциялар ва миллий қонунчилик тизимлари учун асос бўлиб хизмат қилди. Ўз навбатида, 10 декабрь санаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи рамзий кун сифатида эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезондир. Шу боис, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Зеро, мазкур ҳужжатда ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий қарашлари, мол-мулки ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, тинчликка бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган. Бугунги кунгача Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат ратификация қилинди.
Конституциямизга мувофиқ, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни давлат фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда:
-
суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш;
-
фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш;
-
инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини кучайтириш;
-
очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш, фуқароларнинг қонунга ва давлат институтларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари кунининг бугунги аҳамияти глобаллашув, рақамлашув, ва ижтимоий ўзгаришлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунда, айниқса, ахборот хавфсизлиги, тенглик, ижтимоий ҳимоя ва камситишга қарши кураш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги устувор йўналишлардан ҳисобланишини таъкидлаш жуда муҳим.
Дилноза МУРАТОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директорининг ўринбосари
Ўзбекча
English
Русский