ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ДЎСТОНА, ОҚИЛОНА ВА ТАШАББУСКОРОНА ТАШҚИ СИЁСАТИ САМАРАЛАРИ
“Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, вазмин ва оқилона очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятимизни давом эттирамиз”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилинган 2025 йил поёнига етди. Чиндан ҳам, бугунги кунда дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда ўтган мураккаб йилни якунладик.
Шунга қарамай, бир томондан, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида қатъий давом эттирилган шиддатли, қамровдор ва самарали демократик ислоҳотлар, иккинчи томондан, бунёдкор халқимизнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, учинчи томондан, Янги Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсати ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришдик.
Айни чоғда, жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб, давлатлар орасида ишончсизлик муҳити ортиб бораётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Бинобарин, Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрда тақдим этилган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, вазмин ва оқилона очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятимизни давом эттирамиз”.
Миллат Сардори Ўзбекистон ва БМТ муносабатлари тарихида янги саҳифа очди
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш, мустаҳкам миллий ҳуқуқий тизим ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Масалан, 2025 йилда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғона юқори кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилди[1].
Шу маънода, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси тақдим этилган анжуманда қатнашган хорижий давлатлар элчиларига алоҳида мурожаат қилиб, “Биз билан алоқаларни кенгайтириб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатларингиз ҳукуматларига алоҳида ташаккур билдираман”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Президентимиз, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жаҳон иқтисодий ва молиявий институтлари билан яқин ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқилишига эътиборни қаратди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 18-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади”.
Шу мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга таяниб, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Бинобарин, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга ва БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги таъкидланган.
Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланувчи дипломатия соҳасида:
биринчидан, ҳамкор давлатлар билан икки томонлама дипломатия;
иккинчидан, минтақамиздаги қўшни мамлакатлар билан минтақавий дипломатия;
учинчидан, асосий халқаро ташкилотлар билан кўп томонлама дипломатия доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка катта аҳамият қаратаётганини таъкидлаш лозим.
Давлатимиз БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни изчил ва оғишмай бажариб келмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббуслари асосида, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари 2017 йилдан буён БМТ бош минбарида беш марта нутқ сўзлади ва айни воқелик Янги Ўзбекистон шу қисқа даврда БМТнинг энг фаол ва ташаббускор аъзоларидан бирига айланганини ҳамда БМТ билан ҳамкорлигимиз мутлақо янги даражага кўтарилганини яққол тасдиқлайди.
Эътибор беринг: Президент Шавкат Мирзиёев бундан 5 йил олдин БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Бош Ассамблея тарихида илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бундан саккиз йил олдин эса давлатимиз раҳбарининг БМТ бош минбаридаги дастлабки нутқида буюк аллома бобомиз Имом Бухорий ҳазратларининг муборак номлари халқаро ҳамжамиятнинг ушбу нуфузли анжуманида тарихда биринчи бор баралла янграганди.
Сўнгги йилларда БМТ билан ҳамкорлик бемисл даражага кўтарилиб, 160 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.
Янги Ўзбекистонда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. Ўзбекистон БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига 50 дан ортиқ миллий маъруза ўз вақтида тақдим этилиши таъминланди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий таълим самарадорлигини ошириш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Янги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий дастури изчил амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва унинг махсус тартиб-таомиллари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини амалга оширмоқда. Булар, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида”ги 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш; аёлларга нисбатан камситишларга қарши курашиш; иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар; ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари; Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар тавсияларини амалга ошириш; терроризмга қарши курашиш ва бола ҳуқуқлари бўйича режалардир.
Бундан ташқари, БМТнинг Муносиб уй-жой масаласи бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш учун "Йўл харитаси" лойиҳаси тайёрланди.
Маълумки, 2025 йилда жаҳон ҳамжамияти БМТнинг 80 йиллиги тантаналари билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 60 йиллигини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг гендер мезонини бошлаб берган Аёлларга нисбатан Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлади. Мамлакатимизда ушбу саналарни нишонлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари ва таълим муассасаларини кенг жалб этган ҳолда кенг қамровли тадбирлар дастурлари амалга оширилди.
Янги Ўзбекистон 2025 йилда БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларини бажариш борасида тарихий ютуққа эришди ва муваффақиятимиз декабрь ойида Женевадаги Миллатлар саройида ўтказилган анжуманларда эътироф этилди. Гап шундаки, 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2025 йилгача 85 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.
Бугунги кунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМни) рўёбга чиқариш, рақамли трансформацияни ривожлантириш, давлат хизматларини кўрсатишда инновацион ечимларни жорий этиш, давлат бошқаруви институтлари самарадорлигини тубдан ошириш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Янги Ўзбекистон БРМнинг Глобал индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш доирасида БМТ билан ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастурини имзолаш кутилмоқда. Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ташкил этилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси 43-сессияси ўтказилди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиряпмиз. Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”.
Очлик ва қашшоқликнинг кучайишидан тортиб иқлим беқарорлигигача бўлган глобал муаммолар чуқурлашиб бораётган бир пайтда, 2025 йил 4-6 ноябрь кунлари Доҳада Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтди. Тобора ортиб бораётган тенгсизлик, демографик ўзгаришлар, жадал технологик ва экологик янгиланишлар шароитида Бутунжаҳон саммити глобал мулоқот ва ҳамкорликдаги ҳаракатлар учун ғоят муҳим майдон яратди.
Янги Ўзбекистон Президенти Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон Доҳа саммитида сўзга чиқиб, глобал ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббусларни тақдим этди. Давлатимиз раҳбарининг нутқида таъкидланганидек, "Бугунги кунда ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасида дунё ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар биргаликда ҳаракат қилаётгани эътиборга моликдир. Ўзбекистон барқарор тараққиёт сари барча халқаро ҳамкорлик форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди”.
Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати – янги ва юксак
босқичда
Янги Ўзбекистон дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Юртимиз шиддатли демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.
Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минтақавий тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. 2025 йилда янги ташкил этилган МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон вакили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига 2025-2028 йилларга мўлжалланган давр учун сайланди.
Брюсселда июнь ойида Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва улар билан боғлиқ масалалар бўйича "Ўзбекистон – Европа Иттифоқи" кичик қўмитасининг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенглик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, 2025 йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги кўплаб минтақавий воситаларнинг юбилей саналари, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 75 йиллиги, EХҲТ Хельсинки битимининг 50 йиллиги, МДҲ Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенциясининг 30 йиллиги нишонланди. Ушбу ҳужжатлар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий халқаро тизими учун таянч устунлар ҳисобланади.
Қолаверса, замонавий халқаро ҳуқуқ асосини яратган Нюрнберг трибунали ўз ишини бошлаган санага 80 йил тўлгани ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари даври, шубҳасиз, Нюрнберг жараёнидан бошланган. Гарчи, ХХ асрда кўплаб халқаро ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, Нюрнбергдаги Ҳарбий трибунал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим воқеа ҳисобланади.
2025 йил 21-22 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Ислом ҳамкорлик ташкилоти дунё ўзгариши шароитида” шиори остида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида ИҲТ кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, Истанбул декларацияси қабул қилинди.
Сессиянинг асосий натижаларидан бири 2025-2028 йилларга мўлжалланган муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг тўққиз нафар янги аъзоси сайлови ўтказилганидир. Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилло Тиллабоев уч йил муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро дипломатияда эгаллаган мавқеи тобора ўсиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди ва мамлакатимизнинг кўп томонлама ҳамкорлик, исломий бирдамлик ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш принципларига содиқлигини намойиш этади. Бундан ташқари, бу натижа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро институтлар билан ўзаро ҳамкорлигидаги муҳим босқич бўлиб, ИҲТга аъзо давлатларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончидан далолат беради.
Ўзбекистон Президенти ўзининг олтинчи Мурожаатномасида қайд этганидек, “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида анъанавий, кенг қамровли шериклик алоқаларини янада кенгайтирамиз”.
Мамлакатимиз, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётимизни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларни давом эттиради.
Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган дўстона ҳудудга айлантириш йўлида
Конституциямиз Муқаддимасида халқимиз “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб”, Конституцияни қабул қилганлиги алоҳида эътироф этилгани бежиз эмас. Зеро, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз Асосий қонунининг янги таҳрирдаги ушбу матнига “ягона Ўзбекистон халқи” бевосита умумхалқ референдумида – тўғридан-тўғри овоз берган.
Ўзбекистон Конституциясида қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ўзаро ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик тамойиллари асосида мустаҳкамлаш белгиланганлиги халқаро, минтақавий ва хорижий экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда.
Турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи яхшиланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Янги Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Ўзбекистон лидерининг яхши қўшничилик сиёсати, таъбир жоиз бўлса, минтақавий сиёсатга доир оқилона доктринаси туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.
Евроосиё кенгликларининг нақ “юраги”да жойлашган, табиий ресурсларга жуда бой, инсоният цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳиятига эга Марказий Осиё минтақасида айни пайтда турли давлатлар ва куч марказларининг манфаатлари кесишмоқда. Шундоқ ҳам айрим беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган можароларнинг ҳам салбий таъсирини ўзида ҳис этмоқда. Бундай мураккаб шароитда Президентимиз қатъият билан уқтирганидек, “Марказий Осиёдаги қўшни давлатларнинг минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан бошқа йўли йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”.
Шу ишонч негизида ўтган йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу учрашувлар минтақада ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаш, муҳим ҳаётий масалаларни ҳал қилиш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида самарали платформага айланди.
Натижада халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи”, “Янги Марказий Осиё руҳи” атамалари пайдо бўлди. Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Мамлакатларимиз 2017 йилдан буён Марказий Осиёда тараққиёт ва шерикликнинг муҳим масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10 дан зиёд резолюцияси қабул қилинишига эришди”[2].
Қисқа даврда дунёда минтақамизга нисбатан ишонч ва ҳамкорликка интилиш кучайди. “Марказий Осиё +” форматида 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти йўлга қўйилгани буни тасдиқлайди.
Айниқса, мамлакатимиз пойтахтида 2025 йил 16 ноябрда Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ғоят катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Маслаҳат учрашуви якунида қабул қилинган ҳужжатлар ва илгари сурилган ташаббусларда барқарор, хавфсиз ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишдек умумий мақсад ўз мужассамини топгани таҳсинга сазовордир.
Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Айни жараёнда “минтақавий ўзига хослик” ва “минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи” деган янги тушунчалар луғатимизга кириб келди.
Минтақавий ўзига хосликнинг моҳияти нимада? Ўзбекистон лидерининг таъкидлашича, “Бу фарқли жиҳатларимизни эътироф этиш ва айни пайтда халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданиятини, тақдирларимиз ўзаро боғлиқ эканини чуқур англашга асосланади. Қўшничилик — хавф эмас, имконият, бир тарафнинг муваффақияти — барчанинг ютуғи деган ягона минтақавий маконга мансублик ҳисси шаклланмоқда”[3].
Маслаҳат учрашувида минтақамизнинг “халқаро ҳуқуқий субъект” сифатида ягона минтақа номидан иш кўраётгани билан боғлиқ янги халқаро-ҳуқуқий воқелик алоҳида эътибор марказида турди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳамжиҳатлик ва умумий тараққиёт сари интилишнинг кучайиши Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва глобал миқёсдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда”.
Шундай қилиб, кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг катта ютуғидир. Президентимиз эътироф этганидек, “Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш бундан буён ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолаверади”.
Очиқ ва ташаббускорона ташқи сиёсат истиқболлари
Якунига етган 2025 йил Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида дипломатик муносабатлар географияси сезиларли даражада кенгайган йил сифатида намоён бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил давомида мамлакатимиз Африка, Океания ҳамда Кариб ҳавзасига мансуб 8 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатди.
Бизнинг тахминий кузатувларимизга кўра, Янги Ўзбекистон Президенти 2025 йилда дунёнинг 28 та давлатига расмий ва давлат ташрифларини амалга оширди. Мамлакатимизга ташриф буюрган давлат бошлиқлари, ҳукумат раҳбарлари ва бошқа мўътабар меҳмонлар билан ўтказилган қабуллар сони 23 тани ташкил этди.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўзининг амалий жиҳатларини яққол кўрсатган кўрсатган телефон дипломатияси ҳам изчил давом эттирилди. Давлатимиз раҳбари ўтган йил давомида таниқли давлат ва жамоат арбоблари билан жуда кўп марта ўзаро телефон сўзлашувларини амалга оширди.
Президентимиз Мурожаатномасида жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Бундай мураккаб вазиятда Ўзбекистон барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, вазмин ва оқилона очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятини изчил давом эттиради.
Ўз навбатида, Президентимиз Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яқин ва узоқ истиқболдаги йўналишларини яна бир бор тасдиқлади.
Биринчидан, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Яқин қўшниларимиз билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз”. Бунда минтақамиз давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, сув, экология, хавфсизлик, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштирамиз.
Иккинчидан, Aфғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, уни минтақадаги иқтисодий жараёнларга кенг жалб қилиш Ўзбекистоннинг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолади.
Учинчидан, мамлакатимизнинг асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Иордания, Кувайт, Ўмон, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлар билан кўпқиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Тўртинчидан, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари билан янги ва истиқболли йўналишларда манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Жанубий Кавказ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни кенгайтириш стратегик йўналишларимиздан бири бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш борасида катта ютуқлар йили сифатида тарихга киради. Президентимиз 2025 йил 22 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз”[4].
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
«Халқ сўзи» газетасининг 2026 йил 9 январь кунги 5-сони
[1] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан байрам табриги/https://president.uz/uz/lists/view/8752
[2] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O’zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 464.
[3] Ш.М.Мирзиёев. Марказий Осиё янги давр остонасида // “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 13 ноябрь.
[4] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи //https://president.uz/uz/lists/view/8525
Ўзбекча
English
Русский