Янги Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал ва жисмоний камолоти – сифатли таълим-тарбияга боғлиқ
24 январь – Халқаро таълим куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда янги таҳрирдаги Конституциямиз, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида мамлакатимиз таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларида салмоқли ва кўламдор ишлар амалга оширилмоқда. Айни омил, шубҳасиз, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори Янги Ўзбекистонда ҳам таълимни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганидан, янада муҳими, ушбу йўналишда изчил натижаларга эришилаётганидан далолат беради.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 3 дeкабрдаги резолюциясига мувофиқ, 24 январь – Халқаро таълим куни деб эълон қилинган. Бу муҳим қарор халқаро ҳамжамият томонидан таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамияти нечоғлик юксак эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир. Бундан кўзланган мақсад:
-
инсониятнинг илм-маърифатга ташналигини эътироф этиш;
-
дунё давлатлари ҳукуматлари ва жамиятлари эътиборини таълим соҳасида мавжуд муаммоларга қаратиш;
-
жумладан, саводсизликни бартараф этиш, турли минтақаларда яхлит таълим дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби устувор масалалардан иборат.
Аслида, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Афсуски, кейинги даврда Интернет орқали ижтимоий тармоқларда тобора кенг тарқалаётган нафрат тили калтабинлик ва камситиш каби иллатларга таянган ҳолда, одамларни тажовузкорликка гижгижламоқда ҳамда зўравонликни одатий воқелик сифатида қабул қилишга кўндириш учун уринмоқда. Бутун дунёда турли низо ва зиддиятларнинг кучайиб бораётгани эса нафрат тили ёқаётган тажовузкор гулханнинг янада алангаланишига туртки бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ўтган йилги Халқаро таълим куни нафратомуз ифода услуби билан боғлиқ муаммоларга бағишлангани муҳим аҳамият касб этди. Бинобарин, нафрат тили ва нафратомуз ифода услуби билан боғлиқ муаммоларга қарши курашнинг энг самарадор воситаси – таълимдир.
Шунинг учун ҳам, жаҳон жамоатчилигининг эътибори таълим инсониятга нафрат тилининг янада чуқур илдиз отиб кетишига барҳам берадиган бир қатор муҳим имкониятларни тақдим этишига қаратилмоқда. Хусусан, офлайн ва онлайн таълим ёрдамида неча миллионлаб ўқувчи-талаба ёшларимизни нафрат тилининг зиёнкорлиги ва унинг ҳар хил усул ҳамда турларидан ўз вақтида воқиф этиш мумкин.
Янада муҳими, таълим навқирон инсонларнинг шахс сифатида шаклланиши ва ўзга маданиятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбия олиши учун хизмат қилади. Бинобарин, ЮНЕСКО томонидан 2023 йилда чоп этилган “Таълим воситасида нафрат ҳиссини гижгижлашга қарши курашиш” номли раҳбарий қўлланмада айни соҳада давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш юзасидан мамлакатлар ҳукуматларига муҳим амалий тавсиялар берилганини таъкидлаш айни муддаодир.
Шу нуқтаи назардан, бутун дунёда пандемия инқирози оқибатлари туфайли таълим соҳасида кўплаб муаммоли вазиятлар кузатилаётган мураккаб бир даврда Ўзбекистонда ёш авлоднинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида диққатни тортади. Мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ҳамда улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёнлари “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида тубдан такомиллаштирилаётгани бу фикрнинг амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Бугун биз мамлакатимизда миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз қобилияти ва истеъдодини, билим ва тажрибасини рўёбга чиқара оладиган ижтимоий давлат барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда барча куч ва имкониятларимизни ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний камолоти, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун сафарбар этмоқдамиз”.
Айни масъулиятли жараёнда, бир томондан, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Янги Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари ушбу нуфузли ташкилотнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг экани эътироф этилган бўлса, Бош Ассамблеянинг 80-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта эътибор ва қизиқиш уйғотгани диққатга сазовор. Иккинчи томондан, 2023 йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилгани ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлайди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки давлатимиз ва жамиятимиз бутун эътиборини Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Президентимиз уқтирганидек, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”.
Шу негизда, авваламбор, юртимизда мактабгача таълим муассасаларида мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Зеро, жамиятимиз ва давлатимиз фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратади.
Кейинги тўққиз йилда юртимизда таълим ва илм-фан учун харажатлар 6 карра оширилиб, юзлаб янги боғчалар, мактаб, техникум ва олий ўқув юртлари қурилди. Таълим ва илм даргоҳлари замон талаблари асосида жиҳозланмоқда, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида уқтирганидек, ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади. Бу жараёнлар бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Саноатда – автоматлашган линиялар, аграр соҳада – ақлли технологиялар, транспортда – интеллектуал бошқарув кундалик ҳодисага айланиб бормоқда. Энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур.
Шу маънода, касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқиш мақсад қилинмоқда. Бунинг учун, 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили камида 100 тадан техникумни тўлиқ таъмирлаб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
Яна бир янгилик: 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади. Бунда илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритса, “Касблар шаҳарчаси” – мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, “яшил” энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
Иқтисодиётнинг устувор йўналишлари учун юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган кадрларни тайёрлашга эътибор кучайтирилади. Бу борада, жумладан, Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли “Обуда” университети бошқарувига бериш бўйича қарор қабул қилингани жуда муҳим.
Ўзбекистон Президентининг яқинда Японияга ташрифи давомида Ўзбекистонда “Цукуба” миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олий ўқув юртлари ташкил қилиш ҳақида келишиб олинди. Бу тажрибани давом эттирган ҳолда, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олий ўқув юртларига дунёнинг энг нуфузли университетларини жалб қилиш масаласи ҳам кун тартибида турибди.
Маълумки, Янги Ўзбекистон меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадр кириб келмоқда. Энди олий ўқув юртлари битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилади. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда кўриниб туради. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳам 2030 йилгача бўлган муддатда мактабгача таълим тизимига оид бир қатор устувор мақсад-вазифалар белгиланди. Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий 2026 йилда 78 фоиз, 2027 йилда 78,5 фоиз, 2028 йилда 79 фоиз, 2029 йилда 79,5 фоиз, 2030 йилда эса 80 фоизга етказиш режаси қўйилган. Шунингдек, 2030 йилгача болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан 100 фоиз қамраб олиш назарда тутилмоқда.
Ҳа, жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, маданият ва спорт масканлари қад кўтармоқда. Билимли ва шижоатли, навқирон ёшларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугун илмфан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакатимиз тараққиётини замон талабларига мос равишда илмфансиз тасаввур этиш қийин.
Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “келажак – замонавий билим билан қуролланган касб-ҳунар эгалариникидир. Биз бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Шу боис ёшларимизни давр билан ҳамнафас бўлиб, ҳар қандай рақобатга бардош бера оладиган етук мутахассислар этиб тарбиялашимиз керак”.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский