Смартфон – болалар учун фойдалими  ёки зарарли?

3 апрель – қўл телефонининг туғилган куни

 

Ушбу сана, яъни 3 апрель бутун дунёда қўл телефонининг туғилган куни сифатида нишонланиши сабабини биласизми? Гап шундаки, 1973 йилнинг худди шу куни Motorola компанияси муҳандиси Мартин Купер дастлабки қўл телефонидан ушбу компания офисига қўнғироқ қилган. Ўшанда “Motorola DynaTAC 8000X” дея номланган илк қўл телефонининг вазни роппа-роса 2,5 килограмм бўлган!..

Бугунги илғор технологиялар даврида қўл телефонларининг енгилдан-енгил, ихчамдан-ихчам ва қулайдан-қулай турлари урфга айланган. Хусусан, смартфон – бу сенсорли, яъни ойна экранли ва сўзлашиш ҳамда ёзишмалар олиб боришдан ташқари, онлайн-мулоқот қилиш, суратга тушириш, видеотасвирга олиш, мусиқа тинглаш, фильмлар томоша қилиш, зарур ахборотни Интернет тармоғи орқали излаш, олиш ва юбориш каби қўшимча қулайликлардан фойдаланиш имкониятини берувчи замонавий қўл телефони эканини ёш бола ҳам яхши билади.

Дунёнинг кўплаб давлатларида ёшларнинг қўл телефонлари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга талаб ортиб бормоқда. Масалан, АҚШнинг баъзи штатларида 16 ёшгача бўлган болаларга ота-онасининг розилигисиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунлар муҳокама қилинмоқда.

Маълумки, Япония таълим даражаси бўйича дунёда пешқадам давлатлардан саналади. Халқаро тадқиқотлар, хусусан, PISA кўрсаткичларига кўра, япониялик ўқувчилар математика ва табиий фанлар бўйича барқарор равишда дунё бешлигидан ўрин олиб келади.

Xabar.uz мухбирининг яқинда Кунчиқар ўлкага сафари давомида Токио шаҳри Минато туманидаги Азабу бошланғич мактаби директори Юичи Ҳашимото билан таълим жараёни ҳақидаги суҳбати асносида эътироф этилганидек, Япония ҳукуматининг GIGA (Global and Innovation Gateway for All) дастурига мувофиқ, мамлакат мактабларида ҳар бир ўқувчи тегишли техник қурилма, ҳар бир мактаб эса юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. Ушбу мақсадда 4,6 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилган.

Планшет – япониялик ўқувчининг яқин дўсти, содиқ ҳамроҳи.  Аммо улар, ота-оналари билан мулоқотда телефон зарур бўлишини истисно этганда, ўқиш пайтида телефон, хусусан, смартфондан фойланмайдилар.

Куни кеча Норвегия мактабларида мобил телефонлардан фойдаланишни чеклашнинг таъсири бўйича янги тадқиқот натижалари эълон қилинди. Ушбу маълумотларга қараганда, Норвегия мактабларида мобил телефонларни тақиқлаш ижобий натижа берган.

Мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, бу борадаги ҳисобот Норвегия фан ва технология университети қошидаги тадқиқот бўлими томонидан тайёрланган. Тадқиқот натижаларига кўра, дарсларда ўқувчилар орасидаги низолар камайган, хотиржам муҳит шаклланган, ўқувчилар ўртасида жонли мулоқот ўсган, биргаликдаги ўйинлар ва ўзаро муносабатларда фаоллик кузатилган.

Ҳисоботга кўра, «mobilfrie skoler» (мобил телефонсиз мактаблар) моделини жорий этган мактабларда:

- дарсларда ўқувчилар орасидаги низоларнинг камайиши ва хотиржам муҳит;

- мактаб ҳамжамиятининг мустаҳкамланиши ва ижтимоий муҳитнинг яхшиланиши;

- танаффус пайтида ўқувчилар ўртасида жонли мулоқотнинг ўсиши;

- болаларнинг биргаликдаги ўйинлар ва ўзаро муносабатларда фаолроқ иштирок этиши каби бир қатор ижобий ўзгаришлар қайд этилди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, смартфонлар чекланганидан сўнг ўқувчилар рақамли қурилмаларга камроқ чалғиб, офлайн фаолиятга кўпроқ жалб қилинган. Ҳисоботда таъкидланганидек, тақиқ «рақамли босимни» – доимий равишда онлайн бўлиш, хабарларга жавоб бериш ва ижтимоий тармоқларни кузатиш заруратини камайтиришга ёрдам берган. Бу эса мактаб ўқувчиларининг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатган.

Норвегия таълим вазири Кари Несса Нордтун сўзларига кўра, тадқиқот натижалари ўқитувчилар ва ота-оналарнинг фикр-мулоҳазаларини тасдиқлайди: мобил телефонлардан эркин муҳит мактабларни янада хавфсиз, хотиржам ва таълим учун қулай қилади. Энди тадқиқот хулосалари келгусида таълим сиёсатини ишлаб чиқишда қўлланилади.

Шу тариқа Норвегия мобил телефонларга чекловлар тизимли равишда жорий этилаётган ва уларнинг самарадорлигини илмий баҳолаш билан бирга олиб борилаётган Европа давлатларидан бирига айланди. Ҳисобот бундай чораларни кўриб чиқаётган бошқа мамлакатлар учун мўлжал бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, ГФР Федерал канцлери Фридрих Мерц Германияда вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқлардаги чекловларни қўллаб-қувватлади. Ф. Мерцнинг айтишича, 14 ёшли немис ўсмирлари кунига 5 соатгача ёки ундан кўпроқ вақтни экран олдида ўтказади. Бу эса мулоқотнинг йўқлиги ва ижтимоий хулқ-атвор билан боғлиқ муаммоларга олиб келмоқда. Шунинг учун Канцлер умумий чекловларга шубҳа билан қарашини, аммо болалар хавфсизлиги муҳимроқ деб ҳисоблашини таъкидлади.

Шунингдек, Чехия Бош вазири Андрей Бабиш Франция мисолида 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни қўллаб-қувватлади. Мамлакат Бош вазири ўринбосари Карел Гавличек CNN Prima News телеканалида қайд этганидек, “Вақтни беҳуда сарфлашнинг ҳожати йўқ. Ижтимоий тармоқлар болалар ҳаётини барбод қилмоқда; у ҳақиқатан ҳам вабога айлана бошламоқда”.

Бинобарин, жорий йил январь ойида Франция миллий мажлиси 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганди. Австралияда ҳам 2025 йилда шунга ўхшаш қонун кучга кирди, унга кўра 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун TikTok, Instagram ва Snapchat каби ижтимоий тармоқларга кириш тақиқланди.

Кейинги вақтда Испанияда вояга етмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши қонун йўли билан тақиқланди. Бунда, албатта, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда Интернетдаги ижтимоий тармоқларнинг мусбат ва манфий жиҳатларини инобатга олиб ҳаракат қилиш оқилона йўлдир.  

Буюк Британияда жорий қилинган "Онлайн-хавфсизлик тўғрисида"ги қонунга кўра, 2025 йил март ойидан бошлаб Facebook, Google ва Х’дан тортиб Reddit ва OnlyFans’гача бўлган 100 000 дан ортиқ хизматни қамраб олган ҳар бир веб-сайт ва илова Буюк Британия қонунчилиги доирасида болаларга нисбатан жинсий зўравонлик, фирибгарлик ва терроризм каби ноқонуний контентнинг пайдо бўлишини тўхтатиш ёки агар у тармоққа тушса, уни олиб ташлаш чораларини кўриши лозим. Бу қонун, шунингдек, болаларни зарар етказишдан ҳимоя қилиш қоидаларини ўз ичига олган бўлиб, технологик платформалардан вояга етмаганларни ўз жонига қасд қилиш ва ўз-ўзига зарар етказиш каби зарарли контентдан ҳимоя қилишни талаб қилади.

Ўз навбатида, Meta компанияси болалар ва ўсмирларнинг хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Компания Instagram тармоғида 16 ёшга тўлмаган ёшларнинг ота-она рухсатисиз илованинг "Жонли эфир" функциясидан фойдаланишни тақиқлайди. Бундан ташқари, Meta 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун хавфсизлик чораларини Facebook ва Messenger платформаларига ҳам кенгайтирмоқда.

Бу янги далиллар ЮНЕСКОнинг таълимга замонавий технологиялар таъсири мавзусидаги 2023 йили эълон қилинган маърузасидаги факт ва рақамларни яна бир бор тасдиқлайди. Жаҳоннинг 14 та мамлакатидан жамланган ушбу маълумотларга қараганда, қўл телефонлари ўқувчиларнинг хаёлини чалғитмоқда ва таълим олишларига салбий таъсир кўрсатмоқда экан.

Бинобарин, жаҳон мамлакатларининг салкам тўртдан бир қисми томонидан мактабларда смартфонлардан фойдаланиш тақиқланган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бундай тақиқ болаларнинг фойдали маълумотлардан фойдаланиш ва дўстлари билан мулоқот қилиш имкониятини чеклаши мумкин. Бундан ташқари, бу борадаги қонунларни амалда қўллаш қийин, чунки болалар сохта аккаунтлардан фойдаланиб, чекловларни осонгина четлаб ўтишлари мумкин.

Қўл телефонларидан фойдаланишни чеклаш тарафдорлари эса, аксинча, бундай чоралар болаларни ҳимоя қилиш учун зарур, деб ҳисоблайди. Улар бунда ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш руҳий саломатлик муаммоларига, жумладан, депрессия, ташвиш ва ўзини паст баҳолашга олиб келиши мумкинлигини кўрсатадиган тадқиқотлар хулосаларига таянмоқда.

Бошқача айтганда, қўл телефонлари ва улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг қанчалик зарарли эканлиги ҳақидаги фикрлар турлича бўлиб чиқмоқда. Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, улар болаларга маълумот олиш ва дўстлари билан мулоқот қилиш имкониятини бериш орқали фойдали бўлиши мумкин. Бошқаларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлар қарамликни келтириб чиқаради ва руҳий саломатликка зарар етказади.

ЮНЕСКО маърузаси муаллифлари бу борадаги вазиятни таҳлил қилиш осон кечмаганини очиқ тан олганлар. Бунинг сабаби технологияларнинг ҳаддан ортиқ шиддат билан ривожланаётганида: чунки ўртача ҳар 36 ойда янги русумдаги ускуналар пайдо бўлмоқда.

Асосий хулоса шуки, замонавий технологиялар миллионлаб ўқувчиларнинг таълим олишида қўл келаётгани эътирофга сазовор. Бироқ айни шу тараққиёт қулайликларидан бебаҳра қолаётганлар сони бундан ҳам кўпчиликни ташкил этади.

 Жумладан, фойдаланиш учун қулай ва универсал технологиялар ногиронлиги бўлган ўқувчиларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Кўриш борасида муаммоси бўлган катта ёшли инсонларнинг қарийб 87 фоизи қайд этишича, улар учун кўз ўрнини ўтайдиган анъанавий воситалар замонавий технологик ускуналарга жой бўшатаётгани жуда мақбул.

Ер юзининг одам қадами етиши қийин ҳудудларида анъанавий таълим услублари  радио, телевидение ва қўл телефонларига ўз ўрнини бўшатиб бермоқда. Дунёнинг салкам 40 та мамлакатида ўқув жараёнларида радиодастурлардан фойдаланилади. Хусусан, Мексикада телевизион дарслар билан анъанавий сабоқларнинг ўзаро узвийликда эфирда намойиш этилиши ҳисобига аҳолини ўрта таълим билан қамраб олиниши кўрсаткичи 21 фоиз ортган.

Таълим олиш ҳуқуқи, деганда, кўпинча Интернетга тўлиқ уланиш ҳуқуқи ҳам тушунилади. Лекин ушбу умумжаҳон ахборот тармоғидан ҳамманинг тенг ва бир хилда фойдаланиш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.

Айни вақтда бутун жаҳонда бошланғич таълим мактабларининг – атиги 40 фоизи, қуйи ўрта таълим мактабларининг – 50 фоизи ва юқори ўрта таълим мактабларининг – 65 фоизи Интернетга уланган. Сайёрамиздаги мамлакатларнинг 85 фоизи мактабларнинг Интернетга уланиши ёки ўқувчиларнинг ушбу тармоқдан фойдаланиши имкониятларини яхшилашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда.

Бу бежиз эмас. Нега деганда, айрим таълим технологиялари муайян шароитда баъзи бир таълим турларининг сифатини ошириши мумкин. Айтайлик, рақамли технологиялар ўқув-услубий маълумотлар захирасидан фойдаланиш имкониятларини тубдан кенгайтириши бор гап.

Шу билан бирга, айрим таълим турларига технологияларнинг ижобий таъсири ўта кам бўлади ёки деярли сезилмайди. Масалан, бошланғич таълим мактабларида математика фанини ўргатиш учун фойдаланиладиган 23 та илованинг таҳлили шуни кўрсатдики, айни технологиялар ўқувчининг кўникмаларини ривожлантиришга эмас, балки асосан бу кўникмаларни мустаҳкамлаш ва машқ қилишга қаратилган.

ЮНЕСКО экспертларининг таъкидлашича, таълим соҳасида асосий эътибор рақамли ресурсларга эмас, балки таълим натижаларига қаратилиши зарур. Масалан, Перуда мактабларга бир миллионтадан зиёд ноутбук тарқатилганига қарамай, ушбу замонавий ускуналардан фойдаланиш амалиёти таълим жараёнига татбиқ этилмагани оқибатида ўқувчиларнинг билим олиш даражаси яхшиланмади, дейилади маърузада.

Яна бир муҳим хулоса: таълим олишга ижобий таъсири бўлиши учун, албатта, энг замонавий технологиялардан фойдаланиш шарт эмас экан. Масалан, Хитойда қишлоқ мактабларининг 100 миллион нафар ўқувчисига фақат дарсларнинг яхши сифатдаги видеоёзувлари тақдим этилишининг ўзиёқ билим олиш даражасини 32 фоизга ошириш имконини берган.

Ўз навбатида, ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадга номувофиқ тарзда ёки ҳаддан ортиқ даражада фойдаланилиши таълим олишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, 14 та мамлакат мактабларида ўтказилган ўрганишлар таҳлили шундан далолат бермоқдаки, қўл телефони ўқувчининг ёнида шунчаки турган бўлса ҳам, барибир, унинг билим олишига салбий таъсир қилади, яъни болани чалғитади.

ЮНEСКО синфларда ўқиш-ўқитиш cифатини яхшилаш ва болаларни кибербуллингдан ҳимоя қилиш учун мактабларда смартфонларни тақиқлашга чақирди. Айтилишича, ўқувчилар ўзлаштириш даражасининг пастлиги мобил телефонлардан кўп фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, экранга узоқ муддат тикилиб туриш эса болаларнинг ҳиссий барқарорлигига салбий таъсир қилади.

Қолаверса, рақамли технология «аслида, таълим учун мўлжалланмаган». Шу боис у инсонга йўналтирилган концепцияга мос келиши ва ўқитувчи билан бевосита мулоқот ўрнини эгалламаслиги керак.

Бугун аксарият мамлакатлар ўқув дастурлари ва таълим стандартлари доирасида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш соҳасига устувор аҳамият бера бошлади. Ҳозирги вақтда ҳатто энг бой-бадавлат мамлакатларда ҳам 15 ёшли ўқувчиларнинг атиги 10 фоизи ҳафтасига бир соатдан кўпроқ вақт математика ва табиатшунослик дарсларида рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга, холос.

Боз устига, аксарият ҳолларда ўқитувчилар замонавий технологияларни қўллаган ҳолда дарс ўтишга ҳали тайёр эмаслигидан ёки бу борада ўзига қатъий ишончи йўқлигидан ташвиш чекади. Зеро, дунё мамлакатларининг атиги ярмидагина ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация соҳасидаги кўникмаларини ривожлантириш стандартлари мавжуд.

Эътиборли томони шундаки, олий таълим тизимида рақамли технологияларнинг татбиқ этилиши, бир томондан, тобора шиддатли тус олаётган бўлса, иккинчи томондан, бу омил улкан ўзгаришларга йўл очмоқда. Аммо, рақамли платформалар университетларнинг ўрни ва аҳамиятини пасайтириб юбораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Бундан ташқари, Интернетдаги ноёб матнлардан фойдаланиш учун обуна бўлиш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларга оид шахсий маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ масъулиятли ҳолатлар ҳуқуқий ва ахлоқий мазмундаги айрим муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Хулоса ўрнида айни мавзуга дахлдор учта ҳаётий мисолга тўхталамиз. Бу мисолларга мақоламизга нуқта қўйишдан олдин Интернет саҳифаларини яна бир бор кузатиш асносида дуч келдик.

Биринчи мисол – экологияга оид: ЮНЕСКО экспертлари фикрича, агар Европа Иттифоқи ҳудудидаги барча ноутбукларнинг яроқлилик муддати бир йилга узайтирилса, ҳавога чиқариладиган карбонат ангидрид, яъни заҳарли газ ҳажмини қарийб бир миллионта автомобиль ҳаракатланишини тўхтатиш ҳисобига эришиладиган миқдорда камайтириш имкони туғилган бўлур эди.

Иккинчи мисол – маънавий тарбияга оид: АҚШнинг Флорида штати губернатори Рон Десантис яқиндагина 14 ёшгача бўлган болалар ижтимоий тармоқда аккаунт очишини тақиқловчи қонунни имзолади. Унинг фикрича, янги тартиб ота-оналарга болаларини зарар келтирувчи контентдан самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради. Бу ҳақдаги расмий хабарда ҳозирча фақат бир штат чегарасида жорий қилинган ва 2025 йил 1 январдан кучга кирган бундай қонун қандай ижро этилиши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Учинчи мисол – саломатликка оид: мамлакатимиз ижтимоий тармоқларида тарқалган хабарга кўра, ёш болаларга телефон бермасликни бот-бот такрорлаб телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали бонг урилаётгани бежиз эмас. Бундай нобоп кўникма митти фарзандларимизда кўз раки касаллиги авж олишига сабаб бўлиши мумкин экан.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда кўплаб давлатлар, айниқса, бола ҳуқуқлари таъминланишига устунлик берган мамлакатлар ҳам ўсмирлар ҳаётида ижтимоий тармоқларнинг ўрни ҳаддан ташқари катталиги, боланинг психо-эмоционал саломатлиги учун салбий оқибатлар даражаси баланд эканидан келиб чиқиб, болаларга интернет тармоғида чекловлар ўрнатиш йўлидан бормоқда. Яъни танлов боланинг виртуал эмас, балки реал ва соғлом мулоқот муҳитда улғайиши томон қилинмоқда.

Айни чоғда, gazeta.uz сайтида 2026 йил 22 январда эълон қилинган “Ўзбекистонда ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш керакми? Расмийлар ва экспертлар фикри” сарлавҳали материалда қайд этилганидек, ЮНИСЕФ ҳукуматлар ва ота-оналарнинг болалар интернетда дуч келиши мумкин бўлган зарарлардан (киберҳужумлардан тортиб эксплуатациягача) хавотирда эканини тушунади. Бироқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ёш чекловлари қўйишнинг бир ўзи болалар хавфсизлигини таъминлаши даргумон ҳамда уларни камроқ тартибга солинган ва назорат қилиш қийин бўлган онлайн маконларга ундаши мумкин.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech