ИНСОН САЛОМАТЛИГИ – ҲАР НАРСАДАН УСТУН
7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни
Бутунжаҳон саломатлик куни (World Health Day) дунё миқёсида 1948 йилдан буён нишонлаб келинади. Худди ўша йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТга асос солинган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган ушбу нуфузли тузилмаси таркибида 194 давлат бор.
ЖССТ бош қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган. Шунингдек, мазкур халқаро ташкилот 6 та минтақавий ва 150 та мамлакатдаги ваколатхоналарига эга.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонасига қарашлидир. Ўзбекистон 1992 йил 25 майда ЖССТга аъзо бўлган.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йили Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Ваколатхона соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифалар билан шуғулланади.
ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб қилиб келмоқда. ЖССТ Низоми қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
-
саломатлик — бу нафақат танада касалликларнинг мавжуд эмаслиги, балки умумий-ижтимоий, руҳий ҳамда жисмоний барқарорлик ҳолатидир;
-
кишининг ирқи, дини, сиёсий қарашлари, иқтисодий ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, саломатлик борасида энг яхши даражага эриша олиши ҳар бир шахснинг энг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади;
-
жаҳондаги барча халқларнинг саломатлиги дунёда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилишининг энг асосий омили бўлиб, у ҳар бир мамлакат ва давлатнинг тўлиқ ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ;
-
ҳар қандай давлатнинг соғлиқни сақлаш борасида эришган натижалари барча учун аҳамиятлидир;
-
турли мамлакатларда касалликларга, айниқса, юқумли касалликларга қарши кураш борасидаги чораларнинг нотекислиги қолган барча учун умумий хатарни келтириб чиқаради;
-
бола саломатлиги – энг устувор вазифа;
-
барча халқлар учун тиббиёт, психология ва турдош илмлар ютуқларидан бирдек фойдалана олиш шароити яратилиши – саломатликни таъминлаш борасидаги энг асосий шартлардан бири бўлиши керак;
-
халқ саломатлигини яхшилаш борасида жамоатчилик билан фаол ишлаш, аҳолининг бу борадаги тушунчаларини шакллантириш шу халқ саломатлигини ҳимоялаш учун ғоят муҳим;
-
ҳукуматлар ўз халқларининг саломатлиги учун жавобгардир. Бу жавобгарлик соғлиқни сақлаш соҳасида тегишли чораларни кўришни тақозо этади.
Олимларнинг фикрича, инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиши орқали 100-120 ёшгача умр кўриши мумкин экан. Бу ёшга етиб юриш учун, албатта, озиқ-овқат таъминоти, дам олиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, яшаш ва ишлаш учун етарли шарт-шароит билан таъминланиш каби бир қатор омиллар муҳим ўрин тутади. Бунда, албатта, ҳар биримизнинг ўз саломатлигимизга масъуллигимиз биринчи даражали омил саналади.
Минг хил касаллик бор, аммо саломатлик биттадир, дейдилар. Ҳақиқатан ҳам, инсон саломатлиги унда нафақат касаллик ёки жисмоний нуқсонларнинг йўқлиги, балки унинг жисмоний ва руҳий хотиржамлиги, саломатлигини яхшилаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар билан ҳам ўлчанади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саломатликни белгиловчи омилларни қуйидагича таснифлайди: инсон саломатлигининг 10-15 фоизи – экология, 10-15 фоизи – генетика, 10-12 фоизи – тиббиёт тизими даражаси, қолган 55-60 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ. Бундан кўриниб турибдики, агар биз оқилона турмуш тарзини юритсак — тўғри овқатлансак, жисмоний фаол, зарарли одатлардан холи бўлсак, яъни кун тартибимизни қанчалик тўғри ташкил қилсак, шунчалик соғлом бўламиз.
Шу ўринда 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддасида қуйидаги нормалар мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаш жоиз:
“Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.
Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади”.
Бошқача айтганда, Асосий қонунимизнинг янги таҳририда аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши қайд этилган. Бинобарин, Конституциямизда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайган. Бу, ўз навбатида, аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган “давлат-жамият-шахс” парадигмасини янги: "инсон – жамият – давлат" тамойилига ўзгартиришдан иборат.
Давлатимиз раҳбари таърифига кўра, инсон қадри – мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаётни, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.
Шу асосда кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури:
-
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси;
-
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси;
-
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегиялар янги таҳрирдаги Конституциямизда эълон қилинган ҳуқуқлар, эркинликлар, ваколатлар ва кафолатларни том маънода рўёбга чиқаришга қаратилган. Бу ўринда, жумладан, инсоннинг соғлиғи билан боғлиқ ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш масалалари ҳам назарда тутилган.
Бугунги кунда ушбу соҳада қуйидаги 7 та муҳим йўналишда, яъни:
– бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш;
– тез тиббий ёрдамни ривожлантириш;
– тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш;
– соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш;
– шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш;
– жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш;
– касалликларнинг олдини олишга қаратилган ишларни янги босқичга кўтариш йўналишларида изчил иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида ушбу йўналишларда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Давлат дастуридаги:
-
13-мақсад – аҳолининг ўртача умр давомийлигини ошириш борасида, бир томондан, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланишни кескин камайтириш, иккинчи томондан, бошқарилувчи юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида профилактик эмлаш тадбирларини изчил амалга ошириш чоралари кўрилмоқда;
-
14-мақсад – аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш учун оилавий шифокорлар тайёргарлиги оширилмоқда;
-
15-мақсад – болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида ирсий касалликлар билан касалланган болаларни дори воситалари, тиббий жиҳозлар ва шифобахш озуқалар билан 100 фоиз таъминлаш, шунингдек, болалар орасида ирсий касалликларни аниқлаш учун оммавий ва селектив скрининг ўтказиш ишлари бошлаб юборилган;
-
16-мақсад – оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш доирасида, биринчидан, болалар орасида оммавий ва селектив скрининг ўтказиш, иккинчидан, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишларини давом эттириш, учинчидан, болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш орқали рaционал ўсиши ва ривожланиши, ақлан баркамол бўлиб шаклланишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда;
-
17-мақсад – онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш йўлида хавф гуруҳига мансуб бўлган аҳоли онкологик касалликлар бўйича скрининг текширувларидан ўтказилмоқда ҳамда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони аниқланган беморлар учун “тезкор йўлак” (фаст-траcк) даволаш механизмини жорий этиш юзасидан изчил ишлар орлиб борилмоқда;
-
18-мақсад – юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси самрадорлигини ошириш учун аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда;
-
19-мақсад – соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш учун 60 ва ундан катта ёшдаги аҳоли рўйхатини шакллантириб режа-жадвал асосида тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда;
-
20-мақсад – аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида катта ёшдаги аҳоли орасида тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича индивидуал ва оммавий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда;
-
21-мақсад – тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳам изчил амалий ишлар бажарилмоқда. Бунда рақамли технологиялар жорий этилган тиббиёт муассасалари улушини ошириш масаласи алоҳида эътиборда турибди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тиббиёт, демакки инсонлар соғлигини сақлаш соҳасига жуда катта аҳамият берилмоқда. Бинобарин, Президентимиз эътироф этганидек, “Халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли”.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский