МАРКАЗИЙ ОСИЁ: НАФАҚАТ ТАРИХИМИЗ, БАЛКИ КЕЛАЖАГИМИЗ, ҲАЁТИЙ МУҲИМ МАНФААТЛАРИМИЗ ҲАМ МУШТАРАК

“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб,

янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”

  

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан амалий қадамлар қўйилди. Мустақил юртимизнинг ҳар бир қутлуғ одимида ва бунёдкор халқимизнинг ҳар қайси ютуғида Истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек,  Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда”.

 

Янги таҳрирдаги Конституция ва Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати

 

Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас! Миллат Сардори халқимизни яна бир ҳақиқатни унутмасликка чорламоқда. Яъни: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. 

Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда олис ва машаққатли йўл турибди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлангани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Конституциямизда халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз Муқаддимасида халқимиз “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда,  Ўзбекистоннинг  жаҳон  ҳамжамияти,  энг  аввало,  қўшни  давлатлар  билан  дўстона муносабатларини  ҳамкорлик,  ўзаро  қўллаб-қувватлаш,  тинчлик  ва  тотувлик  асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб”, Конституцияни қабул қилганлиги алоҳида эътироф этилгани бежиз эмас. Зеро, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз Асосий қонунининг янги таҳрирдаги ушбу матнига “ягона Ўзбекистон халқи” бевосита умумхалқ референдумида – тўғридан-тўғри овоз берган.

Янги Ўзбекистоннинг Асосий қонунида мамлакатимизнинг ички ва ташқи, жумладан минтақавий сиёсати аниқ ва қатъий белгилаб қўйилган. Конституциянинг 17-моддасига биноан, “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг  суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид  қилмаслик,  чегараларнинг  бузилмаслиги,  давлатларнинг  ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа  давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”.

Ўз навбатида,  Бош қомусимизнинг 18-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар  билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади”.

Шу мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга таяниб, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Бинобарин, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга ва БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги таъкидланган.

 

Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатини халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватламоқда

 

Янги Ўзбекистон — ўз халқаро мажбуриятларига содиқ давлат, ишончли ташқи иқтисодий шерикдир. Ўзгариб бораётган Ўзбекистон бизнес ва сармоядорлар учун иқтисодий очиқлиги ва жозибадорлиги билан тавсифланади, устувор вектори Марказий Осиё бўлган давлатнинг самарали ташқи сиёсати унинг қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйишига, Афғонистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга, минтақа ва жаҳон давлатлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашига ёрдам беради.

Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда. Жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида  сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор долзарб минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.

Ўзбекистон жаҳон минбарларидан илгари сурган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилгани учун халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу фикрларни Ўзбекистон Президенти илгари сурган минтақавий ташаббуслар асосида кейинги йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг бир қатор резолюциялари қабул қилингани яққол исботлаб турибди.

Булардан биринчиси – БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси;

иккинчиси – давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоя асосида 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблеянинг ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси;

учинчиси – 2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинишига хизмат қилган резолюция;

тўртинчиси – Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва 2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси;

бешинчиси – 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифига биноан қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюция;

олтинчиси – 2022 йил 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюциядир.

Шу тариқа Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва БМТ муносабатлари тарихида янги саҳифа очди. Кейинги йилларда бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг халқаро эътирофи Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинишида намоён бўлди.

Давлатимиз раҳбари БМТ минбарларидан Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги 40 дан ортиқ халқаро ташаббусини илгари сурди. БМТнинг бутун тарихи давомида муайян бир шахснинг ташаббуси билан шунча резолюция қабул қилиниши тажрибаси кузатилмаган.

 

Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг мезонлари

 

Президентимизнинг 2024 йилда нашрдан чиққан “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли салмоқли сиёсий асарининг алоҳида бир фасли “Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати” деб номланган. Асар муаллифи, яъни давлатимиз раҳбари ушбу фаслда минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган бир қатор муҳим мезонларни қайд этгани диққатга сазовор.

Биринчи мезон: Марказий Осиё халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик, қуда-андачилик ришталари боғлаб туради. Халқларимиз ҳамиша бир-бирига елкадош ва ҳамжиҳат бўлиб яшаб келган. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Бизни ягона тарих, ягона дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради”.

Иккинчи мезон: бутун минтақамиз аҳли Марказий Осиё аталмиш умумий уйимизни ҳар хил бало-қазолардан асраш, фарзандларимизни турли низо ва қарама-қаршиликлардан ҳимоя қилиш, минтақамизда тинчлик ва фаровонлик бардавом бўлиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этиши зарур. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Бунда минтақавий интеграцион жараёнлар қўшнилар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтиришга асосланиши, ҳар биримиз қўшнимизнинг ютуғини – ўзимизнинг ҳам ютуғимиз, унинг тинч ва фаровон ҳаётини – бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг гарови, деб билишимиз лозим”.

Учинчи мезон: Евроосиё кенгликларининг нақ “юраги”да жойлашган, табиий ресурсларга жуда бой, инсоният цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган ноёб маданият  ва тараққиёт салоҳиятига эга  Марказий Осиё минтақасида айни пайтда турли давлатлар ва куч марказларининг манфаатлари кесишмоқда. Шундоқ ҳам айрим беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган можароларнинг ҳам салбий таъсирини ўзида ҳис этмоқда. Бундай мураккаб шароитда Президентимиз қатъият билан уқтирганидек, “Марказий Осиёдаги қўшни давлатларнинг минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан бошқа йўли йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”.

Тўртинчи мезон: бугун бизни умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага, ўзаро ишонч ва дўстлик, яхши қўшничилик ва манфаатли ҳамкорлик маконига айлантиришдек ягона мақсад бирлаштирмоқда. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “амалий ҳамкорликка астойдил интилиш, Марказий Осиёнинг келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этиш – минтақамизнинг барқарор тараққиёти, фаровонлиги ва хавфсизлиги учун мустаҳкам кафолат ва пойдевор вазифасини ўтайди”.

Бешинчи мезон: бугун Марказий Осиё мамлакатлари айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига таянган ҳолда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини янада кенгроқ намоён қилиши мумкин. Чунки, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам муштаракдир”.

Олтинчи мезон: ўтган йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу учрашувлар минтақада ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаш, муҳим ҳаётий масалаларни ҳал қилиш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида самарали платформага айланди.

Еттинчи мезон: минтақамизда ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди. Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоиз кўпайди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда.

Саккизинчи мезон: минтақамиз давлатлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг фаолллашиши натижасида халқларимиз янада яқинлашмоқда. Минтақа доирасидаги сиёсий мулоқотлар ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда. Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Энг муҳими, барча ижобий ўзгаришларни қўшни давлатлардаги биродар халқлар теран ҳис этмоқда. Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланмоқда”.

Тўққизинчи мезон: халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи” атамаси пайдо бўлди. Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз.

Ўнинчи мезон: қисқа даврда дунёда минтақамизга нисбатан ишонч ва ҳамкорликка интилиш кучайди. “Марказий Осиё +” форматида 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти йўлга қўйилгани буни тасдиқлайди.

Энг муҳими, кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг катта ютуғидир. Президентимиз эътироф этганидек, “Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш бундан буён ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолаверади”.

 

Минтақамиз тараққиётининг  асосий йўналишлари ва истиқболлари

Ўзбекистон Президенти минтақамизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун қуйидаги истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

биринчи йўналиш – Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз;

иккинчи йўналиш – саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали мустаҳкам қўшимча қиймат занжирларини яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш чоралари кўрилади;

учинчи йўналиш – транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш асосий вазифаларимиз сирасига киради;

тўртинчи йўналиш – Ўзбекистон тегишли вазирликлар ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдори;

бешинчи йўналиш – БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз;

олтинчи йўналиш – иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш, минтақадаги экологик муаммоларни бартараф этиш, айниқса, Орол денгизининг ҳалокатли оқибатларини юмшатиш каби муҳим ҳаётий масалалар бугун минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилидир;

еттинчи йўналиш – минтақамиз бўйлаб амалга ошириладиган туристик саёҳатлар халқларимизни янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутади;

саккизинчи йўналиш – аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга;

тўққизинчи йўналиш – минтақавий хавфсизлик аввало шериклигимиз қай даражада самарали йўлга қўйилганига боғлиқ.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва тараққиёти истиқболларига оид бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. ЖумладанИнститута Государство и право  Академии наук Республики Узбекистан:

Марказий Осиёда умумий таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича жамоавий қарорлар ишлаб чиқиш учун биз доимий равишда ўзаро фикр алмашиб туришимиз лозим;

айниқса, экстремизм ва терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафик каби анъанавий таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорликни бундан буён ҳам кучайтириб боришимиз зарур;

сўнгги йилларда интернет жаҳон ахборот тармоғида тобора ортиб бораётган ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хавф-хатарларга ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз талаб этилади;

Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириладиган маслаҳат йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш лозим;

Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ;

хавфсизликка нисбатан анъанавий ва янги хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги сценарийларни амалда қўллаш бўйича қўшма ҳарбий-ўқув машқларини давом эттириш ҳам муҳимдир;

фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида минтақавий тизимни шакллантиришни ҳам ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Мухтасар айтганда, кейинги даврда сайёрамиз миқёсидаги беқарорлик шу даражага етдики, ҳатто бир-бирини яқин-яқинларгача дўсту ҳамкор ҳисоблаб келган давлатлар ўртасидаги ишончга ҳам путур етмоқда. Эртага дунёдаги бу нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини, афсуски, ҳеч ким билмайди.

Ўзбекистон Президенти дунёдаги ва минтақамиздаги вазиятга ғоят синчковлик билан аниқ ва холис баҳо берар экан, замонавий таҳдидларни бартараф этиш учун икки томонлама ва кўп томонлама, минтақавий ва глобал даражалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлагани жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари ҳақли қайд этганидек, “Бундай мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат якка ҳолда барча замонавий хавф-хатарларни четлаб ўтиб, уларнинг сабаб-оқибатларини бартараф этишга қодир эмаслиги айни ҳақиқатдир”.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси, академик

«Ishonch» газетасининг 2026 йил 11 апрель, 43 сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech