ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ПУБЛИЦИСТИКАСИНИНГ ЁРҚИН НАМУНАСИ
(Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” китобини ўқиб)
Чинакам истеъдодли шоирлар нафақат дилбар поэзияси, балки етук прозаси билан ҳам мухлисларни ҳайратга солиши мумкин. Алишер Навоий бобомизнинг нодир насрий асарларини, Гёте ва Пушкиннинг муаззам прозасини мутолаа қилиш асносида ижодий давраларда айтилган ушбу фикрларнинг нечоғлик ҳаққонийлигига кўп бор амин бўлганман. Аммо...
Шоирнинг публицистикаси журналистнинг мақолаларидан қайси жиҳатлари билан ажралиб туради? Негадир шу вақтгача айни савол ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, таниқли адиб Абдусаид Кўчимовнинг яқинда нашрдан чиққан “Юксалиш симфонияси”[1] номли муҳташам китобини ўқир эканман, худди шу фикрлар хаёлимдан кечди.
Тўғри, Абдусаид аканинг 1972 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Университет) Ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаганидан кейинги фаолияти деярли тўлалигича журналистика соҳаси билан чамбарчас боғлиқ. Абдусаид Кўчимов меҳнат фаолиятини «Ўқитувчи» нашриётидан бошлаган бўлса-да, кейинчалик болалар газетаси ва “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси бўлиб ишлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Вазирлар Маҳкамаси каби юқори турувчи давлат ташкилотларида масъул лавозимларда фаолият олиб борди.
У 2017 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда. Фидойи ижодкор «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони ҳамда «Меҳнат шуҳрати» ордени ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Абдусаид ака узоқ йиллардан буён асосан оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиб келаётган бўлишига қарамай, ҳароратли шеърларини доим ўқиб юрадиган камина сингари кўплаб мухлислари уни биринчи навбатда шоир сифатида билади, қадрлайди ва эътироф этади.
Бинобарин, ижодкорнинг 20 га яқин шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. Хусусан, Абдусаид Кўчимов қаламига мансуб “Мен шоирман, истасангиз шу... (Абдулла Орипов гурунглари)” номли китобни ўқиб чиққанимга ҳали кўп бўлмади. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига бағишланган ушбу асар мамлакатимиз маданий ҳаётида катта воқеа сифатида кутиб олинганини мамнуният билан қайд этиш жоиздир.
Ўз навбатида, адибнинг янги китобида Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчиллик билан амалга оширилаётган улкан, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар самаралари акс этган мақолалари жамланган. Китобни ўқир эканман, кейинги ўн йилда Ватанимизнинг турли гўшаларида юз берган ҳаётбахш ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини яна бир бор теран ҳис этдим.
Дарвоқе, Абдусаид аканинг шеърлари қатори мақола ва интервьюлари билан ҳам неча ўн йиллардан буён мунтазам танишиб келаман. Шундай бўлса-да, янги китоб тимсолида адибнинг ўзига хос услубини қайтадан кашф этдим.
Муҳими, ўйимдаги ўша саволга жавоб топгандек бўлдим. Яъни, шоирнинг публицистикаси журналистнинг мақолаларидан, энг аввало, воқеликка ёндашув ва баён услуби билан ажралиб туради, назаримда. Бу ўринда шоир Абдусаид Кўчимов публицистикасининг 4 та ўзига хос хусусиятига мухтасар тўхталмоқчиман.
Биринчи хусусияти – ҳиссиёт ва образлилик. Абдусаид Кўчимов журналист сифатида мақолаларида аниқ фактларга ва мантиқий далилларга таянади ва бу табиий ҳол. Айни чоғда, шоир мақомида ҳатто ижтимоий муаммони ёритганида ҳам рамзлар, ташбеҳлар, кучли эмоционал бўёқлардан кенг ва унумли фойдаланади. Шунинг учун Абдусаид аканинг мақолалари кўпроқ қалбга, ҳиссиётларга қаратилганлиги билан ўқувчини ўзига ром этади.
Иккинчи хусусияти – субъективлик даражаси. Гап шундаки, журналистикада холислик (объективлик) биринчи ўринда туради ва Абдусаид ака ҳам ўз мақолаларида айни тамойилга қатъий амал қилади. Шоирнинг публицистикасида, шунингдек, муаллиф "Мен"и, унинг воқеаларга шахсий муносабати ва ички кечинмалари холислик тамойили билан баб-баробар тарзда етакчилик қилади.
Учинчи хусусияти – тил ва услуб. Одатда, журналист мақоласи учун аниқлик, лўндалик ва оммабоплик хос бўлади. Шоир Абдусаид Кўчимовнинг публицистик мақолалари эса айни хислатлар билангина чекланиб қолмаган. Бу мақолалар кўпинча бадиий-фалсафий мушоҳадага айланиб кетади, тили бойлиги ва шеърий унсурларга яқинлиги билан ажралиб туради.
Тўртинчи хусусияти – муаммони талқин қилишга тизимли ва қамровдор ёндашув. Абдусаид Кўчимов, бир томондан, журналист сифатида муаммони бугунги кун нуқтаи назаридан, тезкор таҳлил қилса, иккинчи томондан, шоир бўлгани учун айни муаммони умуминсоний қадриятлар, тарих ва келажак билан боғлаб, кенгроқ маънода ҳам талқин қилади.
Қисқача айтганда, журналистнинг мақоласи — асосан ахборот ва таҳлил маҳсули бўлса, шоир публицистикаси ҳақиқатнинг бадиий ва ҳиссий ифодаси саналади. Таниқли адиб Абдусаид Кўчимовнинг публицистик мақолалари эса ҳар икки соҳага хос ана шу фазилатларни ўзида мужассам этганлиги билан таҳсинга лойиқдир.
Айниқса, “Юксалиш симфонияси” китоби – адибнинг узоқ йиллик ижодий фаолиятида том маънода юксалиш поғонаси, деб баҳолашга ҳар томонлама муносибдир. Тўпламга “Илҳом оловини алангалатган куч” сарлавҳали сўзбоши ёзган таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов таъбири билан айтганда, “Қўлингиздаги ҳақиқат ва самимият билан ёзилган китоб фақат тарихий ёки сиёсий солнома эмас, балки ўз тақдирини ўзгартиришга бел боғлаган халқнинг руҳий-маънавий ҳолати акс эттирилган бебаҳо кўзгудир”.
Энди китобнинг номи хусусида, яъни “Ушбу тўплам нима учун шундай номланган?” деган савол атрофида фикр юритамиз. Гап шундаки, Абдусаид Кўчимовнинг "Юксалиш симфонияси" китоби — шунчаки публицистик мақолалар жамланмаси эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий ва маънавий қиёфаси бадиий-таҳлилий мушоҳада этилган муҳим нашрдир. Даставвал, китобнинг номланиши хусусида сўз юритамиз.
«Юксалиш» сўзи ўзбек тилида жуда кенг ва ижобий маънолар қатламини ўз ичига олади. Инсон, жамият ва давлатга нисбатан ҳам қўллаш мумкин бўлган ушбу универсал тушунчани шунчаки «тепага қараб ҳаракатланиш» деб изоҳлаш билан чекланиб қолмасдан, унинг маъно-мазмунини бир қатор йўналишларда янада теран талқин қилиш мумкин.
Биринчидан, юксалиш – маънавий ва руҳий камолот, деганидир. Инсоннинг ички дунёси, ахлоқий тарбияси ва дунёқарашининг бойиши, нафсни енгиш, илм ва ҳикмат орқали бу борада янада юқори англаш даражасига чиқиши — маънавий юксалишдир.
Иккинчидан, юксалиш – ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш, дегани. Давлат ёки жамиятнинг тараққиёт йўлига кириши, миллий иқтисодиётнинг ўсиши, халқ фаровонлигининг ошиши ва халқаро майдондаги нуфузнинг кўтарилиши «миллий юксалиш» тушунчаси билан ифодаланади.
Учинчидан, юксалиш – интеллектуал ўсиш, яъни илм-фан, технология ва инновациялар орқали янги чўққиларни забт этишдир. Бунда инсонларнинг билим савияси ва тафаккур доирасининг кенгайиши назарда тутилади.
Тўртинчидан, юксалиш – шахсий муваффақият, инсоннинг ҳаётда, ижод ва илмда изчил ютуқларга эришиб бориши, шунингдек, мансаб (карьера) пиллапоялари ёки касбий фаолиятида поғонама-поғона кўтарилиши, маҳоратининг ошиши ва ўз соҳасининг устасига айланишини англатади.
Бешинчидан, юксалиш – инсоннинг эстетик ва маданий юксалиш даражасини, мамлакатда санъат, адабиёт ва маданиятнинг гуллаб-яшнашини, жамиятда гўзалликка, нафосатга ва маданий меросга эътиборнинг тубдан кучайишини билдиради.
Содда қилиб айтганда, юксалиш — бир жойда тўхтаб қолмаслик, доимий интилиш ва тинимсиз ҳаракат, сифат жиҳатидан янги ва янада яхши ҳолатга ўтишдир. Ушбу сўз замирида доимо эзгулик, нур ва тараққиёт тушунчалари мужассам топган бўлади.
Ўз навбатида, «симфония» сўзи ҳам китобнинг номида шунчаки мусиқий атама мазмунида қўлланилмаган. Аксинча, бу калом зиммасига борлиқнинг мураккаб ва гўзал тартиб-тамойилларини англатувчи соҳир тушунча маънолари юкланган.
Симфония — борлиқнинг овозлардаги акси. Унда коинотнинг чексизлиги, инсон қалбининг теран изтироблари ва табиатнинг ошуфтаҳол чорлови бир нуқтада бирлашади.
Симфония — инсоният тафаккури яратган энг муаззам товушлар салтанати. Бу шундай масканки, унда юзлаб чолғулар ўз «мен»идан воз кечиб, умумий ва ягона Мутлақликка — буюк Уйғунликка хизмат қилади.
Симфония — бунёдкорлик мароми вақт, давр оқимига солинган буюк меъморчилик ифодаси ҳамдир. Агар иморатлар тошдан қурилган бўлса, симфония — нафас, туйғу ва руҳиятдан бино бўлган ҳамда кўзга кўринмас, аммо қалб билан ҳис қилинадиган муҳташам қаср.
Симфония — инсон идрокининг бетартиблик, яъни хаос устидан қозонган олиймақом ғалабаси. У турфа хил овозлар ва зиддиятли куйларни бир бутун мантиқий занжирга боғлаб, дунёнинг мукаммаллигини исботлайди.
Бинобарин, китобнинг айнан "Юксалиш симфонияси" деб номлангани бежиз эмас. Чунки, бир томондан, муаллифнинг содда ва самимий, равон ва шоирона битикларида қадим юртимизнинг ўлмас оҳанглари жаранги акс этган бўлса, иккинчи томондан, китобхон Янги Ўзбекистоннинг бугунги навобахш руҳини қалбдан ҳис этиши тайин.
Китобда Янги Ўзбекистон бунёд этилаётган ва Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган янгича давр руҳи яққол ва ёрқин ифодасини топган. Муаллиф юртимизда кечаётган қамровдор ислоҳотлар, оламшумул бунёдкорлик ишлари ва халқ ҳаётидаги бемисл ўзгаришларни турли оҳанглар уйғунлигида, яхлит бир жараён сифатида тасвирлайди.
Хусусан, китобдаги “Ер юзининг сайқали” мақоласида Абдусаид ака Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан атиги “бир шингил” сўзлайди, холос. Муаллиф лутф этганидек, “Ҳаммасини таърифлаш учун эса, шоирона тилда айтганда, юзта Фирдавсий керак. Қутлуғ бу заминга қадам қўйган киши бир эмас, ўнлаб, юзлаб муҳташам ўзгаришларнинг гувоҳи бўлади”. Айни чоғда, “Кичкина ирмоққа сиғдириб бўлмас экан азим дарёни”.
Адибнинг ижтимоий-сиёсий таҳлил усули ҳам ўзига хос, бугунги давр таъбири билан айтганда, ниҳоятда жозибадор. Масалан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундан 7-8 йил аввал “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани ва унинг бугунги самаралари ҳақида сўз юритар экан, Абдусаид ака ўзи туғилган ушбу туман аҳолиси сони 600 мингга яқин эканлигини шундай қиёсий шарҳ этган: “600 минг! Бу Тинч океани жанубидаги Тонга деган мамлакат аҳолисидан беш баробар кўп деганидир”.
Тўпламдаги мақолалар мамлакатимизнинг янгиланиш давридаги ютуқлари, давлатимизнинг стратегик мақсадлари ва жамиятимизнинг миллий юксалиш ғоясига бағишланган. Муаллиф давлат арбоби ва журналист сифатида воқеаларни ичкаридан туриб, теран таҳлил қилади.
Китобда Янги Ўзбекистонга хос маънавий-ахлоқий мезонлар устувор даражада тараннум этилган. Абдусаид Кўчимов инсон қадри, миллий ўзликни англаш ва маънавият масалаларини биринчи ўринга қўяди. Китобнинг ҳар битта саҳифаси ўқувчини нафақат зарур маълумотлар билан таъминлайди, балки уни ватанпарварликка ва фаол фуқаролик позициясига ундайди.
Жумладан, “Авлиёлар диёри, алплар юрти – Бухоро!” мақоласини ўқир экан, даставвал, китобхон мана бу жумлалар билан танишади: “Хитойча Бухэ, Бухала; арабча Бумижкат, Фахира; турк-мўғулча Бухор (“ибодатхона”); суғдийча “Буғ” (“Тангри”) ҳамда “оро” (“жамол”), яъни “Тангри жамоли” каби нодир исмлар билан аталган бу қутлуғ шаҳри азимнинг номини шунчаки тилга олиб бўлмайди”.
Шундан сўнг Бухоро шаҳри ва вилоятининг узоқ-яқин тарихи қизиқарли далиллар, аҳамиятли рақамлар кўмагида таҳлилу талқин этилади. Муаллиф қайд этганидек, “Янги Ўзбекистон”ни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворига биринчи ғиштларни қўйиш ғояси, ҳеч шубҳасиз, айрича куч бағишлади, тафаккур берди одамларга. Халқ қалқди, халқ қўзғалди, халқ янада жипслашди. Уйғониш дамларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога қилган ташрифлари бухороликлар қалбини ишонч ва ғайрат ҳаволарига тўлдиргани ҳам чин ҳақиқат. Баҳор ёмғирларидан сўнг тўлиб-тошган дарёларга, қизғалдоғу бўткакўзларга кўмилиб бораётган далаларга қиёслаш мумкин эди ўша дамларни”.
Маҳоратли адиб ижодининг услубий ўзига хослигига яна бир бор урғу беришга бурчлимиз. Бу фикримизнинг тасдиғи учун биргина мисол келтириш билан кифояланамиз.
Китобдаги “Бу ўлкада ҳар нарса бордир” номли мақола Жиззах вилоятидаги янгиланишларга бағишланган бўлиб, унда шундай жумлалар бор: “Ўзбекистон Президентининг азиз Ватанига содиқлиги, фидойилиги, элсеварлиги боис, албатта, йиртиқ-ямоқларимиз бутланиб, камчиликлар тугамоқда, дастурхонимизда ноз-неъматлар кўпаймоқда, юрт сарҳадлари обод бўлмоқда, ишларимиз жаҳондаги дўстларимиз эътирофига муносиб кўрилмоқда. Шеърият султони Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек, "Кимса истаса, салтанат саходир анга шарт, Ҳар ваъдаки айласа, вафодир анга шарт”.
Ушбу иқтибос ҳам шоён кўрсатиб турибдики, тўпламда журналистик фактларнинг аниқлиги ва шоирона баённинг жозибаси бирлашган. Айни муҳим омил, ўз навбатида, китобнинг янада ўқишлилиги ва таъсирчанлигини оширгани эътирофга сазовор.
Шу маънода, таниқли адиб, моҳир журналист, зукко давлат арбоби Абдусаид Кўчимов публицистикаси ўзбек матбуотида ўзига хос мактаб ҳисоблангани ҳолда, унинг “Юксалиш симфонияси” китоби бугунги кун ўзбек публицистикасининг энг сара намуналаридан бири эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Абдусаид аканинг янги китобида она юрт манзаралари, инсон қалбининг улуғворлиги ва умр ибратлари акс этган жўшқин мақолалари жамланган. Адиб миллий ғурур ва давлатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш руҳи бўртиб турган ана шу мақолаларида воқеликни бадиий бўёқлар билан тасвирлаб, ўқувчини мушоҳада қилишга ундайди.
Муҳими, бу публицистика фақат қуруқ фактлардан иборат эмас. Китобда шеърлар, ҳикматлар ва фалсафий мушоҳадалар устувор аҳамият касб этади. Адибнинг публицистик фаолиятида ёш авлод тарбияси, китобхонлик ва миллий ўзликни англаш, ёшларни илм-маърифатга чорлаш ва уларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш масалалари ҳамда табиатни асраш, инсон ва атроф-муҳит муносабатлари алоҳида ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, “Юксалиш симфонияси” китоби 17 та мақоладан ташкил топган бўлиб, у 17 та торли ноёб мусиқа асбобини эслатади. Бу замонавий сознинг ҳар битта тори ўзига хос оҳанг таратгани ҳолда, барча торлар ўзаро жўр бўлганда ягона, яхлит ва мумтоз наво – Миллат Сардори раҳбарлигида бунёд бўлаётган Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанснинг юксалиш симфониясини баралла янграйди.
Бинобарин, Президентимиз чорлаётганидек, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!”
Акмал САИДОВ,
академик
«Халқ сўзи» газетасининг 2026 йил 25 апрель 82 сони
[1] Кўчимов А. Юксалиш симфонияси (Матн). Мақолалар. – Тошкент: Akademnashr, 2026. – 384 б.
Ўзбекча
English
Русский