Хотира ва қадрлаш кунига мўъжаз маърифий туҳфа
7 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўзархив” агентлиги томонидан тайёрланган “Ўзбекистон – нажот юрти” номли тарихий-ҳужжатли тўплам тақдимоти ўтказилди. Тақдимот иштирокчилари эътиборига тўпламдан ўрин олган расмлар кўргазмаси ҳам ҳавола этилди.
Ушбу архив ҳужжатлари тўплами Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга аҳолини эвакуация қилиш тарихига бағишланган илк махсус миллий нашрдир. Унга Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви, Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари Миллий архиви, Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятлари давлат архивларида сақланаётган манбалар бўйича изланишлар натижасида аниқланган тарихий ҳужжатлар киритилган.
Тўпламда ўзбек халқининг кўчириб келтирилган аҳоли, болалар ва уруш ногиронларига кўрсатган беғараз ёрдами, фан, таълим, маданият ва тиббий ёрдам каби соҳалар очиб берилган. Уруш даврига оид ҳужжатлар сон жиҳатдан кўплигини инобатга олиб, мавзулар бўйича танлаб олинган.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилган мазкур тўплам тарихчи, архившунос, ўқитувчи, талаба-ўқувчилар ҳамда юртимиз тарихига қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.
Тақдимотда сўзга чиққанлар тўпламнинг яратилиши, мазмун-моҳияти ва тарихий воқеаларга дахлдорлик даражаси ҳақида гапирдилар. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи”да ва хорижда янги китобнинг тақдимотларини ўтказишни тавсия этди.
А.Саидовнинг эътироф этишича, мазкур нашр Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган аҳоли тақдирига бағишланган бўлиб, илк бор кенг қамровли архив ҳужжатлари асосида тайёрланган. Китоб 11 та йирик бўлимдан иборат ва айни бўлимларда эвакуация жараёнининг барча босқичлари тизимли равишда ёритилган.
Оғир уруш шароитида Ўзбекистон ўз уйидан айрилган минглаб инсонлар учун ҳақиқий нажот масканига айланди. Турли миллат вакиллари ўзбек халқи билан биргаликда фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик намуналарини намоён этдилар.
Бутун мамлакат учун оғир бўлган уруш йилларида Ўзбекистон уруш даҳшатларидан, ўлим ва вайронагарчиликдан, нацистлар геноцидидан қочган барча инсонларни, дини ва миллатидан қатъи назар, ўз бағрига олди. Агар халқимиз шундай бағрикенглик ва меҳрибонлик фазилатларини кўрсатмаганида, уруш қурбонларининг сони янада кўпайган бўлур эди.
Маълумот учун: Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга 1,5 миллиондан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган. Шуларнинг 250 минг нафари болалар бўлган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский