Барқарор атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқлари
5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Шу муносабат билан тасдиқланган Давлат дастури доирасида экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифалар амалга оширилди.
Ўзбекистон Президенти 2025 йил 4 апрель куни ўтказилган Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида Ўзбекистон Париж битими доирасида буғ газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажариш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солишини қайд этди. Бу ҳақда сўз борганда, даставвал, Париж битими иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонларининг 21-конференцияси доирасида қабул қилингани ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирганини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон 2017 йил 19 апрель куни – БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Париж битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича конвенцияси котибиятига иссиқхона газлари ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссани камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. Мазкур битим 2018 йил 3 октябрда ратификация қилинди.
Париж битимида қатнашиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади. Шу жиҳатларни, янада муҳими, халқимиз манфаатларини, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсади устувор эканини инобатга олган ҳолда, Париж битимини ратификация қилгани – Ўзбекистоннинг умуминсоний қадриятлар, битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини яна бир бор амалда намоён этди.
БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси бугунги кунда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси, Киото протоколи ва Париж битими қоидаларини амалга ошириш бўйича музокаралар жараёнининг олий органи ҳисобланади. Томонлар конференцияси ҳар йили ўтказилади ва унда раислик БМТ томонидан тан олинган бешта ҳудуддан бирига навбатма-навбат ўтади. Ўзбекистон БМТнинг ушбу конференцияси ишида фаол қатнашиб келмоқда.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йил 15 декабрдаги 27-сессиясида таъсис этилган Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни халқаро санаси халқ орасида “Экологлар байрами” сифатида эътироф этилишининг ўзиёқ унинг экологик тақвимдаги бош байрам эканини тасдиқлайди. Бу байрам учун айнан 5 июнь танлангани сабабига келсак, худди шу куни Швеция пойтахти Стокгольмда ўтказилган атроф-муҳит масалалари бўйича БМТ конфренциясида мазкур халқаро санани белгилашга доир резолюция қабул қилинган.
Ўз навбатида, 1972 йил 15 декабрда янги ташкилий тузилма — БМТнинг Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича дастури — ЮНЕПга асос солинган. Шундан буён Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ЮНЕП раҳбарлигида ҳар йили бутун дунёда нишонланади.
Бугунги кунда экологик таҳдидлар – бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.
Марказий Осиё минтақаси ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда. Шу нутаи назардан, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.
Бу ҳақда сўз борганда Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурганини таъкидлаш ўринлидир. Шу янгиланишлар талабидан келиб чиққан ҳолда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафини “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайтириш чоралари кўрилди.
Ўтган йили БМТ Бош Ассамблеяси "Ўрмонлардан барқарор фойдаланиш тамойилларига мувофиқ ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўн йиллиги" резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан тасдиқланган ушбу резолюцияга мувофиқ, “2027-2036 йиллар – Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб эълон қилинди.
Бош Ассамблея, 80 та давлат ҳаммуаллифлик қилган мазкур ҳужжатга асосан, 2027-2036 йилларни – Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб белгилашга қарор қилди. Аъзо давлатлар БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда БМТнинг Ўрмонлар форуми котибиятига мазкур ўн йилликни ўтказишда кўмаклашишни таклиф этди.
БМТ янгиликлари сайтида қайд этилганидек, Ўзбекистон дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда фаол илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Экологик муаммоларнинг самарали ечими сифатида деградацияга учраган ерларда, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда ўрмонлардан барқарор фойдаланишни, жумладан ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклашни рағбатлантириш" резолюциясини қабул қилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда беш йил ичида бир миллиард туп дарахт экишни кўзда тутувчи кенг кўламли "Яшил макон" умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубида экологик офат оқибатларини юмшатиш доирасида икки миллион гектар майдонда ўрмонзор барпо этилди. Экилган дарахтлар қум бўронларини тўхтатишга, экотизимни яхшилашга ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.
Аслида ҳам, халқаро ҳамжамият медиа минбаридан янграган бу эътирофлар бежиз эмас. Президентимиз қайд этганидек, бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётир. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда.
Бундай хатарларга жавобан Ўзбекистонда 4 йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган ва қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга ҳам киришилган. Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилгани айни йўналишдаги муҳим натижалардандир.
Янада эътиборлиси, қисқа вақт ичида Ўзбекистон БМТ томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда.
Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишганини таъкидлаш лозим. Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2026 йил 25 мартда қабул қилинган “«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони навбатдаги муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республикада яшил майдонларни кенгайтириш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилиш ҳамда мавжуд яшил боғларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш орқали уларни сақлаш, зараркунандаларга қарши курашиш тизимини яратиш ҳамда маҳаллий иқлим шароитига мос кўчатларни илмий асосланган ҳолда етиштиришни ривожлантириш мақсади ижобатига қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди. Пойтахтимизда 108 гектар майдонни қамраган Миллий дендрология боғидаги “Яшил” университет ҳудудида “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.
Ўзбекистон Президенти Қозоғистонга амалий ташрифи дастури доирасида 22 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари, Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Остона шаҳридаги “EXPO” халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит кўргазмасидаги миллий павильонларни бориб кўрди. Давлатимиз раҳбари Минтақавий экологик саммитда нутқ сўзлади ва қуйидаги таклифларни илгари сурди.
Биринчи. Атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашаётган шароитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этиш минтақа аҳолиси саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади. Консорциум саноатни модернизация қилиб, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар учун тозалаш тизимларини жорий этадиган “яшил” молиялаштиришнинг қўшма операторига айланиши мумкин.
Иккинчи. Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш таклиф этилди. Марказ базасида илмий салоҳиятни бирлаштириш ерларнинг деградацияси ҳамда туз ва чангли бўронларни мониторинг қилиш бўйича кучли тизимни яратиш имконини беради.
Учинчи. Технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантиришни таклиф этилди. Имтиёзли божхона тартибларини жорий этиш ва экомаҳсулотлар учун сертификатларни ўзаро тан олиш ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш ва маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
Тўртинчи. Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш кейинги қадам бўлиши керак. Бу бизга тарқоқ ташаббуслар билан эмас, балки минтақани ривожлантириш бўйича яхлит стратегия билан ҳаракат қилиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, уни амалга ошириш учун шерикларимизда қизиқишни кучайтиради.
Бешинчи. Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш ҳам минтақамиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, ушбу атлас минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланади.
Олтинчи. Биологик хилма-хилликни сақлаш учун “Марказий Осиё Қизил китоби”ни биргаликда ишлаб чиқиш лозим. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Тошкентдаги минтақавий офиси бу ишда мувофиқлаштирувчи бўлиши мумкин. Минтақа “Қизил китоб”и йўқолиб бораётган турларнинг шунчаки рўйхатидан иборат бўлиб қолмасдан, соҳада ҳамкорликдаги ишимиз учун амалий платформага айланиши лозим.
Еттинчи. Иқлим кун тартиби ва экологик маданиятни илгари суриш учун экологик таълим ва ёшларни фаол жалб этиш жуда муҳим. Шу мақсадда Бокуда бўлиб ўтган CОP-29 анжумани давомида мамлакатларимиз ёшлари иштирокида Экология бўйича маслаҳат қўмитаси тузилган эди. Ушбу қўмита платформасида 2027 йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш таклиф этилди.
Саккизинчи. Экологик кун тартибини илгари суриш доирасида шу йилнинг 31 май – 5 июнь кунлари Самарқандда Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси, сентябрь ойи охирида эса Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш тавсия қилинди.
Шу асосда Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонд (GEF) кенгашининг 71-йиғилиши бўлиб ўтди. Эътибор беринг: GEFнинг VIII Ассамблеяси ҳамда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси арафасида ўтказилган ушбу йиғилишда Фондга аъзо 186 мамлакат вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, экологик агентликлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Ассамблеянинг бу йилги мавзуси — “2030 йил учун сўнгги интилиш” — экологик инқироз кучайиб бораётган ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш учун вақт тобора қисқараётган шароитда, айниқса, долзарб экани қайд этилди. Ўзбекистон GEF билан узоқ йиллик ҳамкорликни юксак қадрлаши таъкидланди.
Ҳамкорлик йиллари давомида ушбу Фонд мамлакатимизга биологик хилма-хилликни сақлаш, жумладан, қор қоплонини муҳофаза қилиш, Оролбўйи экотизимларини тиклаш, иқлимга чидамлиликни ошириш, ер ва чиқиндиларни барқарор бошқариш тизимларини такомиллаштиришда кўмаклашди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги GEF лойиҳалари портфели умумий қиймати 56 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 13 та лойиҳани ўз ичига олади. Бундан ташқари, қиймати 30 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та янги лойиҳа портфели ҳам шакллантирилган.
Бундан ташқари, Президентимиз 30 апрель куни табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, саноат, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳалардаги жадал ривожланиш табиатга таъсир этувчи омилларни қатъий назорат қилишни, экологик талабларга риоя этишни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Тақдимотда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолати таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, 2024 йилда 47 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилда улар сони 59 мингдан ошган.
Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси “2026-2030 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитининг давлат мониторинги дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унга мувофиқ, 2026-2030 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги дастури тасдиқланди. Қарорда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари мазкур қарор ҳамда Дастурда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаши белгилаб берилди.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва экология муаммолари замонамизнинг асосий таҳдидларидан экани ва улар одамлар, айниқса, ёшлар ҳамда болаларнинг ҳаёт сифатига бевосита тасъсир кўрсатаётгани борасида юртдошларимиз, жамият ва давлат якдил фикрда экани эътиборга лойиқ.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский