Академик Акмал Саидов “Дунё мамлакатлари” энциклопедиясини юқори баҳолади
12 июнь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори ва таниқли журналист Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатимиз илм-фани, маданияти ва адабиёти намояндалари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, шунингдек, туркий дунё халқларининг машҳур ижодкорлари – 60 нафардан ортиқ зиёлилар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов сўз олиб, даставвал, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз миқёсида изчиллик билан амалга оширилаётган “Миллий китобхонлик ҳаракати” доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Миллий марказнинг ўзаро ҳамкорликдаги янги китоблар тақдимотлари мамлакатимизда маънавият ва маърифат, мутолаа ва китобхонликни ривожлантиришдек эзгу мақсадлар ижобатига қаратилганини қайд этди. Бу борада муҳташам асар – “Дунё мамлакатлари” энциклопедиясининг тақдимоти дунёдаги барча давлатларни ўрганиш соҳасидаги ўзига хос аҳамияти билан алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.
Академик А. Саидов эътироф этганидек, мутолаа ва китобхонлик инсоният цивилизацияси ва миллий ўзликни англашнинг асосидир. Бу борада халқаро тажриба ва миллий қадриятлар уйғунлиги, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Зеро, дунё халқларини бир-бирига яқинлаштиришда китоб энг қудратли восита ҳисобланади.
Бугунги глобаллашув даврида, бир томондан, жаҳонда мутолаа жараёнларининг бир қадар сусайгани, иккинчи томондан, рақамли технологиялар асрида китобларнинг ахборот маконидаги ўрни ва китобхонлик одатлари ўзгараётганидан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Аммо, шунга қарамай, инсоният учун босма китобнинг интеллектуал салоҳиятни оширишдаги ўрнини ҳеч қайси рақамли ахборот алмаштира олмаслиги тайин.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган давлат сиёсатида Янги Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш умуммаданий тараққиёт концепциясининг ажралмас қисми сифатида баҳоланаётгани бежиз эмас. Чунки китоб — билим манбаи. Айниқса, қомусий китобларни ўқиш глобал дунёни ҳар томонлама билиш ва ўрганиш, ғойибона кашф этиш учун жуда муҳим.
Бинобарин, 1 минг 168 бетлик “Дунё мамлакатлари” номли энциклопедия эндиликда худди шундай мақбул ва ва фойдали қомусий манбалар қаторидан жой олди. Китоб илк бор 2019 йилда нашр этилган бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг жаҳонга очиқлик сиёсатига оид қўшимча маълумотлар билан янада бойитилган ҳолда, 2026 йилда янгидан нашр этилгани диққатга сазовор.
Муаллифнинг ушбу салмоқли китобида жаҳондаги 236 та мамлакат ва ўзини ўзи бошқарувчи ҳудудлар ҳақидаги асосий маълумотлардан тортиб, бошқарув шакли, маъмурий бўлиниши, жойлашуви, табиати, тарихи ҳамда иқтисодиётига оид батафсил маълумотлар жамланган. Глобал дунёда тобора авж олаётган беқарорликлар туфайли ҳар бир мамлакат ўз бошидан кечираётган турли синовлар, янги ҳукуматларнинг янгича сиёсатлари, ташқи сиёсати, Ўзбекистон билан ўзаро муносабатлари, эътиборга молик қизиқарли маълумотлар ҳам нашрга киритилгани унинг долзарблигини янада оширган.
Энциклопедияни чоп этишда замонавий матбаа-ноширлик салоҳиятидан самарали фойдаланилган. Саҳифалардаги мингга яқин рангли расмлар китобнинг кўркам ва ранг-баранг бўлишини таъминлаган. Ўқувчиларга фойдаланиш қулай бўлиши учун китоб илк бор электрон форматда ҳам тақдим этилмоқда.
Академик А. Саидов муаллифнинг ушбу энициклопедияни ҳар йили янгилаб бориш ниятини маъқуллар экан, келгусида нашрни “Кириш сўзи” билан тўлдириш муҳимлигига эътиборни қаратди. Шунингдек, қомусий китобнинг мактаблар ва маҳаллалар кутубхоналарига ҳам етказиб берилиши муҳимлиги таъкидланди.
Маълумот учун: энциклопедия муаллифи Лазиз Раҳматов 1981 йил 21 апрелда туғилган. 2002 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини (бакалавр), 2011 йилда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини (магистр) битирган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилган. “Шуҳрат” медали соҳиби.
Турли йилларда “Фидокор” газетаси, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва “Жаҳон” ахборот агентлиги, Президент Администрациясида масъул лавозимларда ишлаган.
Таниқли журналист ва олим, таржимон ва драматург Лазиз Раҳматов ижоди, илмий ва журналистик фаолиятининг энг аҳамиятли жиҳати – глобал сиёсий-географик жараёнлар, халқаро тажрибалар ва ижтимоий масалаларни илмий ва илмий-оммабоп тарзда кенг китобхонлар оммасига етказиб бериши билан ажралиб туради. У 10 га яқин илмий қўлланма, пьеса ва китоблар муаллифи ҳисобланади. Республика миқёсидаги “Қанот” ижодий лойиҳаси муаллифи ҳамдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский