Коррупция: унга қарши курашиш самарадорлиги ортади, ҳуқуқий жавобгарлик муқаррарлиги таъминланади
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 21-моддасига кўра, “Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт”.
Инсон, халқ, давлат манфаатларига путур етказмаслик, демакки манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик – ҳар кимнинг инсоний фазилатлари, хусусан, ҳалоллиги билан бевосита боғлиқ. Ҳалол киши хиёнат, ғирромлик каби иллатлардан холи бўлиб, у тўғри ва ҳалол, покиза ва виждонан яшайди, бировларнинг ҳақига заррача ҳам хиёнат қилмайди. Бундай инсонлар ҳалол билан ҳаромни фарқлайди, фақат ўз меҳнати эвазига тирикчилик қилади, ҳаром-харишдан жирканади, ҳаромхўрликни гуноҳи азим ва ахлоқсизлик деб билади.
Ҳалолликнинг зидди – коррупция иллатидир. Зеро, “коррупцияга қарши маданият” шаклланмаган жамиятда адолатсизлик ва жиноятлар одат тусига айланади. Шу сабабли ҳам ҳар бир демократик давлат ўз ривожланиш концепциясида ушбу иллатга қарши курашишга қаратилган чораларни кўзда тутади.
Коррупцияга қарши кураш ҳақида сўз борганда, шубҳасиз, 2003 йил 31 октябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция тилга олинади. Бугунги кунга қадар дунёнинг 192 та давлати, жумладан Ўзбекистон ҳам ушбу Конвенцияга қўшилган.
Бундан 23 йил илгари БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қабул қилингани халқаро ҳамжамият коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қатъий бел боғлаганини яққол намоён этди. Конвенция ҳалоллик, қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, ривожланиш жараёнида ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда дунёни ҳамма учун янада яхшилашга интилиш каби асосий қадриятларнинг муҳимлигини тасдиқлайди.
Конвенция иштирокчиси сифатида Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
“Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”. Президентимиз Шакват Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида шундай деб таъкидлади.
Аслида, давлатимиз раҳбари яқин ўн йилдан буён ушбу иллатга нисбатан ўзининг ўта танқидий муносабатини доимий равишда билдириб ва коррупцияга қарши курашишни давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири деб қараб келмоқда. Хусусан, Президентимиз ўз ваколатига киришар экан, 2017 йил 3 январда биринчи бўлиб “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.
Ушбу Қонун билан давлатимизнинг коррупцияга қарши курашишдаги асосий принциплари белгилаб берилди. Мазкур принциплар қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарлик муқаррарлигидан иборат.
Мамлакатимизда илгари коррупцияга қарши кураш турли органлар ўртасида тарқоқ ҳолда амалга ошириб келинган. Бинобарин, 2020 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ва коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ташкил этилиши мамлакатимизнинг коррупцияга қарши муросасиз эканлигини кўрсатувчи сиёсий ирода намунаси бўлди.
Қолаверса, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан давлат харидларида коррупциянинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат харидлари махсус ахборот порталида товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг жамоатчилик учун шаффофлиги таъминланди, давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича масофавий мониторинг қилиш тартиби, давлат харидларида Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Буларнинг барчаси давлат харидларида манфаатлар тўқнашувининг олди олинишига хизмат қилмоқда.
Бу борадаги яна бир муҳим ҳуқуқий қадам шуки, 2024 йилда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қонун билан давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга доир чоралар белгиланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти иштирокида 2025 йил 5 мартда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупцияга қарши курашиш борасида қатор устувор вазифалар белгиланди. Янги Ўзбекистонда нафақат давлат идораларини, балки жамиятнинг барча қатламларини қамраб олувчи мустаҳкам, изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган механизмларни ишлаб чиқишга қатъий киришилди.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Янги Қонун мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва иқтисодий соҳада қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги стратегик аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Қонун билан 3 та Кодекс ва 5 та Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчидан, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритиладиган бўлди. Реестрга киритилган шахсларга қатор чекловлар белгиланиб, улар жумладан давлат хизматига кириши, сайланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиши, давлат харидларида қатнашиши тақиқланди.
Иккиинчидан, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноятлар кириши белгиланди.
Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга янги институт – комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг қонуний асослари яратилди. Уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан ўрнатилди. Бу ваколат ва вазифалар, жумласига, хусусан:
— тегишли ташкилот объектларига тўсқинликсиз кириш;
— зарур ахборот ва материаллар билан тўсқинликсиз танишиш;
— аниқланган коррупциявий ҳолатлар юзасидан тақдимнома киритиш;
— мустақил ёки ишчи гуруҳ тузган ҳолда назорат ва текширишлар тадбирларини ташкил этиш;
— коррупциявий омилларни аниқлаш учун шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, ҳодиса ва жараёнларни бевосита ёки билвосита кузатиш ва қайд этиш;
— тезкор-қидирув, терговга қадар текширув ва тергов органлари билан ҳамкорлик;
— фуқаролар билан ноошкора ҳамкорлик ўрнатиш;
— аниқланган ҳуқуқбузарлик материалларини тегишли органларга тақдим этиш ҳуқуқлари киради.
Тўртинчидан, Қонун билан коррупцияга қарши курашишда энг қуйи маиший коррупциядан тортиб, юқори даражадаги мансабдор шахслар орасидаги жиноятчиликка қарши амалий механизмлар белгиланди. Идоранинг биринчи раҳбарида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳга раҳнамолик қилаётган деб ҳисоблаш учун етарли асос бўлганда, комплаенс бўйича ўринбосар юқори турувчи комплаенс хизмати билан келишган ҳолда:
-
тегишли ҳужжат ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиши;
-
раҳбарнинг кадрлар ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки уни вазифадан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиши мумкин.
Бешинчидан, комплаенс тузилмаларнинг мустақил ва таъсирчан ишлашини таъминлаш учун ушбу бўлинмалар ходимларининг хавфсизлик кафолатлари ўрнатилди. Хусусан:
— уларга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин;
— ходимнинг турар жойи, хизмат хонаси ёки транспортига кириш, кўздан кечириш, тинтув, ашё олиш, телефон сўзлашувини эшитиш, шахсий тинтув, хат-хабар ва ҳужжатларни олиш фақат Бош прокурорнинг ёзма рухсати билан амалга оширилади;
— комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимини, у хизматдан бўшатилганидан кейин икки йил ичида собиқ ходимини гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилишга, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга ва ушлаб туришга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори хабардор этилган ҳолда, белгиланган тартибда йўл қўйилади;
— ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинади.
Олтинчидан, комплаенс тузилмалари барча давлат органларида ташкил этилади. Шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи тузилмаларнинг ўзида ҳам комплаенс-назорати тизими олиб борилади.
Еттинчидан, комплаенс тузилмаларининг бутун фаолияти Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади. Бошқача айтганда, эндиликда коррупцияга қарши тарқоқ ҳолда курашиш эмас, ягона тизим асосида яхлит тузилма сифатида иш олиб борилади.
Саккизинчидан, 5 турдаги коррупциявий жиноятлар учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари қўлланилмаслиги белгиланди. Бу ўринда:
1) ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
2) фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаганлик;
3) такроран ёки хавфли рецидивист бўла туриб ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш;
4) пора бериш;
5) пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан юқоридаги енгилликлар қўлланилмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Тўққизинчидан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилди. Унда ҳар бир йўналиш бўйича жиноятчилик статистикаси, амалиёт таҳлили, аҳолининг муносабати, коррупцияга қарши курашиш сиёсати самарадорлиги каби маълумотлар акс эттирилади.
Ўнинчидан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, ҳудудий кенгашларнинг мақоми ва вазифалари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 8 та янги вазифа белгиланди.
Мамлакатимизда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш каби устувор вазифалар қонуний асосда мустаҳкамланди.
Эътибор беринг: бундан тўққиз йил олдин қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар”, “коррупция билан боғлиқ жиноятлар”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш” каби тушунчалар ишлатилган. Бироқ, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар”га қайси турдаги жиноятлар кириши назарда тутилмаган.
Шу сабабли Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилди. Ушбу Кодексда айнан қайси жиноятлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонун жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни янада кучайтиришга, давлат мулки ва бюджет маблағларининг талон-торож қилинишига чек қўйишга, таълим, ёшлар сиёсати ва давлат харидлари тизимида шаффофликни таъминлашга ҳамда ҳар қандай коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский