Президент Шавкат Мирзиёев: “Мен биламан, ўғил-қизларимизнинг ҳар бирида катта салоҳият бор, истеъдод бор, иқтидор бор”

30 июнь – Ёшлар куни

 

Миллий қонунчилигимизга кўра, мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланган. Жорий йилда ушбу сана муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ, «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.

Бу мукофот юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида ўзининг юксак азму шижоати, билим ва салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, турли соҳаларда эришган ютуқлари билан Янги Ўзбекистон тараққиётига, унинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, она Ватанимизга меҳри ва садоқати, намунали хулқи ва одоби ҳамда ватанпарварлик фазилатлари билан тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган қуйидаги ташаббускор ва етакчи ёшларимиз учун юксак рағбат намунаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни ҳам имзолади. Шу асосда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада оширишга катта ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизнинг бир гуруҳи муносиб рағбатлантирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган махсус кўргазмада мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди. Тадбир доирасида ана шу мукофотлар соҳибларига тантанали вазиятда топширилди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Бугун ўзининг билими, истеъдоди, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёшларимиз сафи кенгайиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади”.

Президент ва ёшларнинг қизғин мулоқоти давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш, салоҳияти ва иқтидорини юзага чиқариш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди. Мамлакатнинг эртанги кунини белгилашга қодир ғоялар ва ечимлар тақдим этилди.

Бу ҳақда фикр юритганда, ёшларга ғамхўрлик – Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаш лозим. Жумладан, Президентимизнинг 1 июндаги қарори билан 31 ёшгача бўлган фуқаролар учун махсус кредитлаш дастури ишга туширилгани ва “Ёшлар бизнеси” дастури қабул қилингани – 2026 йилнинг бу борадаги муҳим янгиликлари бўлди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинганига роппа-роса тўққиз йил тўлди. Биргина шу далилнинг ўзи ҳам кейинги даврда юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.

Кейинги даврда Янги Ўзбекистонда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” дея эълон қилиниб, барча вазирлик ва идоралар ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш масаласига тўлиқ сафарбар этилди. Ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат, Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат ва эзгу инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш мақсадида нуроний отахон ва онахонларимизнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди.

Натижада юртимизда ёшлар билан ишлаш муҳити тубдан ўзгарди. Хусусан, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, тил ўрганиш, иш топиш ва бизнес бошлашда қийинчиликка учраган 1,5 миллион нафар навқирон инсоннинг муаммоси “Ёшлар дафтари” орқали ҳал қилинди. Алоҳида дастурлар асосида жозибадор бизнес муҳити ва имтиёзли ресурслар натижасида ёш тадбиркорлар сони 5 карра кўпайиб, 287 мингдан ошди.

Ўқув марказларини кўпайтиришга қулай шароит яратилгани учун хорижий тилларни интенсив ўрганаётган йигит-қизлар сони 3,5 миллион нафарга етди. Иқтидорли ўқувчи ва талабалар нуфузли фан олимпиадаларида 434 та, ёш спортчилар халқаро мусобақаларда 2 минг 245 та медални қўлга киритгани ғоятда эътиборлидир.

Тарбияси оғир ёшларга ҳуқуқ-тарғибот идоралари ва ҳокимлар бириктирилгани учун икки йилда ёшлар жиноятчилиги 2,5 карра камайди. Лекин забт этилган бу марралар, давлатимиз раҳбарининг фикрича, ёшлар билан боғлиқ барча масалалар ҳал бўлганлигини англатмайди.

Шу нуқтаи назардан, ҳар йили 500 минг ўғил-қизнинг замонавий касбга эга бўлишини таъминлайдиган “Келажак билимлари экотизими” йўлга қўйилади. Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудларида “Ўқув маркази қуриб, ёшларга касб ва тил ўргатаман” деган ўғил-қизлар кўпайиб бормоқда.

Эндиликда бу мақсадлар учун ер ва давлат объектлари имтиёзли нархда аукционга чиқарилади. Ёшлар тўловни беш йилда фоизсиз бўлиб тўлайди. Инфратузилмага зарурат бўлса, давлат қилиб беради. Ўқув марказини қуриш ва жиҳозлаш учун кредит ставкасининг 7 фоизи компенсация қилинади. Ёшлар ўқув марказларига хорижий илғор ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни олиб келса, давлат ушбу харажатнинг ярмини қоплашга ҳам тайёр.

Қўлида касби бўлиб, халқаро талаблар асосида янги кўникмаларни эгалламоқчи бўлган ёшларга “касб ваучери”ни бериш йўлга қўйилади. Ушбу “касб ваучери” фоизсиз ссуда шаклида бўлиб, ҳар йили 50 минг нафар ёшнинг замонавий касбларни ўрганиш харажатлари қоплаб берилади. Эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг нафар ишсиз ёшлар хусусий ўқув марказида касб эгаллаши учун бепул “ваучер” тақдим этилади.

Ёшларга касб ўргатишнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларда хусусий сектор иштироки янада кенгайтирилади. Бунинг учун техникум очишдаги лицензия шарти соддалаштирилиб, 20 дан ортиқ талаб бекор қилинади. Янги ўқув йилидан хусусий техникумларга ҳам касбга ўқитиш бўйича давлат гранти берилади. Халқаро касб танловларида ғолиб бўлган давлат ва хусусий техникум ўқувчилари 100 миллион сўмдан, уларни тайёрлаган устозлари 50 миллион сўмдан мукофот олади.

Ҳозирда 150 мингдан зиёд ёшлар хорижда таълим оляпти, илм-фан билан шуғулланяпти. Юртимиз туризм ва экспорт салоҳиятини оширишда бу ёшларнинг имкониятидан фойдаланиб, уларнинг ўзларига ҳам даромад келтирадиган тизим яратилади.

Талабалар ўзлари ўқиётган давлатдаги бозор, маҳсулот ва хизматларга талабни таҳлил қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга етказади, юртимиз салоҳиятини намойиш этадиган стендларни жойлаштириб, туристик маршрут ва маҳаллий маҳсулотларни тақдимот қилиб боради. Бунинг учун уларга грантлар ажратилади.

Ҳозирги пайтда 87 минг давлат хизматчисидан 16,5 минг нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Шундан 902 нафари раҳбарлик лавозимида ишламоқда. Президентимиз уқтирганидек, салоҳиятли ёшларимиз жуда кўп. Шундай экан, вазир ва ҳокимлар ёшларга ишонч билдириб, уларни масъулиятли лавозимга қўйишдан чўчимаслиги керак.

Шу мақсадда ёш лидерларни аниқлаш бўйича 5 та йўналишда “ТОП-100” дастури амалга оширилади. Дастур доирасида “янги иқтисодиёт”, АТ ва сунъий интеллект, таълим, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича юртимиздаги ёшлар ҳамда чет элдаги ватандошларимиз учун очиқ танлов эълон қилинади. Ҳар икки йилда бир марта ўтадиган мазкур танловнинг 100 нафар ғолиби 50 миллион сўмдан мукофотланади ва раҳбарлик лавозимига тайинланади.

Мамлакатимизда ижтимоий реестрга кирмаган, лекин ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ҳарбий хизмат, миграция ва жазони ўтаб қайтган, жисмоний имконияти чекланган яна 1 миллион ёшлар бор. Бундай ёшлар билан ишлаш бўйича “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилади. Бу жараёнда “устоз-талаба” дастури асосида уюшмаган ёшларни ўқитиб, олий ўқув юртларига киришига кўмаклашган талабаларга магистратурага киришда қўшимча балл, давлат стипендияларини олишда устуворлик берилади.

Яна бир муҳим ташаббус: “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформаси ишга туширилади ва ёшлар ўз натижасини ана шу платформага киритади. Бу маълумотлар вазирликлар томонидан ўрганилади ва ёшларга балл берилади. Юқори балл тўплаган ўғил-қизларга таълимда грант, контрактга чегирма, “касб ваучери” берилади, хорижда ўқиш пули қопланади.

Бундай ёшлар учун тадбиркорликда имтиёзли кредит олиш, акселератор дастурида қатнашиш имкони яратилади. Иш жойида хорижий стажировка ташкил этилади, давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритилади, уй-жой олишда имтиёзли ипотека ажратилади.

Янги Ўзбекистоннинг 14 мингдан ортиқ ўғил-қизлари АҚШ, Европа, Япония, Хитой, Кореянинг етакчи олийгоҳларида таълим олмоқда. Бу ёшлар таътилда юртимиздаги вазирлик, ҳокимлик, давлат ва хусусий компанияларда амалиёт ва стажировка ўташи учун шароит яратилади. Бунинг учун бир ойда иш берувчилар ва хорижда ўқиётган талабаларни бир-бири билан боғлайдиган рақамли мулоқот платформаси ишга туширилади.

Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ҳар йили 700 га яқин ўғил-қиз дунёнинг топ олий ўқув юртларига юборилмоқда. Қолаверса, энди ёшларимиз хусусий сектор буюртмаси асосида ҳам “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олий ўқув юртларида ўқиши мумкин бўлади.

Ҳозирги вақтда йиллик айланмаси 500 миллиард сўмдан ошган ёш тадбиркорлар сони 15 нафарга, 100 миллиард сўмдан ошгани 194 нафарга, 50 миллиард сўмлик маррадан ўтганлари эса 68 нафарга етгани Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари эндиликда ёшларни муваффақиятли бизнес сари етаклайдиган янги тизим йўлга қўйилишини билдирди.

Гап шундаки, Банк-молия академияси ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича “ақл маркази” сифатида белгиланади. Бундан буён Академия тингловчилари ҳудудларда ёшлар ва тадбиркорлар билан учрашади ва тайёр бизнес-лойиҳаларни шакллантиради. Ушбу тизим камида 300 минг ёшга ўз бизнесини бошлаши учун йўл очиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг навбатдаги янги ташаббусига кўра, энди ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳокимлар “1 мингта масалага – ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳасини ишга туширади. Бунда ҳар бир раҳбар ўз тизимидаги долзарб муаммоларни очиқ платформада жойлаштириб, энг яхши ечимлар учун мукофот эълон қилади.

Бунинг учун ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғарма ташкил этади. Ушбу маблағлар ғолибларни мукофотлаш ва 20 тадан энг яхши стартапни ғоядан амалиётгача барча босқичларни молиялаштиришга сарфланади. Ёшлар агентлиги бизнес, АТ, креатив иқтисодиёт йўналишида 100 та энг яхши лойиҳани танлаб, уларга 1 миллиард сўмгача инвестиция киритади.

Қолаверса, Андижон, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Гулистон, Чирчиқ, Нурафшон, Навоий шаҳарларида ҳам умумий майдони 100 минг квадрат метр бўлган йирик АТ парклар барпо этиш бошланяпти. Булар ҳисобига 20 мингдан зиёд ўғил-қизлар учун юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Шунингдек, “Менинг биринчи компьютерим” дастури бошланади. Эҳтиёжманд оиладаги 10 минг ёшга ноутбук олиш харажатининг ярми Рақамли технологиялар жамғармасидан қоплаб берилади, қолган қисмига эса уч йилда бўлиб тўлаш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

Давлатимиз раҳбари қайд этишича, иқтидорли қизлар учун муҳандислик, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича “Муҳандис қизлар” стипендияси таъсис этилади. Янги ўқув йилидан тўланадиган ушбу стипендиялар хусусий олий ўқув юртлари талабаларига ҳам берилади.

Бугунги кунда кимё, биология, физика, математика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари 1 миллиард сўм, устозлари 200 миллион сўм мукофот олмоқда. Энди бу рағбат сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиада ғолибларига ҳам татбиқ этилади.

Бундай қамровдор имкониятлардан ҳеч бир ўғил-қиз четда қолмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз, жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бу йил “Ватан меҳри – ижтимоий ташаббуслар” танловини ўтказиб, аҳоли муаммолари бўйича энг яхши ечим берган волонтёрлар ва 50 та ижтимоий лойиҳа муаллифини тақдирлашни топширди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ижтимоий хавф гуруҳидаги болаларни қўллаб-қувватлаш учун “Қанот” лойиҳасини ишга туширади. Ушбу лойиҳа бундай ёшларни ижтимоий хизматлар, таълим, спорт, мусиқа ва санъатга йўналтириб, қайта ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади. 

Июнь ойида ўтказилган “Ёшлар ташаббуслари марафони”да йигит-қизлар томонидан илм-фан, маданият, бизнес, стартап, сунъий интеллект йўналишларида минглаб лойиҳа таклифлари илгари сурилгани эътироф этилди. Ёшлар ишлари агентлигига “Ташаббуслар офиси”ни ташкил қилиб, ҳар бир ғояни лойиҳага, маҳсулотга ва хизматга айлантириш бўйича ишларни бошлаш вазифаси юкланди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз бошқа соҳалар қатори нуфус жиҳатидан ҳам, меҳнатга лаёқатли ёшларнинг кўплиги нуқтаи назардан ҳам катта давлатга айланмоқда. Юртимиз аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилиши кутилмоқда.

Ёшларимизга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Шу маънода, айни масаланинг ечими ҳам мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилишни тақозо этди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ёшларга ғамхўрлик масаласида ўз зиммасига ғоят муҳим мажбуриятларни олгани алоҳида диққатни тортади. Энг асосийси, мазкур конституциявий нормалар нафақат Ўзбекистон ёшлари манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Ёш авлод ҳақида ғамхўрлик кўрсатилар экан, аввало улар бизнинг таянчимиз ва эртанги келажагимизнинг давомчилари эканлиги, ёшларга оид қонунчилик тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш қулай ҳуқуқий ва ташкилий иқтисодий имкониятлар барпо қилиш, уларнинг касб-ҳунар ўрганишлари, меҳнат қилишлари, эркин ижод қилишлари учун барча шароитларни яратиш ишлари диққат марказимизда туради.

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи келажак авлодга, юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қаралаётгани бежиз эмас.

Шундай қилиб,  ҳақиқатан ҳам, энди бутун дунёда давлатлар ўз ҳудуди билан эмас, билими билан, аҳоли сони билан эмас, технологияси билан, табиий бойликлари билан эмас, айнан инсон капитали билан рақобатга киришмоқда. Бошқача айтганда, ер юзида билим, илм-фан ва тафаккур маҳсули бўлган янги “Билимлар иқтисодиёти” ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.

Янги Ўзбекистон ёшлари ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканини унутмасликлари даркор. Зеро, Президентимиз юз карра ҳақ: “Ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир!”

Шундай экан, аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, бугунги навқирон авлодларимиз Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган шундай забардаст куч бўлмоқликлари фарзу қарздир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech