Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА БЕШИНЧИ САМАРҚАНД ФОРУМИДАН – БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИ РАСМИЙ ҲУЖЖАТИГАЧА

Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг институционал эволюциясига назар ташланса, мазкур халқаро платформа ўтган давр мобайнида глобал миқёсдаги долзарб масалаларни тизимли таҳлил қилишнинг барқарор механизмига айланганини кўриш мумкин. Форумнинг асослари 2017 йил сентябрь ойида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида инсон ҳуқуқлари бўйича глобал кун тартибидаги масалалар юзасидан мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган доимий фаолият юритувчи халқаро майдонни Самарқандда ташкил этиш ташаббусини илгари сурганида қўйилган.

Шундан буён, дастлаб 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форумида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумий глобал чақириқлар кўриб чиқилган бўлса, кейинги босқичларда соҳавий-тематик йўналишлар устуворлик касб этди: 2020 йилдаги II Самарқанд форуми ёшлар ҳуқуқларига, 2022 йилдаги III Форум инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга, 2024 йилдаги IV Форум эса экологик инқироз ва иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларига бағишланди. Ушбу изчил мулоқотлар халқаро амалиётда долзарб инсон ҳуқуқлари кун тартибини илгари суришнинг ўзига хос “Самарқанд анъанаси”ни шакллантирди.

 Шу нуқтаи назардан, аввалги форумларнинг концептуал йўналишлари ва эришилган натижалари фонида навбатдаги — V Самарқанд форумининг ўзига хос мазмун-моҳияти, асосий хусусиятлари ҳамда уни олдинги босқичлардан фарқловчи асосий жиҳатларини илмий-қиёсий таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.

 Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми жорий йилнинг 28–29 сентябрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал ҳамкорлик” мавзусида бўлиб ўтди. Форум глобал меъёрий эволюция ва миллий институтционал тараққиётнинг туташув нуқтасида бўлиб ўтгани жуда муҳим.

Хусусан, 2026 йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллиги нишонланиши тадбирнинг асосий моҳиятини шакллантирди. Қуролли низолар, иқлим ўзгариши ва сунъий интеллект каби янги глобал хатарлар шароитида мазкур Форум халқаро мажбуриятларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш, амалга ошириш, ҳисобдорлик ва мониторинг бўйича миллий механизмлар салоҳиятини ошириш ҳамда глобал бирдамликни мустаҳкамлаш бўйича нуфузли илмий-амалий платформа вазифасини ўтади.

   Форумда қуйидаги мақсадларни амалга ошириш кўзда тутилди:

1)    Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг амалга оширилишидаги прогрессни баҳолаш;

2)    халқаро инсон ҳуқуқлари тизимини мустаҳкамлаш ҳамда умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари меъёрларининг самарали бажарилишини илгарилаш бўйича мулоқотни ривожлантириш;

3)    замонавий ва янги пайдо бўлаётган инсон ҳуқуқлари чорловларига, жумладан рақамли трансформация, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши, демографик тенденциялар, миграция ва гуманитар инқирозлардан келиб чиқадиган масалаларга жавоб бериш бўйича амалий-сиёсий тавсияларни ишлаб чиқиш;

4)    миллий ижро механизмларини, шу жумладан бажариш, ҳисобот бериш ва кейинги чоралар кўриш бўйича миллий механизмларни (NMRF), инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ҳамда бошқа тегишли манфаатдор томонларни кучайтириш;

5)    ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, академик доиралар ва фуқаролик жамияти ўртасида билим, тажриба ва илғор амалиётлар алмашинувига кўмаклашиш;

6)    2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш кун тартиби доирасида ривожланиш ҳуқуқини барқарор, инклюзив ва инсон манфаатларига йўналтирилган ривожланишнинг ажралмас таркибий қисми сифатида илгарилаш;

7)    глобал инсон ҳуқуқлари чорловларига мувофиқлаштирилган жавоб чораларини қўллаб-қувватлаш ва самарали кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун халқаро ҳамкорлик ҳамда шерикликни кучайтириш;

8)    инсон ҳуқуқлари соҳасидаги келажакдаги халқаро ҳамкорликнинг умумий стратегик нигоҳи сифатидаги Форумнинг “Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал ҳамкорлик”  якуний ҳужжатини тайёрлаш ва қабул қилишга ҳисса қўшиш.

Шу мақсадларни амалга ошириш учун Форумда “Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал ҳамкорлик” номли якуний ҳужжати қабул қилинди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, “Самарқанд нигоҳи — 2040” якуний ҳужжати инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий концептуал ёндашувларни минтақавий ва глобал даражада умумлаштирувчи муҳим дастуриламалдир.

Мазкур ҳужжатнинг энг муҳим ютуғи ва халқаро майдондаги юксак эътирофи – унинг Ўзбекистон Республикасининг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили тақдимотига асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси расмий ҳужжати сифатида эълон қилиниши ҳамда 2026 йил 20 октябрда А/81/444 тартиб рақами билан БМТнинг расмий ҳужжатлар реестрига киритилганлигидир. Ушбу мақом илгари сурилган ташаббусларни соф минтақавий доирадан чиқариб, БМТга аъзо барча давлатлар ва халқаро институтлар учун расмий маълумот ҳамда амалий мулоқот асоси даражасига кўтарди.

Ҳужжатнинг илмий-назарий аҳамияти инсон ҳуқуқларига фақат меъёрий-декларатив мажбуриятлар мажмуи сифатида эмас, балки барқарор тараққиёт, ижтимоий адолат ва хавфсизликнинг фундаментал шарти сифатида қаралишидадир. Унда «Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойилига таянган ҳолда, меъёрларни қоғозда қолдирмасдан фуқароларнинг кундалик ҳаётида тўлақонли таъминлаш механизмлари илгари сурилганлиги ғоятда аҳамиятли.

Айниқса, ҳужжатда XXI асрнинг энг долзарб глобал чақириқлари — сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида шахсий дахлсизликни ҳимоялаш, ахборот тенглигини таъминлаш, шунингдек, Орол денгизи инқирози мисолида экологик адолат ва иқлим ўзгаришини инсон ҳуқуқлари призмаси орқали кўриб чиқиш каби масалалар тизимли тарзда асослаб берилган. Ҳужжат қуйидаги масалалар бўйича стратегик устувор йўналишларни белгилайди:

  • инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини мустаҳкамлаш;

  • ривожланиш ҳуқуқини умуминсоний ҳуқуқ ва барқарор ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи омили сифатида илгарилаш;

  • Бажариш, ҳисобот бериш ва кейинги чоралар кўриш бўйича миллий механизмларни (NMRF) ҳамда бошқа миллий ижро тузилмаларини кучайтириш;

  • барқарор, инклюзив ва инсон манфаатларига йўналтирилган ривожланишга интеграциялашган, инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувларни илгарилаш;

  • халқаро ҳамкорлик, глобал бирдамлик ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш.

“Самарқанд нигоҳи – 2040" ҳужжати келгуси ўн йилликларда умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари механизмларини татбиқ этиш ва халқаро ҳамкорликни илгарилашда ҳукуматлар, БМТ тизими, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда бошқа манфаатдор томонлар учун стратегик йўналтирувчи асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Ҳужжат янги мажбурий халқаро-ҳуқуқий нормалар юкламасдан, балки мавжуд конвенциялар ва мажбуриятларни миллий амалиётга самарали интеграция қилишга йўналтирилган “юмшоқ ҳуқуқ” (soft law) инструменти вазифасини ўтайди. Самарқанд форумини доимий мулоқот майдонига айлантириш, Рақамли ҳамкорлик платформасини жорий этиш ҳамда 2026–2040 йилларга мўлжалланган ихтиёрий “йўл харитаси»ни шакллантириш таклифлари жараёнларни узоқ муддатли мониторинг қилиш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришнинг яхлит амалий механизмини яратади.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,  академик Акмал Садиов таъкидлаганидек, “Самарқанд нигоҳи – 2040” якуний ҳужжати – инсон қадр-қиммати ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ривожланишга кўмаклашиш мақсадида халқаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилайди”.                                      

 

Саидислом НУРИДДИНОВ,

Саидакмал МАМАСОЛИЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази амалиётчилари,

Тошкент давлат юридик университети талабалари

Nashr sanasi 06.11.2026 Ko'rishlar 79
Ulashish