Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Талабаларга фуқаросизлик ва халқаро ҳимоя соҳасидаги стандартлар ҳақида тушунча берилди

18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида олий таълим муассасалари талабалари учун «Фуқаросизлик ва халқаро ҳимоя соҳасидаги халқаро стандартлар» мавзусида маъруза бўлиб ўтди.

Тадбир Миллий марказ ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг 2026 йилга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси доирасида ташкил этилди. Унда Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси талабалари ҳамда курсантлари иштирок этди.

Маърузани

БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳимоя масалалари бўйича ёрдамчи ходими Балжан Ошакбаева ҳамда етакчи ҳуқуқий эксперти Мейрам Раҳимбеков тақдим этди. Асосий эътибор талабаларни фуқаросизлик ва халқаро ҳимоя соҳасидаги халқаро стандартлар билан таништириш ҳамда уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимини оширишга қаратилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 15-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқи бошқа ҳуқуқларни амалда рўёбга чиқариш учун асос бўлиши қайд этилди. Фуқароликни олишнинг асосий усуллари, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган асослар кўриб чиқилди.

Тингловчиларга фуқаролиги бўлмаган шахс, фуқаролиги аниқланмаган шахс ва фуқаросизлик хавфи остидаги шахс тушунчаларининг фарқи тушунтирилди. Паспортнинг йўқлиги ҳали фуқаросизликни англатмаслиги, фуқаролиги аниқланмаган шахс мақоми эса текширувнинг оралиқ натижаси бўлиб, якуний ҳуқуқий мақом ҳисобланмаслигига эътибор қаратилди.

Фуқаросизликнинг сабаблари кўриб чиқилди. Хусусан, давлатлар ворислиги, қонунчиликдаги бўшлиқ ва коллизиялар, камситиш, фуқароликдан маҳрум этиш, туғилишни қайд этмаслик ва ҳужжатларнинг йўқлиги каби омиллар таҳлил этилди.

1954 йилги Фуқаролиги бўлмаган шахслар мақоми тўғрисидаги конвенцияда бундай шахсларга муносабатнинг минимал стандартлар белгиланган бўлса, 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенция эса туғилишда ва ундан кейин фуқаросизликнинг олдини олувчи кафолатларни назарда тутади. Маърузачилар фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини эътироф этиш фуқароликни автоматик тарзда беришни англатмаслигига эътибор қаратдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг БМТ Бош Ассамблеяси расмий ҳужжати сифатида эълон қилинган «Самарқанд нигоҳи – 2040» якуний ҳужжати ҳақида ҳам фикр юритилди. Бинобарин, унда 2040 йилга қадар фуқаросизлик ҳолатларини сезиларли даражада қисқартиришга интилиш ифода этилган.

Маъруза давомида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 14-моддасида кўзда тутилган бошпана излаш ҳуқуқи ва жорий йилда 75 йиллиги нишонланаётган 1951 йилги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенция ҳақида сўз борди. Қочоқ тушунчаси, мажбуран қайтариб юбормаслик тамойили, қочоқларнинг ҳуқуқлари, шунингдек, 1967 йилги Протокол билан қочоқ тушунчасидаги вақт ва географик чекловлар олиб ташлангани ҳақида маълумот берилди.

Маърузачилар БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг мандати ва фаолиятига ҳам атрофлича тўхталдилар. Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда дунёда мажбуран кўчирилган шахслар сони 65 миллиондан 117,2 миллионга етиб, қарийб икки баробар ошган, 4,5 миллионга яқин киши эса фуқароликка эга эмас.

Маъруза Миллий марказ ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан шу ҳафтада ўтказилган ўқув тадбирлари туркуми доирасида ўтказилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 19.11.2026 Ko'rishlar 260
Ulashish